Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 19:32

"Укамнинг орқасида соғ жойи йўқ эди"


Ўзбекистон расмийлари икки ҳафта ичида сил ëки церроздан ўлган одамнинг танасидаги бу жароҳатларнинг қайдан келганини ҳозирча изоҳлашни истамаяптилар.
Ўзбекистон расмийлари икки ҳафта ичида сил ëки церроздан ўлган одамнинг танасидаги бу жароҳатларнинг қайдан келганини ҳозирча изоҳлашни истамаяптилар.

Ўтган ҳафта қирғизистонлик Нозим Мамадалиев жасади Ўзбекистоннинг Фарғона шаҳридан уйига қайтарилди. Марҳумнинг қариндошлари унинг ўзбекистонлик терговчилар қийноғидан ўлганини таъкидлаяптилар.

Қирғизистоннинг Жалолобод вилояти Бозорқўрғон тумани Бозорқўрғон қишлоғида яшаган 35 ёшли Нозим Мамадалиев жорий йилнинг 13 апрел куни Фарғона шаҳар адреслар бюросидан маълумотнома олиб келиш учун Ўзбекистонга борган. Ўша куни у Фарғона шаҳар ички ишлар бўлимининг жиноят қидирув хизмати ходимлари томонидан ҳисбга олинади.

29 апрел куни Нозим Мамадалиев оғир аҳволда касалхонага келтирилади. 30 апрел куни эса у оламдан ўтади ва 1 май куни унинг жасади Қирғизистонга олиб келинади.

Марҳумнинг опаси Мунира Мамадалиеванинг Озодликка маълум қилишича, унинг укаси ўзбекистонлик ҳуқуқ-тартибот ходимлари томонидан бўлган қийноқлар натижасида оламдан ўтган.

- Мен ҳамма нарсани ўз кўзим билан кўрдим. Жон бераëтганда укамни шундай ëнбошлатсам, укамнинг орқасида соғ жойи йўқ, ҳаммаëғи кўкарган. Жуда ëмон аҳволда эди. Мен укамни қийнашганига 100 эмас, 150 фоиз ишонаман. Укамнинг охирги сўзларини мен эшитганман. Нима қилганларини, зах ерда ушлаб, ўша ерда қийнаганларини эшитдим.

Милиция бор пайтида сўрасам, бир менга қарайди, бир милицияга қарайди - ҳеч нарса демайди. Охири милиция чиқиб кетганидан кейин уч-тўрт соат умри қолганда укам ўзини икки кун қийнашганини айтди. “Мана бунга қўл қўясан¸ бўйнингга оласан, кейин биз сени қўйиб юборамиз”, дебди. Укам: “Мен ҳеч нарсага қўл қўймадим”, деди. Буларнинг укамни ўлдирганига сабаб, агар тирик қолса, Қирғизистонга бориб, ҳамма нарсани ошкор қилиб юбормасин, деган ҳадик, дейди Мунира Мамадалиева.


Нозимнинг яқинлари¸ унинг Ўзбекистон ҳибсхонасидаги қийноқлардан ўлганини тасдиқловчи даҳшатли суратларни Озодликка юбордилар.
Қирғизистондаги “Ҳаво” ташкилоти раҳбари Азимжон Асқаров ҳам Нозим Мамадалиев жасадидаги қийноқ изларига шахсан гувоҳ бўлганини айтади.

- 30 апрел куни тунда Фарғона вилояти суд-медэкспертизага етиб бордим. Докторлардан сўраб, Нозимни кўриш учун отаси билан биргаликда кирдик. Энди унинг аҳволини тасвирлаш қийин. Инсон боласи ҳар қандай ички касаллиги бўлса ҳам бу аҳволга бориб қолиши мумкин эмас.

Агар унга нисбатан қийноқ азоблари қўлланилмаганида, у бу аҳволга келмаган бўларди. Ваҳшийларча калтаклангани шундай кўриниб турибди. Энди унинг аҳволи сўз билан тасвирлаб бўлмайдиган даражада ëмон эди, дейди Азимжон Асқаров.

Фарғона шаҳар прокуратураси вакили Музаффар Мирзажонов эса қийноқлар борасидаги барча иддаоларни асоссиз эканлигини айтади.

- Бу гаплар майли энди¸ ўзларининг фикрларини асослаб берса¸ марҳамат. Лекин мен бу гапларнинг ҳаммасини бўҳтон ëки ëлғон, деб биламан. Мен ўзим ҳам у йигит билан гаплашганман, у йигитнинг қийноққа соладиган аҳволи ҳам йўқ. Ориқдан келган йигит эди, дейди прокуратура вакили.

Музаффар Мирзажоновга кўра, Нозим Мамадалиев қийноқ натижасида эмас, балки касаллиги боис оламдан ўтган.

- Ушлангандан кейин бизда эҳтиëт чораси сифатида қамоқ қўлланилиши туфайли тергов ҳибсхонасига жойлаштирилди. Тергов ҳибсхонасига жойлаштирилгандан кейин уни тиббий кўрикдан ўтказишди. Ўшанда аниқлашдики¸ ўпкасининг ярми йўқ¸ сил касалига чалинган¸ бундан ташқари, жигар циррози.

Шу билан аҳволи сал ўзгаргандан кейин турма ходималари: “У касал, тергов ҳибсхонасида даволашнинг иложи йўқ, уни махсус тиббий муассасага жойлаштирайлик”, деб мурожаат қилди. Кейин тегишли хатлар билан касалхонага жойлаштирилди. Касалхонага жойлаштирилгандан кейин даволаниш жараëнида вафот этди. Бу ерда суд-тиббий экспертизаси ўтказилган, дейди Музаффар Мирзажонов.

Бироқ марҳумнинг опаси Мунира Мамадалиева укасининг ҳеч қачон соғлигидан шикоят қилмаганини айтади.

- Менинг укам ҳаëти давомида “менинг фалон ерим оғрияпти”, деб нолимаган. Умуман, бизнинг уруғимизда сил касалининг ўзи йўқ. Уни “жигари циррози” деяпти. Унинг жигари умуман оғримаган. Битта айби - ошқозони салгина оғрирди, холос, дейди Мунира Мамадалиева.

Фарғона шаҳар прокуратураси вакили Музаффар Мирзажоновнинг билдиришича, Нозим Мамадалиев давлатга 31 миллион сўм зарар етказганликда, яъни Ўзбекистон Жиноят кодексининг “ўзганинг мулкини ўзлаштириш” моддаси билан гумон қилиниб, ҳибсга олинган.

- Бу киши ўзгалар мулкини талон-тарож қилиш, яъни 167-модданинг 3-қисми “а” банди билан айбланган. Унинг битта ўзи эмас, бирга иш олиб борган шериги ҳам бор. 2007 йилда қидирув эълон қилинган. Ундан кейин келиб-кетиб юрган, яқинда ушланганди, дейди Музаффар Мирзажонов.

Маълум бўлишича, марҳумнинг яқинлари Қирғизистоннинг Бозорқўрғон туман прокуратурасига мурожаат қилганлар. Шунингдек, қариндошларнинг илтимосига кўра қирғизистонлик ҳуқуқ фаоллари Нозим Мамадалиев ўлимида айбдорларни жавобгарликка тортиш талаби билан Ўзбекистон президенти ва Ўзбекистон бош прокурори номига мурожаатнома йўллаганлар.
XS
SM
MD
LG