Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 03:19

Бўш қоп тик турмайди


Кузатувчиларга кўра¸ ўзбек матбуотида жиноят хроникасининг жонланиши¸ мамлакатда жиноятчилик кўламли ошганининг билвосита тасдиғидир.
Кузатувчиларга кўра¸ ўзбек матбуотида жиноят хроникасининг жонланиши¸ мамлакатда жиноятчилик кўламли ошганининг билвосита тасдиғидир.

Маҳаллий кузатувчиларга кўра¸ Ўзбекистонда одам ўғирлаш, банкларни тунаш, автомашиналарни олиб қочиш каби мамлакатда кейинги ўн йил давомида деярли учрамаган жиноятлар сони кун сайин ортиб бормоқда.

Навоий шаҳар Ички ишлар бошқармаси ёш болани ўғирлаб, ота-онасидан 100 минг АҚШ доллари миқдорида товон пули талаб қилган шахсни қўлга олди. Бу ҳақда ўтган ҳафта Регнум ахборот агентлиги Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигидаги манбага таяниб, хабар қилди.

Андижон вилояти ҳокимлигининг расмий “Андижоннома” газетаси қирғизистонлик бир аёлнинг Андижондаги танишлари ёш боласини ўғирлаб кетиб, катта пул талаб қилганини ёзди.

Йилнинг бошида "Асака банк"нинг Самарқанддаги бўлимларидан бирига ниқоб кийган ва қуролланган уч киши бостириб кириб, бир кишини ўлдиргани ва 22 минг АҚШ доллари миқдоридаги пулни олиб ўғирлаб кетгани ҳақидаги хабарлар тарқалган эди.

Бир неча ой аввал Фарғонада ҳам "Халқ банки" шаҳобчасига босқинчилик содир этилгани ҳақда эшитган эдик.

Умуман сўнгги 10-15 йил ичида Ўзбекистоннинг кундалик ҳаётидан деярли йўқ бўлиб кетган жиноятлар кейинги пайтларда тез-тез учрайдиган бўлиб қолди, дейди тошкентлик мустақил журналист Абдураҳмон Ташанов.

-Умуман¸ жамиятдаги одамлар орасидаги узунқулоқ гаплардан ташқари оммавий ахборот воситаларида ҳам шунақа фактлар янграб қолади. Қайсидир бир куни кўзим тушган эди: Андижон вилоятида бир одамнинг боласини ўғирлаб Қирғизистонга сотиб¸ ундан пул таъма қилганлиги ва қўлга тушганлиги тўғрисида ëзишипти.

Бунақа ҳодисалар жуда кўп. Масалан¸ илгарилари машина ўғирлаш¸ одамларнинг боласини ўғирлаб пул талаб қилиш ҳолларини кам кўрар эдик. Бу нарсалар секин-секин кўпаймоқда. Фирибгарлик¸ товламачилик¸ мансабни суиистеъмол қилиш кундан-кунга ўсиб бораяпти, дейди мустақил журналист.

Яна бир суҳбатдошимиз тошкентлик собиқ ўқитувчи Шавкат ака ҳам кейинги пайтларда Ўзбекистон учун “ноёб” бўлиб кетган жиноятларнинг қайта урчиëтганини айтади.

- Мана¸ масалан¸ ҳозир Ўзбекистон Миллий академик драма театри актрисаси Саида Раметованинг ўғли Азиз Раметовнинг машинасини ўғирлаб кетишганмиш. Газетада ҳам чиқипти бу. Телевизорда ҳам қисқа-қисқа маълумот бераяпти. Демак¸ бу нарса бор. Ҳар бир жирканч жамиятда бу нарса бўлади, дейди Шавкат ака.

Ўзбекистон Бош прокуратураси Навоий ёки Андижондаги бола ўғирлиги ва умуман мамлакатда жиноятлар кўлами ошаётганига оид хабарларни тасдиқламади.

Халқаро молиявий бўҳрон оқибатида иқтисодий инқирозга учраётган мамлакатларда жиноятчилик кўлами ортиб бормоқда ва Ўзбекистон ана шундай мамлакатлардан биридир¸ дейди Абдураҳмон Ташанов.

- Иқтисодий қийинчилик¸ қонунсизлик¸ коррупция – булар бир-бирини келтириб чиқарадиган омиллар. Масалан¸ коррупция бўлгандан кейин иқтисодий танглик ўз-ўзидан келади. Ëки дейлик иқтисодий танглик бўлса¸ шу шароитда коррупция ривожланади. Ўзбекистонда бу омилларнинг ҳаммаси бор, дейди Ташанов.

Унинг айтишича, бугунги кунда рейдерлик, яъни молиявий ва сиёсий жиҳатдан нуфузли гуруҳлар томонидан корхона ва ширкатларни зўравонлик билан тортиб олиниши ҳоллари, айниқса, авж олмоқда.

- Мамлакатда ҳукумат билан бирлашиб кетган авторитет системалар бор. Масалан¸ Мурод ака деган кишининг турклар билан биргаликда очган “Истарафшан” деган ресторан-кафеси бор эди. Ўшани Зеромакс тепасида ўтирган одамлар бошида “сотгин” деб сўрашган. У сотмагандан кейин давлатнинг лойиҳаси билан буздириб юбориб¸ ўша жойни тортиб олишди. Бу ЎзА биноси ўрнида қурилаëтган бино тўғрисидаги муҳташам бир жой эди.

Яна биттаси¸ Фарғонадаги ғишт заводи блан боғлиқ. Буни Ўзбекистон ҳукумати раҳбарларидан бири тортиб олаëтгани тўғрисида
ҳозир бизга шикоят тушган. Ўзбекистонда бунақа ҳодислар жуда кўп. Айниқса¸ рейдерлик жуда кўп¸ дейди Абдураҳмон Ташанов.

Ўзбекистонда 90-йиллар ўрталарида жиноий гуруҳларга қарши қаттиқ кураш олиб борилгани туфайли асосан уюшган жиноий гуруҳлар томонидан содир этиладиган рейдерлик, автомашина ўғирликлари, рэкет, босқинчилик ва шунга ўхшаш жиноятлар деярли йўқ қилинган эди.

Мамлакат қонунларига кўра¸ бундай жиноятлар учун қаттиқ жазо берилишига қарамасдан, уларнинг кўлами ортаётганига, иқтисодий инқирознинг Ўзбекистондаги шундоқ ҳам қийин турмушни янада кескинлаштираётгани сабаб бўлмоқда, дейди суҳбатдошларимиз.

Тошкентлик Шавкат ака гапиради.

- Бунинг сабабини¸ ҳеч иккиланмасдан¸ жаҳонда рўй бераëтган молиявий инқироз¸ дейиш мумкин. Маълум бир гуруҳлар ўз ҳолича ҳаракат қилади. Уларга ҳам барибир тирикчилик керак.

Ҳамма ëқда инқироз бўлгандан кейин улар ҳам чўнтагини бўшатиб юришни хоҳламайди. Бўш қоп тик турмайдию. Барибир ўғирликка қўл уради¸ тунашга қўл уради. Ҳаëт бунга мажбур қилади, дейди собиқ ўқитувчи Шавкат ака.
XS
SM
MD
LG