Линклар

Европа иқтисоди пастга кетмоқда

  • Барно Анвар

Eвропа мутасаддиларининг иқтисодий таназзулдан чиқишга қаратилган чоралари иттифоқ миқëсида норозиликларга сабаб бўлмоқда.

Eвропа мутасаддиларининг иқтисодий таназзулдан чиқишга қаратилган чоралари иттифоқ миқëсида норозиликларга сабаб бўлмоқда.

Европа Иттифоқи таҳлилчилари фикрича, 2009 йилнинг адоғига қадар иттифоққа аъзо давлатлар иқтисоди аввал тахмин қилинганидан кўра тезроқ суръатда чўкишдан тўхтамайди.

Сўнгги башоратлар бундан тўрт ой муқаддам Европа комиссияси эълон қилган тахминлардан кўра ҳам хавотирлироқ янграмоқда.

Эндиликда коммисия экспертларининг айтишича, 27 давлат аъзо бўлган Европа Иттифоқи ва 16 давлат аъзо бўлган евроҳудудда иқтисодий кўрсаткичлар сурати 4 фоиздан кўпроққа қисқариши мумкин. Бу эса январ ойида тахмин қилинганидан икки баробарга кўпдир.

Январ ойида экспертлар Европа Иттифоқида иқтисодий ўсиш суръати 1,8 фоизга, евроҳудудда эса 1,9 фоизга пастлашини тахмин қилган эди.

Агар янги иқтисодий тахминлар рўёбга чиқса, иттифоқ ҳудудида 2009 йилдан 2010 йилга қадар 8 ярим миллион иш ўрни йўқолади.

Европа Иттифоқининг Иқтисодий ва молиявий масалалар бўйича коммиссари Жакуин Алмуния бу рақамларни Брюсселдаги матбуот анжуманида тақдим қилди.

- 2010 йилгача ишсизлик кўрсаткичининг Европа Иттифоқининг 27 давлатида 11 фоизга, евроҳудудда эса 10,9 фоизга қадар ўсиши кутилмоқда, деди Европа иттифоқи расмийси.

Алмуния Европа иқтисоди юзлашадиган жиддий қийинчиликлар кўлами ҳақида ҳам гапирди.

- Молиявий бўҳроннинг кучайиши ва глобал савдонинг кескин даражада қисқариши Европа иқтисодини иккинчи жаҳон урушидан буён кузатилмаган чуқур жарликка тортиб кетади, деди Европа Иттифоқининг Иқтисодий ва молиявий масалалар бўйича комиссари Жакуин Алмуния.

Иттифоқ расмийларига кўра, ишлаб чиқариш ва экспорт соҳаси жуда оғир аҳволда. Дунё бўйлаб талабнинг қуриб бораётгани боис¸ йил охирига қадар евроҳудуддаги экспорт ҳажмининг яна 13 фоизга қисқариши тахмин қилинмоқда.

Европа комиссияси кейинги йилга бирозгина бўлса жонланиш бўлишини кутмоқда. Аммо, бунинг учун банк соҳаси ҳозирданоқ ўз тизимини соғломлаштиришни бошлаши шарт.

Бунинг учун эса Европа ҳукуматлари тезлик билан банкларнинг қайтарилмас қарзлари муаммосини нейтраллаштириши ва зарур даражада банкларнинг низом капиталини қайта тиклаши керак.
XS
SM
MD
LG