Линклар

Журналист иши судга ўтди

  • Садриддин Ашур

Дилмурод Саййид тақдирида адолатнинг қанчалар қарор топиш-топмаслиги энди Самарқанд суди ҳукмига қолди.

Дилмурод Саййид тақдирида адолатнинг қанчалар қарор топиш-топмаслиги энди Самарқанд суди ҳукмига қолди.

Шу йилнинг 22 февралида қамоққа олинган ўзбекистонлик журналист ва ҳуқуқ ҳимоячиси Дилмурод Саййид устидан ўтказилган тергов жараёни тугади ва жиноий иш Самарқанд вилояти Жиноят ишлари судига оширилди.

Бу ҳақда унинг адвокати Руҳиддин Комилов хабар берди:

- Дилмурод Саййид Ўзбекистон республикаси Жиноят кодексининг 165¸ 228 моддаси билан айбланиб¸ ҳозирги пайтда тергов ҳаракатлари тугатилди¸ дейди Руҳиддин Комилов.

Дилмурод Саййид устидан маҳкаманинг қачон бошланиши ҳозирча номаълум. Унинг ўзи ҳозир Самарқанд вилоятидаги Каттақўрғон вақтинча сақлаш изоляторида сақланмоқда.

Икки ярим ой тергов қилинган Дилмурод Саййид аввал Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 165 моддаси, яъни товламачилик айби билан қўлга олинган эди.

Бунга Жомбой туманидаги “Фаравон ҳаёт йўли” машина-трактор парки раҳбари Аслиддин Ўринбоевнинг солиқ ва валюта жиноятлари бўйича Самарқанд вилояти департаментига ёзган аризаси ва бу ариза асосида ундан 15 минг доллар пора олаётган пайтда Марғуба Жўраеванинг қамоққа олиниши асос бўлган эди.

Марғуба Жўраева биринчи кўрсатмасида гўёки бу порани Дилмурод Саййид кўрсатмаси бўйича олганлигини айтган, бироқ Дилмурод Саййид билан юзма-юз учраштирилганда¸ бу кўрсатмасидан воз кечган эди. Ҳатто Аслиддин Ўринбоевнинг ўзи ҳам Дилмурод Саййид билан учраштирилганда журналист ҳеч қачон ундан пора талаб қилмаганини айтган эди.

Шунга қарамасдан¸ Дилмурод Саййид қамоқдан озод қилинмади ва унга нисбатан янги айбловлар эълон қилинди¸ дейди ҳуқуқ фаоли фаоли Абдураҳмон Ташанов:

- Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари "Эзгулик" жамияти фаоли журналист Дилмурод Саййидга нисбатан бир эмас¸ иккита модда қўшилди. Бу умуман бошқа эпизод. 2004 йилда Ўзбкистон ширкат хўжалигининг собиқ раиси билан содир бўлган ҳолат бўйича битта модда қўшилди.

Бундан ташқари¸ жиноят кодексининг 228 моддаси¸ яъни ҳужжатларни қалбакилаштириш деган модда қўшилди. Бу нарса бизни жуда ҳам жиддий хавотирга солиб қўйди.

Дилмурод Саййиднинг муқаддам икки марта судланганлигини ҳисобга олсак¸ ҳозир у рецидивист деб топилиб узоқ муддатли қамоқ жазосига ҳукм қилиниши мумкин¸ дейди "Эзгулик" фаоли Абдураҳмон Ташанов.

Адвокат Руҳиддин Комилов эса шу пайтгача айблов хулосасини олмаганини айтади:

- Мен ҳали олганим йўқ. Мантиқан оладиган бўлсак¸ менга юборишлари керак эди¸ дейди Руҳиддин Комилов.

Адвокат фикрича, Дилмурод Саййидга қўйилган кейинги айблов, яъни ҳужжатларни қалбакилаштириш айбловининг ҳам таги пуч. Ва у Дилмурод Саййиднинг айбсизлигини суд жараёнида исботлашга ҳаракат қилишини айтади:

- Кейинги қўйилган айбловни айбланувчининг ўзи ҳам¸ мен ҳам асосли деб айта олмаймиз. Бизнинг далил-исботларимиз бор. Худо хоҳласа¸ судда унинг айбсизлигини исботлашга ҳаракат қиламиз¸ дейди Руҳиддин Комилов.

Дилмурод Саййид адвокатларининг айтишларича, у инсон ҳуқуқи ҳимоячиси сифатида Жомбой туманида фермерлар ҳуқуқларини ҳимоя қилган. Бироқ тергов давомида бу фермерларнинг бир неча нафари Дилмурод Саййидга қарши кўрсатма берган.

Бу телба-тескари кўрсатмалар, фермерларнинг аввал бир гапни айтиб, кейин бошқа гапни айтиши каби ҳолатлар адолат тарозисининг қайси палласига тўғри келиши¸ афтидан¸ маҳкама жараёнида ойдинлашади.
XS
SM
MD
LG