Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 19:38

Эрон жамғармалари фаоллашмоқда


Айрим маълумотларга кўра, тожик расмийлари рози бўлган тақдирда эронликлар Тожикистонда қурилажак гидроэнергетик иншоотлар учун ҳам маблағ ажратишга тайёрлар.
Айрим маълумотларга кўра, тожик расмийлари рози бўлган тақдирда эронликлар Тожикистонда қурилажак гидроэнергетик иншоотлар учун ҳам маблағ ажратишга тайёрлар.

Хўжандда Эроннинг “Имдод” Халқаро ташкилоти 100 кишига мўлжалланган ўқув цехини ишга туширди. Мазкур цехда тикувчилик касбини бепул ўрганган қизлар келажакда иш билан ҳам таъминланиши айтилмоқда.

Хўжанд шаҳрида тикувчилик-ўқув цехи ишга тушиши маросимида қатнашган Эрондаги “Имдод” халқаро жамғармаси раиси Саиджавод Разавийга кўра, Эрон Тожикистон билан яқин дўст, бир уруғ-аймоқ сифатида алоқаларни мустаҳкамламоқда.

- Тожикистон мустақилликка эришганида Эрон давлати биринчи бўлиб бу мустақилликни тан олган эди. Республиканинг энг оғир кунларида ҳам, бугунги шаклланиш даврида ҳам давлатимиз ўз ёрдамини аямаяпти.

Биз Тожикистон билан ҳамкорлик қилишдан ҳеч қандай ғаразли ниятларимиз йўқ. Агар эътибор берган бўлсангизлар,шу йиллар давомида Эрон ва Тожикистон ўртасидаги ҳамкорликлар фақат иқтисод, маданият ва маърифат соҳасидагина амалга оширилмоқда. Дўстликни мустаҳкамлаш, ҳамкорликни ривожлантириш - асосий ниятимиз, дейди Саиджавод Разавий.

Мазкур цехда таълим олаётган Машҳура Конибодом туманида истиқомат қилади. “Конибодом ёки яшаётган қишлоғингизда мана шу касбни ўрганишнинг имкони бормиди?” деб сўраймиз Машҳурадан.

- Мен яшаётган Маҳрам қишлоғида ва туман марказида тикувчилик касбини ўргатадиган ташкилотлар йўқ. Бори ҳам пулли. Лекин ўша пулли ташкилотлар ўқитади-ю иш билан таъминламайди. “Имдод” ташкилоти эса ўқиш тугаганидан кейин иш билан таъминланишда ёрдам беради ва 100 сомоний ёрдам пули беради, дейди Машҳура.

Машҳурадан ташқари сўғдлик яна 100 қиз мазкур таълим цехида таҳсил олмоқда. “Толиба бўла туриб нега тикувчиликни ўрганаяпсиз?” дея сўраймиз Хўжанд Давлат университетининг 3-курсида таҳсил олаётган Мавзуна Нуриддиновадан.

- Ростини айтсам, бугунги ҳаётни кўриб, ўқитувчининг ойлиги билан оила тебрата олмайман, деган хулосага келдим. Шунинг учун мана шу курсларда ўқишга аҳд қилдим. Боз устига, тикувчиликка ҳавасим бор.

Илгари ўзимча кийим-кечаклар тикардим. Бу ерда тикувчиликнинг сир асрорларини ўргатишаяпти. Ниҳоят, тугатганимдан кейин иш билан ҳам таъминланаман, дейди Мавзуна.

Айни пайтда маҳаллий кузатувчилар орасида Эрон давлати жамғармасининг тожикистонлик ёшларга кўрсатаётган ёрдами беғараз эмаслигига урғу бераётганлар ҳам бор. Таҳлилчи Салим Воситовга кўра, тожик ёшларига мўлжалланган тадбирлар уларда Эронга бўлган мойилликни оширишга қаратилган.

- Назаримда, расмий Душанбенинг сўнгги пайтларда АҚШ томонига юз ўгираётгани, Россия билан тиғиз ҳамкорлиги Эронни ташвишга солган. Мана шу жиҳатдан қаралганда, Эрон томони Тожикистон раҳбарларида ўзлари учун содиқ шерик пайдо қилиш ниятида.

Бунинг учун Эрон ҳукумати қисқа муддат ичида республикада қатор иқтисодий-маданий тадбирларни бошлади. Ҳаттоки, Роғун ГЭСи қурилишининг давом эттирилишини қўллади ва зарур миқдордаги маблағ билан таъминлашга тайёр эканлигини билдирди.

Эрон ҳукуматининг айнан ёшларга эътиборни кучайтиргани ҳам тушунарли. Зеро, ёшлар ҳар бир мамлакатнинг келажагидир, дейди Салим Воситов.

Жамғарма вакилларининг айтишларича, “Имдод” Тожикистонда фаолият кўрсата бошлаганидан буён кам таъминланган минглаб оилаларга иқтисодий ёрдам кўрсатган.

Шунингдек, Тожикистонда 3 йилдан бери фаолият кўрсатаётган жамғарма жорий йил май ойининг ўрталарида Сўғд вилоятида истиқомат қилувчи 15 та жуфтликнинг никоҳ тўйини бепул ўтказиб беришни мўлжаллаб турибди.

Янги оила қурган ёшларга 1,5 минг долларга тенг миқдорда уй-рўзғор буюмлари туҳфа қилинади. Бу эса Тожикистонда, айниқса, қишлоқ шароитида катта маблағ.
XS
SM
MD
LG