Линклар

logo-print

Бехайр жойга бемаврид борган ўзбек

  • Барно Анвар

Ойбек Жабборов¸ Гуантанамони истаган пайтда тарк этишга ҳақли бўлса-да¸ у озодликдаги илк қадамини қай томон қўйишни билолмай ҳайрон.

Ойбек Жабборов¸ Гуантанамони истаган пайтда тарк этишга ҳақли бўлса-да¸ у озодликдаги илк қадамини қай томон қўйишни билолмай ҳайрон.

7 йил Гуантанамо қамоқхонасида сақланган ўзбекистонлик маҳбус Ойбек Жабборов уйига қайтарилмаслигини сўраб¸ мактуб ëзди. Ирландия ҳукумати Ойбек Жабборовни қабул қилиш ниятини билдирган бўлса-да¸ унинг Гуантанамодан қайга бориши ҳануз мавҳум.

31 ёшли Ойбек Жабборов мана етти йилдирки, АҚШ ҳарбийларининг Гуантанамодаги қамоқхонасида беайб сақланмоқд - етти йил ичида унга нисбатан расмий айблов эълон қилинмади.

У ўз адвокати Майкл Мон орқали ташқарига чиқарган мактубида ўзининг Ўзбекистонга қайтарилмаслигини сўради. Ойбекнинг мактубидан иқтибос келтирамиз:

“Менинг Гуантанамо қамоқхонасида сақланишим бехайр жойга бемаврид борганимнинг оқибатидир. Менга гумондорлар рўйхатидан чиқарилганим ва тезда озод этилишим ҳақида икки йил муқаддам айтишган эди. Агар Ўзбекистон фуқароси бўлмаганимда¸ бу хабардан хурсанд бўлардим.

Ўзбекистонда мени Ўзбекистон исломий ҳаракатига аъзоликда айблашган ва ортга қайтсам¸ улар мени ўзи билан ҳамкорлик қилишга мажбур қилишади. Бу эса қийноқлар, калтаклар ва бошқа ҳақоратлар билан амалга ошиши мумкин”.

Бу Гуантанамо қамоқхонасидан туриб, ташқарига мактуб чиқарган ўзбекистонлик маҳбус Ойбек Жабборовнинг мактубидан иқтибос эди.

У ўз мактубида қандай қилиб Гуантанамога тушиб қолганини ҳам қисқача ҳикоя қилган.

Мактубда айтилишича, ҳарбий хизматдан қайтгач, Тожикистонда савдогарлик қилаётган акасининг ёнига бориб, пул топишга уринган. Ўша ерда тожикистонлик Фотима исмли аёлга уйланган.

Мактубда келтирилишича, 1999 йилнинг ноябр ойида Тожикистон ҳукумати 200-300 га яқин ўзбекистонлик қочқинни мажбуран Афғонистонга жўнатиб юборган.

Тожикистон мухолифати аъзоси, 1999 йилларда Тожикистон бош вазирининг ўринбосари бўлган Давлат Усмон ўша пайтда Тожикистонда жон сақлаб юрган ўзбекистонлик қочқинлар билан шахсан кўришган ва музокаралар олиб борган эди.

У бу музокараларни бугун шундай эслайди:

- 1999 йилда президент топшириғи билан мен ва Хавфсизлик кенгаши котиби Амирқул Азимов тоғли Гарм туманининг Ҳайит қишлоғида жон сақлаётган ўзбек қочқинлари билан суҳбатлашган эдик.

Уларга ўша пайтда Ўзбекистон томонидан ультиматум қўйилгани, агар улар Тожикистон ҳудудини тарк этмаса, Ўзбекистон бу жойларни бомбардимон қилмоқчи бўлаётганини тушунтирган эдик.

Улар эса эътиқоди учун Ўзбекистонда таъқиб қилинаётгани, шу боис, ортга қайтишга қўрқишини айтган эди, дейди тожикистонлик мухолифат вакили Давлат Усмон.

Усмонга кўра, шундан сўнг қочқинларнинг бир гуруҳи ўз ихтиёри билан Ўзбекистонга, яна бир қисми Қирғизистон, яна бир қисми эса Афғонистонга қочиб ўтган.

Бу қочқинлар орасида Ўзбекистон исломий ҳаракатининг етакчиларидан бири дейилган Жума Намангонийга эргашганлар ҳам бўлган бўлиши мумкин, дейди Давлат Усмон. Шу боис у, эҳтимол, ўша қочқинлар орасида бўлган Ойбек Жабборовни Ўзбекистонга қайтариш ёки қайтармаслик масаласини адолатли суд ҳал қилиши лозим, деб ҳисоблайди.

Шу тариқа, Афғонистоннинг Мозори-Шариф шаҳридаги афғон ўзбеклари қишлоғига бориб қолган Ойбек Жабборов, кутилмаганда, 2001 йили АҚШ қўшини билан толибонга қарши уруш очган афғон ҳарбийлари томонидан қўлга олинган.

Яна мактубдан иқтибос келтирамиз:

“Кейин билсам, Америка ҳарбийлари қўлга олинган толиблар ва “хориж жангарилари” учун катта миқдорда мукофот пули ваъда қилган экан. Америкаликлар қўлига тушганимдан аввалига хурсанд бўлган эдим.

Америка давлатига ҳурматим катта эди ва маълум вақт ўтиб, айбсизлигимни аниқлаб, қўйиб юборишади, деб ишонган эдим. Лекин, бундай қилишмади”, деб ёзади етти йиллик умрини Гуантанамо қамоқхонасида ўтказган ўзбекистонлик маҳбус Ойбек Жабборов.

Ҳозирда унинг ҳуқуқини ҳимоя қилаётган америкалик адвокат Майкл Мон Ойбек каби айбсиз айбдорга айланиб, Гуантанамо қамоқхонасида сақланган яна уч ўзбекни озод қилишга қарор қилингани ва уларнинг Ирландия ҳукумати томонидан қабул қилиниш эҳтимоли борлигини айтади.

- Мен бу масала билан бир йилдан буён шуғулланаяпман ва ҳимоям остидаги ўзбек маҳбуси Ойбек Жабборовга Ирландиядан бошпана олиш учун Дублинга икки марта сафар қилдим.

Ирландия ҳукумати биринчилардан бўлиб, Обама маъмурияти Гуантанамони ёпадиган бўлса, у ердаги маҳбусларнинг катта қисмини қабул қилиб олиш истагини билдирган.

Ирландия қанча маҳбусни қабул қилиб олади - билмайман, лекин мен Дублин ҳукуматидан ҳимоям остидаги Ойбекни ва унинг уч нафар юртдошини ҳам қабул қилиб олинишига эришмоқчиман.

Ҳозирча, Ирландия ҳукумати уларни қабул қилиб олмаймиз, дегани йўқ, дейди Гуантанамо қамоқхонасида сақланаётган маҳбус Ойбек Жабборовнинг адвокати Майкл Мон.

Пентагон расмийлари 2006 йил март ойида Гуантанамо қамоқхонасида сақланаётган маҳбуслар рўйхатини матбуотга ошкор қилган ва ўшанда бу рўйхатда фуқаролиги, деган катакка “Ўзбекистон” дея қайд этилган олти маҳбуснинг номи келтирилган эди.

Булар Абу Бакр Жамолиддинович, Камолиддин Қосимбеков, Алишер Ҳамидулла, Шоҳруҳ Ҳамидов, Абдулла Муҳаммадхон ва бугунги қаҳрамонимиз Ойбек Жабборовлардир.

Халқаро амнистия ташкилоти 2008 йилнинг ёзида бу маҳбуслардан уч нафари озод этилиши ҳақида хабар қилган эди. Адвокат Майкл Монга кўра, уларнинг сафига яна бир ўзбек маҳбуси қўшилган.

Озод этишга қарор қилинган маҳбуслардан бири Камолиддин Қосимбековнинг яқинларидан бири бўлган ўзбекистонлик Дилобар Худойберганова “Биз ҳамиша бу йигитларнинг Ўзбекистонга қайтарилмаслигини талаб қилиб келганмиз”, дейди Озодлик билан суҳбатда.

- Ўзимнинг акам Искандар Худойбергановдан мисол қилиб айтадиган бўлсам¸ Ўзбекистонга Тожикистондан экстрадиция қилинганлар. Ноҳақ айбловлар натижасида ўлим жазоси берилганини яхши биласиз. Аммо ҳозирги пайтда ҳукм бекор қилиниб¸ Жаслиқ қамоқхонасида сақланмоқда.

Шу йигитлар қўлга олинганини¸ Гуантанамо қамоқхонасида сақланаëтганини билганимизда ҳам айтиб ўтганмиз. Чунки бу йигитлар аввал қамалганларнинг кўпчилигининг асоссиз айбланганини исботловчи гувоҳлардир. Мен уларни Ўзбекистонга қайтармаслик керак деб ўйлайман¸ дейди Дилобар Худойберганова.

АҚШ президенти Барак Обама 2009 йил январ ойида — президент сифати иш бошлаган илк куниëқ Гуантанамо қамоқхонасини ёпиш тўғрисидаги ҳужжатни имзолади. АҚШ ҳукумати бу маҳбусларни қабул қилиб олишини сўраб, Европа давлатларига мурожаат қилган.

Шу кунга қадар бир неча Ғарб давлати, жумладан, Германия, Ирландия, Эстония ва Латвия 20 га яқин маҳбусни қабул қилиб олиш ниятини билдирди.
XS
SM
MD
LG