Линклар

logo-print

Қирғизистонлик ўзбек ҳибсхонасида жон берди


Ўзбекистон расмийлари¸ Қирғизистон фуқаросининг қийноқлардан жон берганини қатъиян инкор этмоқдалар.

Ўзбекистон расмийлари¸ Қирғизистон фуқаросининг қийноқлардан жон берганини қатъиян инкор этмоқдалар.

Ўтган ҳафта қирғизистонлик Нозим Мамадалиев жасади Ўзбекистоннинг Фарғона шаҳридан уйига қайтарилди. Марҳумнинг қариндошлари унинг тергов чоғида қийноқдан ўлганини айтмоқдалар.

Марҳумнинг опаси Мунира Мамадалиеванинг айтишича, Нозим Мамадалиев 13 апрел куни Фарғона шаҳар адрес бюросидан маълумотнома олиб келиш учун Ўзбекистонга кетган. Ўша куни у Фарғона шаҳар ички ишлар бўлими жиноят қидирув бўлими ходими Сардор (фамилияси кўрсатилмаган – таҳр.) томонидан ушланиб, ҳибс этилган.

Нозим Мамадалиевнинг ҳибсга олинишига Фарғона шаҳар прокуратураси уни бировнинг мулкини ўзлаштирганликда гумон қилиб, унга нисбатан қидирув эълон қилгани сабаб бўлган. Марҳумга давлатга 31 миллион сўм зарар етказганлик айби қўйилган.

Қирғизистонлик ҳуқуқ ҳимоячиси Азимжон Асқаров марҳум Мамадалиев ўзига мутлақо алоқаси бўлмаган жиноятда айбланганини айтади.

Мунира Мамадалиевага кўра, унинг укаси ҳисбга олинганидан кейин саккизинчи куни (21 апрел) сўроқ қилинган. 29 апрел куни эса Нозим Мамадалиев оғир аҳволда касалхонага тушган.

30 апрел куни Фарғонага етиб келган Мунирага Нозим Мамадалиев Фарғона ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари у содир этмаган жиноятни бўйнига қўйиш мақсадида икки кун қийноққа солганларини айтган. Орадан уч-тўрт соат ўтганидан кейин Нозим касалхонада жон берган.

Шундан сўнг Фарғона вилоят суд-тиббий экспертизаси жасадни очиб кўриб, унга жигар циррози ва оғир формадаги сил ташхисини қўйган.

Нозимнинг қариндошлари унинг ҳеч қачон ўз соғлиғидан шикоят қилмаганини ва унинг қийноқлар натижасида ҳалок бўлганини айтмоқдалар.

Фарғона шаҳар прокуратураси вакили Музаффар Мирзажонов эса марҳумнинг яқинлари иддаосида асос йўқлигини, қийноқ ҳақидаги гап-сўзлар эса бўҳтон эканини айтади.

30 апрел куни Фарғонага борган марҳумнинг отаси Тиркаш Мамадалиев анча оворагарчиликлардан кейин жигарбанди жасадини 1 май куни ўз уйига – Қирғизистоннинг Бозорқўрғонига олиб келган.

Шундан сўнг марҳумнинг яқинлари Қирғизистоннинг Бозорқўрғон туман прокуратурасига мурожаат қилганлар. Шунингдек, қариндошларнинг илтимосига кўра ҳуқуқ ҳимоячиси Азимжон Асқаров Нозим Мамадалиев ўлимида айбдорларни жавобгарликка тортиш талаби билан Ўзбекистон президенти Ислом Каримов ва мамлакат Бош прокурори номига мурожаатнома йўллаганлар.
XS
SM
MD
LG