Линклар

Ўзбек Жиммиси Боймурод бой бўлиш муродида

  • Абдулла Искандар

Шуҳрат сўзи нималигини билмайдиган ўзбек Жиммиси шуҳрат эмас¸ пул топиш орзусида эканини кўп ҳам яширмайди.

Шуҳрат сўзи нималигини билмайдиган ўзбек Жиммиси шуҳрат эмас¸ пул топиш орзусида эканини кўп ҳам яширмайди.

Ўзбек Жиммиси¸ ўзбек Сюзан Бойли¸ Кулбадан чиққан янги миллионер. Панжлик ўзбек чўпони Боймуроднинг челак чалиб " Диско раққоси" киносидаги Жимми ашуласини айтгани интернетга чиқдию¸ асл исми қолиб у ана шундай от чиқарди.

Ўтган асрнинг 70- йилларида Ўзбекистон ойнаи жаҳонида “Марҳабо талантлар” деган кўрсатув бўлгич эди.

Талантлар мусиқа даргоҳлари ва театр саҳналарида эмас¸ балки оддий одамлар¸ оддий ишчи-хизматчилар орасида¸ деган собит фикр бор эди ўшанда.

Ўша пайт мафкурасининг бу истагини амалга ошириш учун мусиқачилар колхозга кетмончи қилиб ишга олинар эди.

Ўзбекфильмда суратга олинган “Дилбарим” кинофильмида бу ҳолат ҳажв қилинади.

Айни киностудияда суратга олинган “Мафтунингман” фильмида эса оддий тракторчининг катта ҳофиз каби қўшиқ айтгани гавдалантирилади.

Бугунга келиб¸ шўро мафкурасининг “санъат ишчилар орасида” деган мафкураси тарих токчасидан жой олди.

Бир пайтлар ўзбек колхозларида кетмон чопиб¸ трактор ҳайдаган меҳнаткашлар "қайдасан Россия" дея¸ мардикорликка чиқиб кетишди.

Аммо собиқ совет маконида капитализм қадриятлари жавлон ураëтган бир пайтда¸ эски шўро ғояси кундалик ҳаëтда ижобат бўлгандай.

Мардикорлар ичидан ëзувчи ва ҳофизлар етишиб чиқа бошлади.

Владимир бозорида жинси иштон сотадиган Ҳожарбиби Сиддиқова ëзган роман Россияда қўлма-қўл бўлди.

Санкт-Петербургга пул ишлаш учун Хоразмдан келган Ихтиëр Россия поп саҳнасида ашула айта бошлади.

Кейинги кунларда эса “Диско раққоси” ҳинд фильмининг эркагу аëл қаҳрамонлари қўшиқларини Россияда айтаëтган ўзбек мардикори Боймурод Оллобердиев номи тилга тушди.

38 яшар ўзбек мардикори Боймурод Оллобердиев ҳикояси “Мафтунингман” фильмидаги тракторчидан чиққан саҳна юлдузи Шариф Жуманиëзовни эслатди.

Фарқ битта - “Мафтунингман” киноси уйдирма¸ Боймурод Оллобердиев ҳикояси эса ҳақиқат. Ҳақиқат бўлганда ҳам бугуннинг аччиқ ҳақиқати.

Ўтган асрнинг 80-йилларида Боймурод қишлоқ кинотеатрида “Диско раққоси” фильмини кўриб қолди. Кўрди¸ кўрганда ҳам такрор ва такрор кўрди. Бу фильм оддий йигит Боймурод дунëсини остин-устин қилди.

Колхоз қўйларини боқиб юрар экан Боймурод атрофдаги рангсиз дунëда эмас¸ балки тасаввуридаги рангин¸ жилвакор дунëда яшар ва "жимми-жимми'¸ дея куйлар эди.

Атрофда Совет иттифоқи деган улкан мамлакат йўқ бўлди. Боймурод яшаëтган Тожикистон фуқаролар уруши алангаси ичида қолди. Муҳтожлик боис¸ иш ва нон излаб суринганлар оқими Қозоғистонга¸ Россияга ва ундан нарига йўл олди.

Боймурод учун вақт “Диско раққоси” деб аталган жоду фильм доирасида тўхтаб қолгандай эди.

“Мафтунингман” фильмида оддий тракторчи йигит кинокамера нигоҳига тушиб¸ эстрада юлдузига айланади. Қаҳрамонимиз Боймурод ҳаëтини ҳам камера буткул ўзгаририб юборди.

Россиядаги иш жойида Боймурод дераза рахини ноғора қилиб чалиб¸ ҳиндча ашула айтаëтган пайтида¸ кимдир буни қўл телефонига суратга олиб интернетга илиб қўйди. www.youtube.com порталидаги кичкина лавҳани қисқа давр ичида минглаб томошабинлар кўрди. Asian Dub Foundation мусиқа гуруҳи Боймуродга концерт олдидан ўз талантини намойиш қилиш имконини берди.

Дўстларим суратга олувди¸ дейди Боймурот.

- Уни арман дўстларим суратга олган эди. Бу Худонинг бир бериши¸ дейди Боймурод.

Худонинг xоҳиши билан мен айтган қўшиқлар ўз ихлосмандларини топди¸ дейди Боймурод.

- Ҳаммаси яхши бўлаяпти. Мен шу ерда одам бўлдим. Мен ўзим Тожикистонда туғилганман. Миллатим ўзбек. Мен 10-синфни тугатганимдан кейин қаерда ҳинд киноси қўйилса¸ бориб томоша қилар эдим. Ҳиндистоннинг Бомбей шаҳрига боришни орзу қиламан.

Мусиқа конкурсларида Ўзбекистонда биринчи¸ Россияда иккинчи ўрин бўлдим. Микрофонга айтганимда товуш ўзидан ўзи келди. Бу Худонинг берган касби экан¸ дейди Боймурод.

“Мафтунингман” кинофильмидаги колхоз раиси тракторчи Шарифнинг ишдан қолиб қўшиқ айтишини истамайди.

Қаҳрамонимиз Боймурод ҳам Москва вилоятидаги савдо марказида юк ташувчи бўлиб ишлайди. Унинг қўшиқ айтишга фақат ҳафтада бир кун имкони бор, холос. Боймуродни иш билан таъминлаëтган Артак исмли армани йигит ҳам “Мафтунингман” фильмидаги колхоз раиси каби фикрлайди.

- Биласизми¸ Жимми яъни Боймурод балки юлдуздир¸ аммо у менинг қўлимда ишлайди. Олдин ишини қойиллатиб қўйсин¸ кейин қўшиқ айтадими¸ рақсга тушадими, менга барибир. Қўшиқчи сифатида қандай эканлигини билмайману¸ аммо ишчи сифатида анча танбал йигит¸ деб ëзғирди Артак.

Боймурод ишини тугатган пайтини пойлаб яна қўнғироқ қилиб,унинг режаларини сўрадик.

- Ишдан ҳозир чиқаман¸ кийинаяпман. Мен кичкиналигимдан бери мусиқачи бўлиб келаяпман. Мактабни битиргач¸ ўзимча мусиқа билан шуғулланиб юрдим. Уйда ҳозир ўзим репитиция қилаяпман¸ дейди Боймурод.

Asian Dub Foundation гуруҳининг концертида Боймурод челакни данғилатиб куйлаган эди. Бундан олдин у россиялик мухбирга¸ "Ягона орзуим¸ синтезатор сотиб олиш"¸ деб айтган эди.

Бугунга келиб¸ унинг орзулари ушалди.

- Ҳозир барабаним бор. Yamaha деб номланган синтезаторим бор. Магазиндан ҳамма нарса олиб беришди¸ дейди Боймурод.

Орзу қилинган мусиқа асбоби сотиб олинди. Хўш¸ машҳурлик қандай бўлар экан¸ деб сўраймиз Боймуроддан.

Машҳурлик дегани¸ нима у - дейди Боймурод.

Машҳурлик дегани¸ ҳамма сизни танийди¸ сиз эса уларни танимайсиз¸ деб тушунтирган бўлдим суҳбатдошга. Мана мен сиз билан гаплашиб турибман¸ ҳамкасбларим сизга салом йўллашмоқда.

- Энди қуруқ салом билан нима бўлади? Салом билан чўнтакка ҳеч нарса тушмайдию. Бирор нарса олиб келишсин менга. Ҳамма салом айтади¸ ҳеч фойда йўқ.

Ҳозир уйда ейишга нон йўқ. Ҳеч нарса қолмаган. Шунга шароитим бўлмайди. Совға олиб жўнатишсин. Сизларни билмадимку¸ менинг олдимга келаëтганлар совға билан келаяпти¸ дейди Боймурод.

Айни пайтда Боймурод нафақат ўзининг¸ балки унга ошно бўлганларнинг ҳам юлдузи ярқирашига ишонади.

- Мени олиб кетган одам баракат топади¸ дейди Боймурод.

“Мафтунингман” фильмининг финалида кабриолет миниб олган қаҳрамонлар - собиқ тракторчи ва артел ишчилари ўзларининг тасвири туширилган улкан афишага ғурур билан қарашади.

Москва кўчаларида Боймурод сурати туширилган афиша ҳали йўқ¸ аммо Боймурод ҳам бир кун келиб кабриолет бўлмаса ҳам¸ Жигули кўзгусида “Боймурод - Жимми куйлайди” деган афиша акс этишига ишонади.

Фақат тақирбошлар уриб синдирган тишларим ўрнига тилла тиш қўйдирсам бўлгани¸ дейди Боймурод.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG