Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 06:19

Собиқ ўзбек ҳарбийси қотилликда айбланмоқда


Москва шаҳар полицияси расмийси ўзбекистонлик жиноятчиларнинг ўз қурбонларини пойтахтнинг одам тиғиз жойларидан излаганини айтади.
Москва шаҳар полицияси расмийси ўзбекистонлик жиноятчиларнинг ўз қурбонларини пойтахтнинг одам тиғиз жойларидан излаганини айтади.

Россия Ички ишлар вазирлиги уч нафар Ўзбекистон фуқаросига нисбатан жиноий иш очди. Москва шаҳар Ички ишлар Бош бошқармасига кўра, улар қотиллик ва қароқчилик мақсадида чет эл фуқароларига ҳужум қилганликда айбланмоқда.

Москва шаҳар Жиноят қидирув бошқармаси матбуот хизмати вакили Вадим Колесников Озодликка пойтахтда чет эл ва Россия фуқароларига ҳужум қилиб¸ уларни талаган уч нафар ўзбекистонлик қўлга олинганини айтди.

- 2009 йилнинг феврал–апрел ойларида чет эл ва Россия Федерацияси фуқароларига қарши бир нечта қароқчилик ҳужумлари уюштирилди. Мазкур жиноятлар бўйича олиб борилган текширув жараёнида Москва шаҳар Жиноят қидирув бошқармаси ходимлари томонидан уч кишидан иборат жиноий гуруҳ борлиги аниқланди.

Улардан икки нафари Москва шаҳрининг Шимолий Медведково туманида¸ учинчи шахс¸ ватанига учиб кетаётган пайтда¸ Шереметьево аэропортида қўлга олинди, дейди Вадим Колесников.

Унга кўра, 23 яшар Илғоржон Зуфаров, 25 яшар Хуршид Холмирзаев ва 24 яшар Шуҳратжон Тўраевларга нисбатан қўйилган икки жиноят бўйича далил тўпланган.

- Биринчи жиноят, яъни, Туркия фуқароси бўлган “Форбс-Туркия” журнали мухбирига уюштирилган ҳужум бўйича айблари исботланди. Улар журналистнинг қўл телефони, ноутбук компютери, кредит картасини ўғирлашган. Зарба натижасида журналистнинг мияси чайқалган.

Иккинчи жиноят - Швейцария фуқаросига ҳужум оқибатида жабрланувчининг мияси шикастланган ва у кейинроқ оламдан ўтган, дейди Москва шаҳар Жиноят қидирув бошқармаси матбуот бўлими ходими.

Россия Ички ишлар вазирлиги маълумотига кўра, Хуршид Холмирзаев ва Шуҳратжон Тўраев пойафзал тузатиш устахонасида ишлаган. Улар Илғоржон Зуфаров билан метро станциялари, аэровокзал ва халқаро йўналишдаги темир йўл вокзалларида бўлажак нишонни излашган. Дастлаб Илғоржон Зуфаров пули борлиги тахмин қилинган шахсни уриб йиқитган¸ кейин шериклари жабрланувчини талашган.

Вадим Колесниковга кўра, ҳужум қилганлар Швейцария фуқаросига тегишли портфелни ўғирлаган. Портфелда учта қўл телефони ва жабрланувчининг шахсий буюмлари бўлган.

Колесниковнинг айтишича, ҳозирда жиноятчиларнинг ҳаммаси ушланган ва ўз айбига иқрор бўлган. Уларга Россия федерацияси Жиноят кодексининг бир нечта моддаси бўйича айбланмоқда.

- Уларга РФ Жиноят кодексининг 162-моддаси, 3-қисми ва бир воқеа бўйича 111-модданинг 4-қисмлари бўйича айбловлар эълон қилинди. Янглишмасам, бундай айбловлар бўйича кўпи билан 10 йилгача озодликдан маҳрум этиш кўзда тутилган¸ дейди Вадим Колесников.

Айни пайтда¸ Россия ҳуқуқ-тартибот органи ходимлари Илғоржон Зуфаров, Хуршид Холмирзаев ва Шуҳратжон Тўраевнинг бошқа жиноятларга ҳам алоқадор эканини тахмин қилмоқда.

Вадим Колесников қўлга олинган уч нафар ўзбекнинг бири Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги Ички қўшинларининг собиқ ҳарбийси бўлганини айтди.

- Зуфаров Илғоржон собиқ ҳарбий. У Ўзбекистон Ички ишлар қўшинларининг собиқ ҳарбийси бўлган¸ дейди Вадим Колесников.

Вадим Колесников ҳозир Москва шаҳридаги тергов изоляторларидан бирида сақланаётган уч нафар Ўзбекистон фуқаросининг иши юзасидан тергов яна икки ой давом этиши мумкинлиги ва тергов тугаганидан сўнг иш судга ошишини айтди.

Таҳлилчилар¸ иқтисодий бўҳрон сабабли¸ Россияда ишсиз қолган мигрантлар жиноятга қўл уриши мумкинлиги¸ натижада мамлакатда содир этилаётган жиноятлар сони кескин кўпайиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантириб келмоқда.

Айни пайтда, Россиядаги ашаддий миллатчилар томонидан рус бўлмаган миллатлар вакилларига қарши ҳужумлар уюштирилиши ҳам кўпаймоқда.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Москва бюроси 17 апрел куни эълон қилган статистик маълумотларга кўра, жорий йил бошидан 15 апрелга қадар Россияда ксенофобия ва миллий нафрат асосида хориж фуқароларига қарши 73та ҳужум уюштирилган.

Оқибатда 20 одам ўлган. Улардан саккиз нафари Ўзбекистон фуқароларидир.
XS
SM
MD
LG