Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 02:01

Қатағоннинг тирик етимлари


Умрининг ўнлаб йилларини қамоқда ўтказишга маҳкум минглаб диндорлар ортида қолган болаларнинг умри асосан кутиш ва йўл қараш билан ўтмоқда.
Умрининг ўнлаб йилларини қамоқда ўтказишга маҳкум минглаб диндорлар ортида қолган болаларнинг умри асосан кутиш ва йўл қараш билан ўтмоқда.

Диний эътиқоди ва фаолияти учун қамалган минглаб тутқунлар ортида қолган уларнинг яқинлари кундалик ҳаëтини оғулаëтган изтироблар орасида жамиятнинг расмий ташвиқот остида шаклланган ола қараши ҳам бор.

Тошкентлик 23 ёшли Шаҳло Султонова ўтган йили Ҳизбут-Таҳрирга алоқадорликда айбланиб, 6 йилга озодликдан маҳрум қилинган. Унинг эри ҳам диний экстремизмда айбланиб, қамоқ жазосини ўтаётир.

Ҳозирда уларнинг Фотима исмли бир яшар қизчаси бувиси Мушарраф Худойбердиева қарамоғида.

Мушарраф опанинг айтишича, Фотима гўдаклигидан кўнгли ўксик ҳолда улғаймоқда.

- Ширингина қиз бўлган. Ҳозир катта бўлиб қолган бечора. Ота дейди¸ она дейди. Ҳам отаси, ҳам онаси қамоқда. Отаси ҳам Андижонда ўтирибди-ку. Ота-она деганда¸ овутамиз. Бошқа нима қиламиз?

“Мана даданг”, “ана онанг”, деб алдаб ўтирамиз. Ҳамма ғамхўрлик қилгани билан ҳеч ким ота-она ўрнини босмайди-ку барибир. Аллақачон ақли кириб қолган. Ҳамма нарсани билади, дейди Мушарраф Худойбердиева.

Тошкентлик Нодира опанинг эри ҳам 9 йилдан буён қамоқхонада. Нодира опа фарзандларининг тенгдошлари орасида “тили қисиқ”лигидан ўкинади.

- Мактабда ўқийдиган ўғлимга “Сенинг даданг қамоқда¸ террорист, экстремист” деб айтишганида ўғлим битта-иккита болалар билан урушиб келди. Мен ўғлимга тушунтиришга ҳаракат қилдим. Бу нарса фарзандларимнинг юрагига доғ бўлди-да.

Доимий кутиб, доимий хавф-хатарда яшайман. Қўрқув билан яшайман. Бировнинг эшик тақиллатиб келиб, хўжайиним ҳақида салбий фикр етказишидан қўрқиб яшайман, дейди Нодира опа.

Тошкентлик Фотима Муқодированинг ҳам бир ўғли диний мотивлар билан айбланиб қамалган.

Фотима опа айни пайтда қамоқдаги ўғлининг мактабда ўқиётган қизига нисбатан босимлар бўлаётганини айтади.

- Боламнинг 7-синфда ўқийдиган қизини бир ҳафта мактабга юбормадим. Рўмол ўрайди. Мактабга борса, эшикда директор бошидан рўмолини олишга ҳаракат қилган, синфда ўқитувчиси шунга ҳаракат қилган.

Болам кўзида ëш билан келди. Ўшанга бошим қотиб ўтирибди. 7-синфдан у ëғига уйда олиб ўтира қоламанми, деб ўтирибман, дейди Фотима Муқодирова.

Нодира опа диндор маҳбусларнинг барча оила аъзоларига ўзбек жамиятида яшаш оғирлигини айтиб, уларга нисбатан маҳалла ва қўни-қўшнилар томонидан бўлаётган муносабатларга тўхталади.

- Давлатнинг диндорлар борасида қилаётган туҳматига ишонган одамлар салбий муносабатда бўлишаяпти.

Шу одам ҳақида аниқ маълумотга эга, у одамнинг ҳақиқатан террорист эмаслигини билган, жамиятда яхши одам эканлигига ишонганлар яхши муносабатда бўлишаяпти, дейди Нодира опа.

Мушарраф Худойбердиева эса оила аъзолари ҳуқуқ-тартибот ходимлари томонидан босим ва тазйиқларга учраган пайтлари қўшнилар кўмагига суянганини айтади.

- Кузатиш ва бошқа шу каби ҳолатлар участка нозири ва бошқа милиция ходимлари томонидан бўлган ва бўлиб ëтибди. Қўшниларим менга ëмон муносабатда эмас. Масалан, биров пойлаëтган бўлса¸ дарров менга айтишарди. “Машина турибди, сизни кузатишаяпти”¸ деб хабар қилишади.

Маҳалладагилар менга қайишишади. Қўшниларимнинг ҳаммаси яхши. Менга ҳеч биттаси ëмон муносабатда бўлмаган. Шунча йиллардан бери тўй ëки бошқа йиғинларга мени чақиришади, дейди Мушарраф Худойбердиева.

Ҳуқуқ фаоли Улуғбек Усмонов фикрича ҳам кейинги пайтларда диндор маҳбусларнинг оила аъзоларига нисбатан одамларнинг салбий муносабати юмшаяпти.

- Ҳукуматнинг диндорларга қарши сиëсати 1998 йиллардан бошланди-ку. У даврларда пропаганда машинаси “булар душманлар” деб ишлайвергандан кейин маҳалла-кўй диндор маҳбусларнинг оиласини ҳам душманга чиқариб қўйди.

“Булар ваҳҳобийлар, фалончилар”, деб гапиришарди. Ҳозир бунақа нарсалар йўқ бўлиб қолди. Одамлар тушундими дейман...

Ҳозир тубдан ўзгарган. Маҳаллаларда ҳам уларга нисбатан муносабат жуда яхши. Маҳалладан ëрдам қилади ҳозир.

Маҳаллаларда уларнинг болаларига ëрдам пули ҳам бераяпти ҳозир. Буни ҳам тан олиш керак. Бу яхши нарса лекин, дейди Улуғбек Усмонов.

Норасмий маълумотларга кўра, бугунги кунда Ўзбекистон қамоқхоналарида 10 мингдан ортиқ сиёсий ва диний мотивлар билан айбланган маҳбуслар қамоқ жазосини ўтаётир.
XS
SM
MD
LG