Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 04:52

Ҳар икки гектарга бир иш


Афтидан¸ расмий Тошкент қишлоқлардаги ишсизлик ва қашшоқлик учун маъсулиятни ҳам фермерлар зиммасига юкламоқчи.
Афтидан¸ расмий Тошкент қишлоқлардаги ишсизлик ва қашшоқлик учун маъсулиятни ҳам фермерлар зиммасига юкламоқчи.

“Ҳозиржавоб” гуруҳига кўра¸ Ўзбекистоннинг айрим вилоятларида фермерлар янги иш жойлари яратишга мажбур қилинмоқда.Маҳаллий расмийлар бу талабни ишсизликка қарши кураш доирасида кўрилаётган чора¸ дея изоҳламоқда.

“Ҳозиржавоб” таҳлилий гуруҳи вакили Суҳроб Исмоиловнинг Озодлик радиосига айтишича¸ бир нечта вилоятда маҳаллий ҳокимият вакиллари фермерларни иш жойлари яратишга мажбур қилмоқда. Унга кўра, фермернинг нечта одамни иш билан таъминлаши унинг ерига қараб белгиланмоқда.

- Биз апрел ойининг иккинчи ярмидан бошлаб май ойининг бошларигача Сурхондарë¸ Сирдарë¸ Қашқадарë¸ Самарқанд ва Хоразм вилоятларида ер хўжаликларига эга бўлган фермерлар билан гаплашдик. Улардан олган хабарларимизга кўра¸ ҳозирги пайтда туман ва вилоят ҳокимликлари даражасида фермерлар ҳар икки гектар ерга бир ишчи ўрни яратишга ва ишчи олишга мажбур қилинаëтган экан.

Бу жараëннинг бошланишига нима асос бўлганини аниқлашнинг ҳеч имкони бўлмади. Расмийлардан ҳам¸ ҳокимиятдан ҳам маълумот олишнинг иложи бўлмади.

Фермерларнинг сўзларига кўра, янги бошланаëтган мажбурлаш жараëни ҳокимларнинг оғзаки буйруғига кўра бўлаëтган экан, дейди “Ҳозиржавоб” гуруҳ вакили.

Ўзбекистон республикаси Иқтисодиёт вазирлиги ва Ўзбекистон республикаси Статистика қўмитаси 2009 йилнинг биринчи чорагидаги ижтимоий-иқтисодий ривожланиш тўғрисидаги расмий маълумотни эълон қилди.

Ҳужжатнинг “Аҳоли бандлиги ва даромадлари” қисмида қишлоқ жойларида 148 минг 200та иш ўрни яратилгани билдирилган. Аммо айрим вилоятлардаги маҳаллий ҳокимият расмийларининг ҳатти-ҳаракатлари бу маълумотларни савол остига қўймоқда.

Фермерларга кўра, қишлоқ аҳолисини иш билан таъминлаш жараёни жадал бораётганини кўрсатиш учун маҳаллий расмийлар “хўжакўрсин” қабилидаги тадбирларни амалга оширмоқда.

Бухородаги фермер хўжалиги собиқ раҳбари Бобомурод Раззоқовнинг айтишича, бу вилоятда маҳаллий амалдорлар фермерлардан қўшимча ишчи ёлланганини расмийлаштиришни талаб қилмоқда.

- Бизнинг Бухоро вилоятида маҳаллий ҳокимият томонидан ҳар гектар ерингга ëки ҳар икки гектар ерингга битта ишчи оласан, деган нарсалар бўлган эмас. Унинг ўрнига аҳолини иш билан таъминлаш масаласида қўшиб ëзишлар авжига чиқиб кетган.

Иш ўрни яратилди¸ деган қоғоз билан меҳнат биржаларидан келиб фермерларга қўл қўйдириб: “Мен фалонча ишчи олдим” деган ҳужжатларни расмийлаштириб олиб кетишаяпти. Бу бор гап, дейди Бухородаги фермер хўжалиги собиқ раҳбари Бобомурод Раззоқов.

Глобал иқтисодий бўҳрон сабабли чет элларда ишсиз қолган ўзбекистонликлар ватанга қайтиб келмоқда. Ўз навбатида, бу мамлакатда ишсизлар сони кўпайишига сабаб бўлмоқда. Суҳроб Исмоиловга кўра, маҳаллий амалдорлар янги иш жойлари яратиш ҳақдаги талабни кучайиб бораëтган ишсизликка қарши кураш чораси сифатида изоҳламоқда.

- Расмийларнинг фермерларга айтиши бўйича¸ бу Ўзбекистонда ишсизликка қарши кураш бошлангани билан изоҳланаëтган экан. Биз Сирдарë вилоятидан битта фермер билан гаплашдик. Афсус¸ биз у кишининг исмларини ошкор қила олмаймиз.

У кишида 80 гектар ер бор экан. Ҳокимиятнинг буйруғига кўра¸ янги иш ўрни яратадиган бўлса¸ 40та иш ўрни яратиши керак.

Кўпчилик фермерларнинг эътироф этишларича¸ улар ҳалигача ўтган йилги пахта ҳосили учун давлатдан пулларини тўлиқ олишмаган, дейди “Ҳозиржавоб” гуруҳ вакили.

Унга кўра, ҳокимият расмийлари иш жойи яратиш вазифасини уддалай олмаган фермерларнинг ерларини тортиб олиш билан таҳдид қилган.

- Ҳокимиятлар томонидан мана шунақа мажбурият айтилган ва яна фермерларни огоҳлантириш ҳолатлари кузатилаяпти. Кўп жойларда туман ҳокимиятлари даражасида фермерларга¸ агар иш ўрни яратишни уддалай олишмаса¸ бемалол ўз ерларини топшириш бўйича ариза ëзишлари мумкинлиги тўғрисида таҳдид қилинаяпти, дейди Суҳроб Исмоилов.

“Ҳозиржавоб” гуруҳи аъзоси фермерлардан янги иш жойлари яратишни талаб қилишнинг салбий оқибатларга олиб келишидан огоҳлантиради.

- Биз ўйлаймизки¸ мана шунақа тазйиқ ва таҳдидлар оқибатида кўп фермерлар ерсиз қолади ва улар ҳам Ўзбекистондаги ишсизлар сони¸ қолаверса, Ўзбекистон меҳнат муҳожирлари сонини тўлдириши мумкин.

Бундай чора-тадбирлар билан ишсизликни камайтириб бўлмайди. Бундан биттагина натижа бўлиши мумкин: қоғозбозлик кўпаяди¸ холос.

Қуйи турувчи давлат органларининг марказ органларига “мана шунча миқдорда ишсизликни камайтирдик” деган ëлғон статистик маълумотларни узатиши давом этаверади, дейди Суҳроб Исмоилов.

Таҳлилий гуруҳ фикрича, янги иш жойлари яратишга мажбурлаш¸ фермерлар орасида норозилик кучайиши ва давлатнинг қишлоқ хўжалик соҳасида юритаётган сиёсатига ишончсизликни янада ошириши мумкин.
XS
SM
MD
LG