Линклар

Сайловлар арафасидаги ҳамкорлик


Қирғизистонлик айрим ҳуқуқ ҳимоячилари Қурмонбек Бакиевнинг нодавлат ташкилоти вакиллари билан учрашувини президентлик сайловлари арафасида фуқаролик жамиятини ўз томонига оғдиришга бўлган ҳаракат сифатида баҳоламоқдалар.

Қирғизистонлик айрим ҳуқуқ ҳимоячилари Қурмонбек Бакиевнинг нодавлат ташкилоти вакиллари билан учрашувини президентлик сайловлари арафасида фуқаролик жамиятини ўз томонига оғдиришга бўлган ҳаракат сифатида баҳоламоқдалар.

Қирғизистон президенти Қурмонбек Бакиев 5 май куни мамлакатдаги 30 га яқин нодавлат ташкилоти вакиллари билан учрашиб, ўзаро ҳамкорлик қилиш тўғрисидаги шартномани имзолади.

Президент матбуот хизмати тарқатган хабарда айтилишича, бу шартномани учрашувда иштирок этмаган бошқа нодавлат ташкилотлари ҳам исталган пайтда имзолаши мумкин.

Бироқ Қирғизистондаги бир қатор нодавлат ташкилотлари 6 май куни президент билан ҳамкорлик қилиш тўғрисидаги шартномани имзолашдан бош тортишларини эълон қилдилар.

“Қилим шами” уюшмаси Президент билан ҳамкорлик қилиш тўғрисидаги шартномани имзолашдан бош тортаётган нодавлат ташкилотларидан бири. Унинг раҳбари Азиза Абдурасулованинг айтишича, бу шартномада ҳукумат ва нодавлат ташкилотлари ҳамкорлигини мувофиқлаштирувчи кенгаш тузилиши назарда тутилган. Азиза Абдурасулова бундай кенгашнинг ташкил этилиши нодавлат ташкилотларини ҳукуматга қарам қилиб қўяди, деган фикрда.

- Мен бундай келишув имзоланишига қарши эмасман. Лекин бу шартнома фуқаролик жамияти фаолиятини чеклашга қаратилган бўлмаслиги зарур. Кеча имзоланган шартномада президент ва нодавлат ташкилотлари ҳамкорлигини мувофиқлаштирувчи кенгаш тузиш тўғрисида гап боради.

Президент Конституция гаранти сифатида фуқаролик жамиятининг барча қатламлари учун очиқ бўлиши керак. Мувофиқлаштирувчи кенгаш эса ҳукуматга номақбул бўлган масалаларни президент билан ўтадиган учрашувлар кун тартибига киритмай қўйиш ҳуқуқига эга. Шунинг учун ҳам шартномани бугунги таҳририни имзолашдан наф йўқ, деб ҳисоблайман, дейди Азиза Абдурасулова.

Қирғизистондаги ўнга яқин нодавлат ташкилотлари бирлашмалари эса президент билан ҳамкорлик қилиш тўғрисидаги шартнома 23 июлда ўтадиган президентлик сайловидан сўнг имзоланиши лозим эди, деб ҳисоблайдилар.

Бу ташкилотлар вакилларига кўра, президентлик сайловлари очиқ, холис ва демократик тамойиллар асосида ўтказилиши янги сайланажак президент билан ҳамкорлик қилишнинг асосий шарти бўлиши лозим.

Бироқ 5 май куни президент билан ҳамкорлик қилиш тўғрисидаги шартномани имзолаган нодавлат ташкилотлари вакиллари бу борада бошқача фикрдалар.

- Биз имкониятни қўлдан бой бермай, пайтдан фойдаланмоқчи бўлдик. Хабарингиз бор, парламент нодавлат ташкилотларининг сиёсий фаолиятларини чекловчи янги қонунни мухокама қилмоқда. Биз президентни мана шу қонунни имзоламасликка даъват этдик.

Президент ва нодавлат ташкитлотлари ҳамкорлигини мувофиқлаштирувчи кенгаш эса фуқаролик жамияти ва ҳукумат вакилларидан иборат бўлади. Шунинг учун бу кенгаш нодавлат ташкилотларини ўз назоратига ололмайди, дейди президент билан учрашувда иштирок этган “Сезим” кризис маркази раҳбари Бубусара Рисқулова.

Айни пайтда президент Бакиев учрашув пайтида мамлакатда демократия тамойилларининг устиворлигига эришиш йўлида фуқаролик жамияти билан ҳамкорлик қилиш энг катта аҳамиятга эга эканини таъкидлаб ўтди. Қурмонбек Бакиевнинг айтишича, бугунги кунда Қирғизистонда демократия мажмуасининг фақат бир тизимигина фаолият кўрсатаётир. Бу ҳам бўлса ҳокимият топширилишини таъминловчи сиёсий тузилмалар.

- Демократиянинг муҳим бўлган бошқа тузилмалари, жумладан, сайланган ҳокимият фаолияти назорат қилинишини кафолотловчи билвосита демократик институтлар шаклланмаган. Нодавлат ташкилотлари билан ҳамкорлик қилиш механизмининг ишлаб чиқилиши мана шу тузилманинг шаклланишига туртки бўлади, деди президент Бакиев.

Бишкеклик айрим ҳуқуқ ҳимоячилари Қурмонбек Бакиевнинг нодавлат ташкилоти вакиллари билан учрашувини президентлик сайловлари арафасида фуқаролик жамиятини ўз томонига оғдиришга бўлган ҳаракат сифатида баҳоламоқдалар.

Бишкекдаги ҳуқуқни ҳимоя қилувчи олти ташкилотнинг бу борадаги баёнотида айтилишича, Бакиев Конституция талабларини инобатга олган ҳолда, президентликка номзодларнинг барчасига фуқаролик жамияти вакиллари билан сайлов пайтида ҳамкорлик қилиш имкониятини яратиб бермоғи зарур.
XS
SM
MD
LG