Линклар

Тбилиси ҳарбий тўнтариш фош этилганини билдирди


Грузия ҳукумати мамлакатда ҳарбий тўнтариш содир этиш уриниши фош этилганини эълон қилди.

Грузия Мудофаа вазири Давид Сикхарулидзенинг айтишича, ҳарбий тўнтариш режаси Тбилиси яқинидаги базада ишлаб чиқилган. Вазирга кўра, исёнчилар чоршанба куни Грузияда бошланиши кутилаётган НАТО ҳарбий машқларини бузишга уринган.

Грузия Ички ишлар вазирлиги матбуот вакили Шота Утиашвили фитнага алоқадорликда гумонланиб¸ бир шахс ҳибсга олинганини билдирди. Тбилиси дарҳол Россияни ушбу ҳаракатларга алоқадорликда айблади.

Россиянинг НАТОдаги доимий вакили Дмитрий Рогозин Интерфакс билан суҳбатда Грузия иддаоларини сафсата дея таърифлади ва НАТО Грузиядаги ҳарбий машқларни бекор қилиши лозим, деган фикрни билдирди.

НАТО 6 майдан бошлаб 1 июнга қадар Грузияда кенг кўламли ҳарбий машқлар ўтказади. Айни пайтда Россия НАТО режасига кескин қаршилик билдириб келмоқда.
XS
SM
MD
LG