Линклар

logo-print

Бозорсиз қолган аëллар жонидан тўйган

  • Гулнора Равшан

"Зарнисор" бозори ëпилишидан норози аëллар бозорнинг ëпилишини оғизларидаги сўнгги бурда ноннинг ҳам таланиши каби баҳоладилар.

"Зарнисор" бозори ëпилишидан норози аëллар бозорнинг ëпилишини оғизларидаги сўнгги бурда ноннинг ҳам таланиши каби баҳоладилар.

Душанбелик 250 нафар аёл 9 ой аввал суд қарори билан ёпилган “Зарнисор” бозорининг қайта очилиши талабида муддатсиз очлик бошладилар. Улардан айримлари¸ бозор очилмаса¸ ўзини ўлдириш билан таҳдид қилмоқда.

6 май куни эрталаб “Зарнисор“ бозорида йиғилиб, очлик эълон қилишларини билдирган 250 нафар тожикистонлик аёл 7 май куни ҳам очлик тадбирини давом эттирдилар.

13 йил аввал Душанбе шаҳри ғарбида ишга туширилган “Зарнисор” бозори тахминан 1000 оила учун асосий даромад манбаи эди.

2008 йилнинг 1 сентябридан эътиборан Душанбенинг Сино туман суди “Зарнисор” бозори ноқонуний ўзлаштирилган ерга қурилганлигини рўкач қилиб, бозорни ёпиш ҳақида ҳукм чиқарган эди.

Шу йил 30 март куни бир гуруҳ савдогар аёллар Сино туман суди қарори юзасидан Тожикистон президенти ижроия девони биноси ёнида норозилик уюштирганларидан кейин 2 май куни Душанбе шаҳар ҳукумати "Зарнисор"ни қайта очишга расман рухсат берди. Аммо...

- Тўрт кун ишладик, холос. Яна қайта ёпишди бозорни. Бугун очлик эълон қилганимизнинг сабаби ҳам шунда. Бу ерда ўтирган аёлларнинг аксарияти кўп болали, ҳаммаси банкдан устама фоизи билан қарз олган. 10 минг долларгача қарздорлар бор орамизда.

Талабимиз - бозорни очишсин, биз ишлайлик. Ҳозир кризис пайтида ҳамма учун оғир, дейди Хадича исмли суҳбатдошимиз.

Очлик эълон қилган 18 ёшдан 60 ёшгача бўлган аёллар бозор маъмурияти биносининг зинапояларида ёш гўдаклари билан тонг оттирганларини айтдилар.

Бир чеккада юм-юм йиғлаб ўтирган аёлга ҳам микрофон тутдик. Бу аёл асли тошкентлик бўлиб, бундан бир неча йил аввал Душанбега келин бўлиб тушган экан. Ўзини Майрамхон деб таништирган суҳбатдошимиз ишсизликдан қийналиб, ҳатто ўз жонига қасд қилиш фикрига ҳам борганини айтади.

- Тошкентга кетган эдим, келсам ишхонам ёпиқ. Бекор қолдим. Учта болам бор, эрим йўқ. Қарздорман, билмайман қандай яшашга ҳайронман.

Бугун ҳукумат одамлари эрталаб келди ёнимизга. “Бошқа бозорга боринглар, у ерга жойлашишларинг учун ёрдамлашамиз”, деди. Лекин биз кўнмадик, дейди ўзини йиғидан тия олмаган Майрамхон.

20 ёшли Сорахон Ражабова эса "Зарнисор" савдогарларига бошқа бозорларда нон йўқлигини айтади.

- Мана шу 9 ойда бошқа бозорларга ҳам бордик, тирикчилик ортидан. Лекин бегоналигимиз учун сиғдиришмади.

Катта солиқлар солиб, савдо қилишимизга халақит беришди. Унинг устига, улар таклиф қилаётган Қарияи бола ва Саҳоват бозорлари биз учун йироқ, вақтимиз кўпроқ йўлга кетади, дейди Сорахон.

Очлик эълон қилган савдогар аёллар “Зарнисор” бозори муаммоларининг тобора чигаллашаётганида Душанбе шаҳар ҳукуматини айблайдилар.

Аммо Душанбе шаҳар ҳукумати матбуот котиби Шавкат Саидов мазкур бозор ёпилишига шаҳар ҳукумати расмийларининг алоқаси йўқлигини айтади.

- “Зарнисор” бозорининг ёпилишига бизнинг ҳеч қандай алоқамиз йўқ. Айни пайтда Сино туман судининг Тожикистон жорий қонунлари доирасида қабул қилинган қарорини ўзгартириш ёки бекор қилишга ҳам ҳаққимиз йўқ. Аммо имкон қадар ишсиз қолган оилаларга ўз амалий ёрдамларимизни кўрсатиш учун зарур чоралар кўрмоқдамиз, деди Шавкат Саидов.

Тожикистонлик мустақил таҳлилчи Давлат Усмон ҳукумат очлик эълон қилган савдогарларига масаласини зудлик билан ҳал қилиши керак, деган фикрда.

- Дунёдаги бир қатор давлатлар иқтисодий бўҳрон таъсирини юмшатиш ва шу йўл билан фуқароларига енгиллик бериш борасида талайгина ишлар қилинаётган бир пайтда нега Тожикистон ҳукуматининг ўз фуқароларини еб турган нонидан бенасиб қилаётгани жумбоқ.

Ахир “Зарнисор” бозори давлат учун умуман зарарсиз. Чунки бозор фаолияти учун бюджетдан пул ажратилмайди. Аксинча¸ бозорлар ишлаб турса, давлат хазинасига фойда келтиради.

Иш ўринларини йўқотганлари туфайли очлик эълон қилган кишилар масаласини ҳукумат ижобий ҳал қилиб бермаса, Тожикистон халқаро ҳамжамият олдида ўз обрўсини йўқотиши мумкин, дейди таҳлилчи Давлат Усмон.

Айни пайтда очлик эълон қилган 250 нафар аёл “Зарнисор” бозорининг қайта ишга туширилиши учун расмийлар томонидан рухсат берилмагунича очлик тадбирини тўхтатмасликларини таъкидламоқдалар.

Шунингдек, бу аёллардан бир гуруҳи ўз талаблари ҳукумат томонидан эътиборга олинмаса, ўзига ўт қўйишларини маълум қилдилар.
XS
SM
MD
LG