Линклар

Грузияда НАТО ҳарбий машқлари бошланади


Грузияда бугун НАТОнинг "Тинчлик учун ҳамкорлик" дастури доирасидаги ҳарбий машқлар бошланади.

Пойтахт Тбилисига яқин Вазиани ҳарбий базасида бўладиган машқларда 3 июнгача давом этади. Унда НАТОга аъзо ўндан ортиқ давлатдан мингга яқин ҳарбий қанташади.

Россия ташқи ишлар вазирлиги вакили Жанубий Осетиядан бир неча чақирим узоқликда ўтказилажак бу машқларни "очиқча провокация" деб атаган ва улар салбий оқибатларга олиб келишидан огоҳлантирган.

НАТО машқлари арафасида Грузия ҳукумати республикада ҳарбий давлат тўнтаришини амалга ошириш фитнасини ошкор қилгани ва юқори даражали зобитнинг ҳибсга олингани ҳақида эълон қилган.

Грузиянинг "Дельта" махсус бўлими собиқ қўмондони Гия Гваладзе "ҳарбий қўзғолон кўтариш ва Россия махсус хизматлари билан алоқаларда айбланмоқда".

- Вазирликдаги маълумотга кўра, давлат тўнтаришининг ташкилотчилари мудофаа вазирлигининг собиқ нуфузли ходимлари бўлиб, улар Россия махсус хизматлари билан алоқаларга эга бўлганлар, деди Грузия Ички ишлар вазирлиги расмийси Шота Утиашвили.

Шунингдек, Грузия расмийлари фитначиларнинг Россия билан бевосита алоқаси бўлганлиги ҳамда улар Россиядан буйруқ ва молиявий ёрдам олиб турганини ҳам билдиришди. Грузия президенти Михаил Саакашвили буни миллат хавфсизлиги учун жиддий таҳдид, деб атади.

- Албатта, буни жиддий таҳдид, деб ҳисоблаймиз. Лекин бошқа томондан бу ягона ҳодисадир, фитна бошқа ҳарбий бўлинмаларга тарқалгани йўқ. Мамлакат барча ҳарбий бўлинмалари жанговар шай ҳолатда турибди. Мамлакатдаги вазият назорат остида, деди Саакашвили.

Грузия расмийларига кўра, режаланган фитна Россия билан мувофиқлаштирилган бўлиб, тор миқёсда у НАТО машқларини издан чиқаришга, кенг миқёсда эса бутун мамлакат бўйлаб ҳарбий қўзғолон бошлашга қаратилган бўлган.
XS
SM
MD
LG