Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 14:01

Тошкент Осиëга юзланмоқда


Глобал иқтисодий бўҳрон шароитида Осиë молия тизимлари билан ҳамкорлик¸ кузатувчиларга кўра¸ Тошкент учун янги сармоя манбаини яратишга ëрдам беради.
Глобал иқтисодий бўҳрон шароитида Осиë молия тизимлари билан ҳамкорлик¸ кузатувчиларга кўра¸ Тошкент учун янги сармоя манбаини яратишга ëрдам беради.

2010 йили Тошкент Осиё тараққиёт банкининг йиллик анжуманига мезбонлик қиладиган бўлди.Таҳлилчилар фикрича, Осиёдаги нуфузли банк анжуманининг илк бор Тошкентда ўтказилиши Ўзбекистонга хориж сармоясини жалб этиши мумкин.

5 май куни Индонезиянинг Бали шаҳрида Осиё тараққиёт банки директорлар кенгашининг 42- йиллик анжумани сўнггида банк президенти Харукихо Курода навбатдаги йиллик анжуманнинг Тошкентда ўтказилашагини эълон қилди.

Осиё тараққиёт банкининг Тошкентдаги ваколатхонаси ходими 5 май кунги йиғинда навбатдаги анжуманни Тошкентда ўтказиш масаласи кўрилганини тасдиқлади¸ бироқ бошқа тафсилотларга тўхталмади.

Ўзбекистон мустақилликка эришганидан бери Осиё тараққиёт банки мамлакат иқтисодиётининг турли соҳалари, маориф ва бошқа ижтимоий соҳаларини ривожлантиришни назарда тутган лойиҳаларни молиялаштириб келмоқда.

Ўзбекистонлик мустақил иқтисодчи Холназар Омоновга кўра¸ ҳозирда Осиё тараққиёт банки Ўзбекистонга йирик сармоя ётқизган хорижий инвесторлардан бири ҳисобланади ва банк директорлар кенгаши навбатдаги йиғилишининг Тошкентда ўтказилиши ОТБ ва Ўзбекистон ҳамкорлигини кенгайтириш учун янги имкониятлар яратади.

- Бу йиғилишлар кўпроқ жануб-шарқий Осиë давлатларида ўтказиб келинган. Бугунги кунда Тошкентнинг танланиши¸ Осиë тараққиëт банки дастурларининг асосан Тошкентда марказ сифатида ва бу ерда дастурларнинг ривожланиши¸ молиялаштирилишининг кейинги босқичларини бошқа Ўрта Осиë давлатларида шу тариқада амалга ошириш учун янги бир дастур ҳам бўлиши мумкин.

Бу янги эшикларни очиши мумкин. Бундан ташқари¸ Осиë тараққиëт банки бошқарув кенгашининг Ўзбекистон билан танишуви яқинроқ бўлади ва келажакда Ўзбекистон билан ишлаши осонроқ кечади, дейди иқтисод фанлари доктори Холназар Омонов.

Ўзбекистонлик таҳлилчи Малик Абдураззоқов ҳам бу фикрга қўшилади.

Унга кўра, айниқса глобал иқтисодий бўҳрон даврида¸ Ўзбекистон ўз манфаатларига хизмат қилиши мумкин бўлган барча молиявий ташкилотлар¸ жумладан Осиё тараққиёт банки билан ҳам ҳамкорликни кенгайтириши зарур.

- Осиё тараққиёт банкидан фойдаланиш зарур. Шу билан бирга Жаҳон банки, Европа тараққиёт банки билан ҳамкорликни кучайтириш керак.

Хуллас¸ реал иқтисодий механизмларни, реал молиявий механизмларни ишга туширадиган бўлса, ҳар бир имкониятдан фойдаланиш керак. Осиё минтақасида Осиё тараққиёт банки Ўзбекистон учун реал ҳамкор бўлиб қолиши мумкин, дейди ўзбекистонлик таҳлилчи.

- Агар Осиё тараққиёт банки билан алоқаларни кенгайтириш биринчи босқич бўладиган бўлса, бу албатта¸ Осиё минтақасида Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг иқтисодий лойиҳаларига альтернатив бўлиши мумкин. Реал альтернатив бўлиши мумкин.

Бу ҳамкорлик катта инвестицион лойиҳаларни амалга оширишда катта маблағлар олиб келади. Лекин яна бир бор айтмоқчиман, бу биринчи қадам. Ўзбекистон Осиёни Ғарб билан бирлаштирадиган бошқа лойиҳаларда ҳам қатнашиш керак.

Масалан¸ Осиё-Тинч океани ташкилоти, Осиё-Европа, Осиё-Лотин Америкаси дастурлари бор. Албатта¸ Осиё давлати сифатида Ўзбекистон ва қўшни давлатлар ҳам бундай лойиҳаларда қатнашиши зарур, деб давом этади ўзбекистонлик таҳлилчи Малик Абдураззоқов.


Ҳозирда ҳам Осиë тараққиëт банки Ўзбекистон ҳукумати билан йирик лойиҳаларда ҳамкорлик қилмоқда.

Ўзбекистон 2015 йилгача мамлакатни Қирғизистон ва Қозоғистон билан боғловчи 1427 километр узунликдаги автомобил йўлини қайта қуриш ва таъмирлашни режалаган.

18 та катта, 600 та ўрта ва кичик ҳажмдаги кўприклар, шунингдек, 180 та ёқилғи қуйиш шаҳобчаси ва автомобил инфратузилмаси билан боғлиқ бошқа объектларни қуришни кўзда тутган бу лойиҳаларни амалга ошириш учун 2¸5 миллиард доллар керак бўлиши айтилмоқда.

Осиё тараққиёт банки бу лойиҳани қисман молия билан таъминлашга рози бўлган.
XS
SM
MD
LG