Линклар

Курдлар Петровкадан ҳайдалмоқда


Петровкалик курд оқсоқоллари битта жиноятчи учун бутун элни жавобгар қилиш адолатдан эмаслигини таъкидламоқдалар.

Петровкалик курд оқсоқоллари битта жиноятчи учун бутун элни жавобгар қилиш адолатдан эмаслигини таъкидламоқдалар.

Бишкек яқинидаги Петровка қишлоғининг қирғиз ва рус аҳолиси 4 май куни ўтган қишлоқ йиғинида этник курдларни бу ҳудуддан кўчириш тўғрисидаги талабларидан воз кечмасликларини билдирдилар.

Петровка қишлоғида 26 апрел куни руслар ва қирғизлар этник курдлар билан миллий низога киришган, бу оммавий тартибсизликда мингдан ортиқ одам иштирок этган эди.

Чуй вилоятининг Москва туманида жойлашган Петровка қишлоғида 110 та этник курд оиласи яшайди.

Петровкаликлар қишлоқдан курдларнинг 50 оиласи кўчирилишини талаб қилмоқдалар.

4 май куни ўтган қишлоқ йиғинида петровкаликлар бу талаблари бажарилмаса, 10 май куни курдларга қарши намойишларини давом эттиришларини билдирганлар.

Петровка қишлоғидаги қирғиз ва рус аҳолисининг бу талабини Москва туман ҳокими Қувоничбек Сийданов ҳам қўллаб-қувватлашини айтди:

- Курд эли бу қишлоқда яшаётган қирғиз ва русларни жонидан тўйдирди. Ҳаддидан ошиб кетишди. Мен 100 фоиз мана шундай фикрларга қўшиламан.

Мана ҳозир йиғинда курдлар, жумладан, уларнинг оқсоқоллари ҳам ўтирибди. Халқнинг дардини эшитинглар! Нега энди сизлар қирғиз ва русларни бу аҳволга келтирдинглар? Жавоб беринглар, деди Москва тумани ҳокими 4 май куни ўтган Петровка қишлоғи йиғинида¸ дейди Қувоничбек.

Бироқ петровкалик этник курдлар масаланинг бу тарзда кўндаланг қўйилишига норозилик билдирдилар. Уларга кўра, қишлоқдан курдларни оммавий тарзда кўчириш талаби асоссиздир.

Курд оқсоқоллари йиғин иштирокчиларидан қишлоқдан фақат безорилик, наркотик моддалар сотиш ва бошқа қонунбузарликларни содир этган курд оилаларинигина кўчириш тўғрисида қарор қабул қилишни илтимос қилдилар.

Бироқ курд оқсоқолларининг бу илтимослари кўпчилик йиғин иштирокчилари томонидан қабул қилинмади.

- Биз курдлар шу ерда туғилиб, шу ерда ўсганмиз. Орангизда кимларга биз ёмонлик қилдик, айтинглар? Нима ёмонлик қилдик? Биз бу ердан кетиб қаерга борамиз? деди йиғинда сўзга чиққан курд оқсоқолларидан бири.

Петровкадаги қишлоқ йиғинида парламент депутатлари, ҳукумат вакиллари ва ҳуқуқ ҳимоячилари ҳам иштирок этдилар.

Йиғинда иштирок этган Қирғизистон Омбудсмени Турсунбек Ақун қишлоқ аҳолисининг курд оилаларини қишлоқдан кўчириш талаби ва бу талабга туман ҳокимининг ҳам қўшилиши ноқонуний ҳамда халқаро меъёрларга зид эканини айтади.

- Депутатлар билан бу масалани муҳокама қилдик. Ҳар икки тараф вакиллари билан ҳам учрашдик. Хулоса шуки, бу қишлоқда яшовчи қирғизлар, руслар ва курдлар муаммони ўзаро музокараларда ҳал қилишлари лозим.

Қишлоқ аҳолиси айблаётган курд оилалари гуноҳларини тан олсалар ва ўз ихтиёрлари билан қишлоқдан кўчиб кетсаларгина муаммо қонуний йўл билан ҳал этилган бўлади. Курдларни мажбурий тарзда кўчириш ва бу мажбурий кўчиришга ҳукумат тузилмаларининг аралашуви ноқонунийдир, деди Турсунбек Ақун.

Унинг айтишича, маҳаллий аҳоли томонидан безорилик ва бошқа ноқонуний ҳатти-ҳаракатларда айбланган бешта курд оиласи Петровка қишлоғидан кўчиб кетган. Лекин бу оилаларни бошқа қишлоқлар ва шаҳарларда ҳам қабул қилишмаяпти.

- Шу кунларда Петровкадан кўчиб кетган курд оилалари Чуй вилоятининг курдлар яшовчи бошқа қишлоқларига бошпана излаб борганлари, лекин бу ҳудудлардан ҳам уларнинг ҳайдаб чиқарилгани тўғрисида маълумотлар бор, деди Турсунбек Ақун.

Қирғизистонлик ҳуқуқ ҳимоячилари ва қирғиз парламентининг айрим депутатлари Петровка қишлоғида 26 апрел куни бўлиб ўтган миллий низо ҳуқуқ-тартибот тузилмаларининг ўз ишига совуққонлиги туфайли содир бўлган, деб ҳисоблайдилар.

Оммавий тартибсизликларга Петровка қишлоғида яшовчи курд йигитларидан бирининг рус миллатига мансуб 4 яшар қизчани зўрлагани сабаб бўлган.

Москва туман ҳуқуқ-тартибот тузилмалари бу ҳақда 6 апрел куни хабар топганлар. Аммо бу жиноятни содир этган шахснинг исми аниқ бўлса ҳам, уни қамоққа олмаганлар, аксинча воқеани бости-бости қилишга ҳаракат қилганлар.

Қирғизистон Бош прокуротураси тарқатган маълумотда айтилишича, бу борада Москва туман прокуратураси ва милицияси раҳбарларига нисбатан жиноят иши очилган.
XS
SM
MD
LG