Линклар

“Позиция” ўзбекча чиқа бошлади

  • Шерзод

Қирғизистон жанубида ўзбек тилида яна бир газетанинг чоп этила бошлаши¸ мамлакатдаги сиëсий жараëнлар суръатининг жадаллашгани билан изоҳланмоқда.

Қирғизистон жанубида ўзбек тилида яна бир газетанинг чоп этила бошлаши¸ мамлакатдаги сиëсий жараëнлар суръатининг жадаллашгани билан изоҳланмоқда.

Қирғизистонда “Позиция” ижтимоий-сиёсий газетасининг ўзбек тилидаги илк сони дунё юзини кўрди. Газета эгалари уни қирғизистонлик ўзбекларнинг севимли нашрига айлантириш иддаосидалар.

“Позиция” газетаси бош муҳаррири Бақит Мирзабек ўғли аслида газетага 1994 йили асос солинганини айтади.

- Ўша пайтларда газета қирғиз тилида чоп этилган. Орадан бироз вақт ўтиб, молиявий сабабларга кўра чоп этилмай қолган эди. 2002 йилда эса “газета қирғиз, рус ва ўзбек тилида чоп этилади” дея қайта рўйхатдан ўтказилди.

Бугунги бозор шароитини ўрганиб, газетанинг илк сонларини фақат ўзбек тилида чоп этишга қарор қилдик. Негаки, бозорларимизда қирғиз ва рус тилида чоп этилувчи нашрлар етарли, бироқ Қирғизистон жанубида истиқомат қилувчи ўзбеклар учун қўшни Ўзбекистондан келаётган газеталардан бошқа нашрлар йўқ, дейди Бақит Мирзабек ўғли.

Унинг айтишича, газетада Қирғизистон ижтимоий-сиёсий, адабий-маданий турмушига оид мақолалар чоп этилади.

- Газетанинг 50 фоизи ижтимоий-сиёсий мақолалар, 50 фоизи адабий-маданий янгиликлар билан тўлдирилади ва имкон қадар газетхонларга қизиқарли материаллар етказишга ҳаракат қилинади. Бунинг учун биз ўшлик ҳамда жалолободлик бир неча ўзбек журналистлари билан ҳамкорликни йўлга қўяяпмиз, дейди газета бош муҳаррири.

Айтиб ўтиш жоизки, “Позиция” газетасининг таъсисчиси мухолифат етакчиларидан бири Ўмурбек Текебаевнинг укаси Асилбек Текебаев бўлиб ҳисобланади. Шу важдан ҳам ўшлик айрим журналистлар Қирғизистонда аҳоли сони жиҳатидан қирғизлардан кейин иккинчи ўринда турувчи миллат тилида газетанинг чиқарилиши жорий йил 23 июлига белгиланган президентлик сайловларида қирғизистонлик ўзбеклар қўлловига эга бўлиш истаги билан боғлиқ, деган фикрдалар.

Ўшлик журналист Алмаз Исманов гапиради:

- Мен газета сайлов учун чиқарилган, деб ҳисоблайман. Таъсисчиларни Қирғизистондаги ўзбек жамоатчилиги тақдири қизиқтирганида, хусусий газеталар бозорида ўзбек газеталари деярли йўқлигини инобатга олган ҳолда бу газета бир неча йил аввал чоп этилган бўлар эди.

Бундан ташқари, газета таъсисчиси мухолифат етакчиларидан бирининг укаси эканини ҳам эътиборга олиш керак. Шу сабабли мен бу газета сайлов учун махсус чиқарилган вақтинчалик нашр, деб ҳисоблайман, дейди ўшлик журналист Алмаз Исманов.

Бироқ Бақит Мирзабек ўғли “Позиция” газетаси сайловда қирғиз мухолифатининг ўзбекча карнайи бўлади”, деган фикрларга қўшилмайди.

- Мен газета бош муҳаррири сифатида очиқ айтишим мумкинки, президент сайловида асосан нейтрал позицияда ишлашга ҳаракат қиламан. Иккала тарафдан ҳам тенг маълумот берилади, бундан ташқари, газетани бунги кунда энг самарали бизнес, деб айтиш мумкин.

Бизнинг бош мақсадимиз ҳам, энг аввало, ўзбек газетхонлари эътиборини жалб қилиш ва келажакда мунтазам чоп этилувчи ўзбек нашри ишини йўлга қўйишдир, дейди Бақит Мирзабек ўғли.

“Позиция” газетасининг ўзбек тилидаги илк сони 5 минг нусхада босилди. Бу Қирғизистонда чоп этилувчи ўзбек газеталари учун яхши кўрсаткичдир.

Дейлик, Ўш вилоят давлат маъмурият нашри бўлган “Ўш садоси” газетаси бор-йўғи 2,5 минг нусхада чоп этилади. Ўшда чоп этилувчи “Мезон”, “ДДД”, “Ахборот” каби мустақил ўзбек нашрлари адади эса минг нусхадан ошмайди. Бундан ташқари, маҳаллий ўзбек газеталари моддий қийинчилик туфайли мунтазам чоп этилмайди.

- Буни маънавиятимизнинг кундан-кунга оқсаб бораётганидан дарак, десак бўлади. Барча ўзбек газеталарининг ёпилиб кетишига халқимизнинг ўзбекча нашрларни қўллаб-қувватламаслиги, моддий қийинчилик сабаб бўлди, дейди Ўшдаги “Ахборот” газетаси бош муҳаррири Барно Исақова.

Мазкур газеталар ходимлари ўзбек нашрлари ададининг камлигини кўпинча ўзбек муштарийси газета ўқимай қўйгани билан, ўшликларда газета ўқиш эҳтиёжи камайгани билан изоҳлайдилар. Бироқ газета сотиладиган дўконларда Ўзбекистонда чиқадиган газеталарнинг кўплиги бунинг аксини исбот қилади.

“Позиция” газетаси бош муҳаррири ҳам айнан шу жиҳатни эътиборга олган ҳолда газетани асосан ўзбек тилида чоп этишга қарор қилинганини билдирди.
XS
SM
MD
LG