Линклар

Тожикистонда қирғизистонлик зобит қамалди

  • Гулнора Равшан

Салимзода яқинлари ҳукм устидан шикоят аризаси билан юқорироқ инстанцияларга мурожаат қилишларини билдирмоқдалар.

Салимзода яқинлари ҳукм устидан шикоят аризаси билан юқорироқ инстанцияларга мурожаат қилишларини билдирмоқдалар.

Тожикистон Олий суди қирғизистонлик фуқаро Муҳаммадий Салимзодани жосуслик ҳамда давлат тўнтариши уюштиришга ҳаракат қилганлик айби билан 29 йилга озодликдан маҳрум этди.

Қирғизистонлик фуқаро Муҳаммадий Салимзода устидан бўлиб ўтган маҳкамага раислик қилган Тожикистон Олий суди судяси Насим Ҳасанов микрофонсиз суҳбатда ҳукм 6 май куни ўқилганини маълум қилар экан, мазкур иш юзасидан ҳар қандай шарҳлардан тийилишини, зеро, ёпиқ эшиклар ортида ўтган суд жараёни ўта махфий эканини билдирди.

Суд жараёнида қатнашган Шоира Салимзода отасига нисбатан суд ҳукмини адолатсиз, дея баҳолайди.

Шоирага кўра, ўтган йили Тожикистон Миллий хавфсизлик ходимлари томонидан қўлга олинган отаси терговчилар босими остида кўрсатма берган.

- Булардаги биргина асос отамнинг гуноҳларига иқрор бўлганидир. Аммо беш ой давомида яқинлари ҳолидан хабарсиз, оқловчисиз бўлган одамнинг асаблари босимларга бардош бера олмаслиги табиий. Шунинг учун ҳам биз бу ҳукмни мутлақо адолатсиз, деб биламиз, дейди Шоира Салимзода.

Муҳаммадий Салимзоданинг яқинларига кўра, у Тожикистон шимолида туғилган, аммо 1993 йили Қирғизистон фуқаролигини олган ва бу мамлакат Мудофаа вазирлиги зобити бўлиб ишлаган.

Айни пайтда қирғиз зобити экани айтилаётган Салимзоданинг Қирғизистон фойдасига жосуслик қилгани ҳамда Тожикистонда давлат тўнтариши уюштиришга уринганлиги айби билан 29 йилга озодликдан маҳрум этилганидан хабардор Қирғизистон томони бу воқеага ўз муносабатини билдирмаяпти.

Қирғизистон Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати ходими лейтенант Иван Михайлов Салимзода 2000 йилгача Қирғизистон қуролли кучлари сафида хизмат қилганини, аммо кейин ўз хоҳиши билан ишдан бўшаб кетганини маълум қилди.

- У 2000 йилда ўз хоҳиши билан ишдан кетгандан сўнг шартномани узайтирмаган. 2000 йилдан эътиборан у оддий фуқаро саналади. Салимзоданинг вазирликка ҳеч қандай алоқаси йўқ, деди Иван Михайлов.

Қирғизистоннинг Тожикистондаги элчихонасига қўнғироқ қилиб, қирғиз фуқаросининг Тожикистон ҳудудида жосуслик айби билан қўлга олиниши ва узоқ йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинишига қирғиз расмийлари муносабатини сўрадик.

Ўзини Қирғизистон консули Эрнис Абдуллаев деб таништирган дипломат бу масалани ўрганиш учун элчихона ходимларидан бири топшириқ олганини, аммо зарур маълумотлар тўпланмагунича бу борада ҳеч қандай изоҳ берилмаслигини билдирди.

Ишончли манбалардан олинган маълумотларга кўра, 49 ёшли Муҳаммадий Салимзода 2008 йил августида шахсий иши билан Хўжандга келган чоғида Тожикистон Миллий хавфсизлик қўмитаси ходимлари томонидан қўлга олинган.

Салимзода яқинлари унинг вақтинчалик сақлаш изоляторида тутиб турилгани ҳақида у ҳибсга олинганидан 5 ой ўтгачгина хабар топганлар. Тожикистон тегишли идоралари ҳам бу борадаги маълумотларни Салимзода ҳибсга олинганидан роса беш ой ўтгач тасдиқлаган эди.

Салимзоданинг яқинлари суд ҳукми юзасидан кассация тартибида ариза билан судга мурожаат этишларини айтмоқдалар.
XS
SM
MD
LG