Линклар

Фермерга кун борми?

  • Садриддин Ашур

Ўзбекистонда расман рўйхатга олинган "Эзгулик" инсон ҳуқуқлари жамияти фаоллари¸ президент фармонини бажариш баҳонасида ҳимоясиз фермерларга нисбатан зулм ва адолатсизликнинг янада кучайганини билдирмоқдалар.

Ўзбекистонда расман рўйхатга олинган "Эзгулик" инсон ҳуқуқлари жамияти фаоллари¸ президент фармонини бажариш баҳонасида ҳимоясиз фермерларга нисбатан зулм ва адолатсизликнинг янада кучайганини билдирмоқдалар.

Аксар Ўзбекистон фермерларининг иш ва турмуши оғирлашгандан оғирлашаëтган кўринади. Инсон ҳуқуқлари фаолларига фермерлардан тушаëтган шикоят аризалари тахламининг қалинлашаëтгани¸ шундан далолат бермоқда.

Ўзбекистон президентининг фермерлар ерларини оптималлаштириш ҳақдаги қарори ижросидан сўнг, фермерлар орасида бу қарорга норозилар кўпайди.

“Эзгулик” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти тарқатган хабарга кўра, бу қарорда фермерлар мажбуран эмас, балки ўз ихтиёрлари билан бирлашиши қайд қилинган. Бироқ маҳаллий ҳокимлар деҳқонлардан ерларни мажбуран тортиб олдилар, уларнинг арзу-шикоятлари эса юқори идоралар томонидан қаноатлантирилмади.

“Эзгулик” тарқатган матбуот шарҳида айтилишича, авторитар режим ҳукм сураётган Ўзбекистонда мамлакат президентининг¸ ҳатто оғзаки айтган гаплари ҳам коррупцион тўдаларнинг манфаатларига хизмат қилади.

Бу тўдалар ўз манфаатлари йўлида президент айтган топшириқлар ва у чиқарган қарорларни тескарисига бажарадилар. Фермер хўжаликлар ерлари ислоҳотида ҳам айнан шу нарса юз берди.

Маҳаллий ҳокимлар қарорни рўкач қилиб, фермерлар ерларини ҳокимият заҳира фондига қайтариш ва у ерларни ишончли одамларига пуллаш учун фермерлардан мажбурий аризалар ёздириб олдилар. Кўп ҳолатларда эса бу аризалар қалбакилаштирилди.

“Эзгулик” жамиятининг сирдарёлик фаоли Карим Бозорбоев фикрича¸ президентнинг ерларни оптималлаштириш ҳақидаги қароридан сўнг фермернинг шўрига шўрва тўкилди:

- Президент фармойишидан кейин туман ҳокимлари шундай ҳолатларни содир этишдики¸ уч кун ичида “Оқ олтин тумани фермерларини муқобиллаштирдик” деб¸ юқорига ўз ҳисоботларини олиб бориб топширишди.

Ўша ҳисоботларнинг орқасидан фермерларимиз шундай жабр кўриб қолдики¸ бу ҳолат юзасидан ҳурматли юртбошимиз¸ президентимизга қилинган мурожаатлар вилоят миқëсига¸ вилоят миқëсидан туман миқëсига ўтказилди. Тумандагилар эса “Содир этилган бу ҳолатлар ўз тасдиғини топмади” деб юқорига хат жўнатишаяпти¸ дейди Карим Бозорбоев.

Карим Бозорбоев сўзларига кўра, вилоятдаги 22 нафар фермер уларга ва уларнинг ерларига нисбатан юритилган адолатсиз сиёсат юзасидан вилоят хўжалик судига мурожаат қилган. Бироқ:

- Ўз талаб ва эътирозларини далилий ҳужжатлар билан асослаб беришига қарамасдан¸ Сирдарë вилоят хўжалик судида бирорта иш ижобий ҳал бўлгани йўқ.

Ҳамма суд жараëнларида мансабдор шахсларнинг¸ ҳокимиятнинг манфаатини ҳимоя қилган ҳолда “фермерларнинг даъво аризалари рад қилинсин” деган ҳал қилув қарорларини чиқаришаяпти¸ дейди Карим Бозорбоев.

Карим Бозорбоев фермерлар ерларини ихтиёрий тарзда эмас, балки мажбурий тарзда бирлаштирилаётганига шундай мисоллар келтиради:

- Мана бизнинг Оқ олтин туманидаги “Жондор ота” фермер хўжалиги ўз ер майдонида фаолият юритиб келаëтган эди. Унинг номидан 9 октябр куни ҳоким номига ер майдони ижара шартномасини бекор қилиш бўйича мансабдор шахсларнинг ўзлари ариза ëзишган.

Шунинг билан бирга ўртасига қоғоз қўйган ҳолатда маҳкаманинг муҳрини босиб¸ имзоларни сохталаштириб унинг номидан қарор чиқариб юборишган.

Бу ҳолатни “Жондор ота” фермер хўжалиги январ ойининг охирларида билган ва бизга мурожаат қилди. Биз ушбу ҳолатни ўрганиш жараëнида шундай нарсаларни кузатдикки¸ бу ҳужжатнинг қалбаки қилинганини судда асослаб берганимизга қарамасдан суд “даъво аризаси рад қилинсин” деган ҳал қилув қарорини қабул қилди.

Улар ҳали қилув қарорини Ўзбекистон республикаси номидан деб кўрсатаяпти. Бу дегани бизнинг Ўзбекистонда мана шундай ҳолатлар мавжуд дегани.

Фермерни биз иккинчи даражали шахс сифатида кўрамиз¸ деган нарсани ўша ерда намоëн қилишмоқда¸ дейди Карим Бозорбоев.

Карим Бозорбоев фермерлар ерларининг ноқонуний ва мажбурий тарзда тортиб олингани хусусида яна ўнлаб мисоллар келтирди. Унинг айтишича, бу қарорнинг бажарилишини ҳеч қачон ихтиёрий тарзда деб айтиб бўлмайди:

- Бизда президент фармойишида кўрсатилганидай фермерлар фаолиятини ўрганиб чиқиб¸ ихтиëрий бир-бирига қўшилсин¸ ҳамкорликда ишласин деган ҳолатларни бизнинг туман ҳокимлари нотўғри талқин қилган ҳолда “ихтиëрий” деган сўзнинг орқасига “мажбурий” деган сўзни қўшиб қўйишаяпти ва шу тариқа иш олиб боришаяпти¸ дейди Карим Бозорбоев.

Қорақалпоғистоннинг Хўжайли туманидан бўлган фермер Қубей Ортиқов ҳам, президент қарори маҳаллий ҳокимлар томонидан қаллобларча бажарилганини айтади:

- Бу ерда қаллоблик юз берди. Президентнинг нияти тузук. У “фермер хўжаликлари бақувватроқ бўлсин¸ кенгроқ ерга эга бўлсин¸ бирдамлик бўлсин” деган ниятда қилди.

Шахсан мен президентдан розиман. Мен ҳам фермерман. Ер сал каттароқ бўлса¸ алмашлаб экишни амалга ошириш мумкин. Лекин бизнинг Хўжайли туманидаги кўп жойларда қаллоблик юз берди. Кўп фермерлар “Мен ариза берганим йўқку¸ нимага менинг еримни унга берасан?” деб йиғлаб юрибди.

Биттасининг ерини олиб¸ иккинчисига сотаяптида. Гапнинг қисқаси президентнинг фармонини ниқоб қилиб ер сотаяпти. Ҳақ-ҳуқуқларини тушунган одамлар "ерни топшираман" деб ариза ëзмаяпти.

Милиция бошлиғи келиб¸ ариза ëзмаëтган фермерларнинг муҳрини уйидан олиб кетган¸ дейди Қорақалпоғистоннинг Хўжайли туманидан бўлган фермер Қубей Ортиқов.

Инсон ҳуқуқи ҳимоячиларининг айтишларича, фермерларнинг бу адолатсизликлардан президентга ёзган шикоятлари кўриб чиқилиши учун яна маҳаллий ҳокимларга қайтиб келяпти. Маҳаллий ҳокимлар эса ўз билганларича иш қилмоқдалар.
XS
SM
MD
LG