Линклар

"Буюк ипак йўли" орзусида

  • Алишер Сиддиқ

Европа Иттифоқини улкан газ ва нефт заҳираларига эга жануб давлатлари билан боғловчи "Жанубий коридор" лойиҳаси юрагида Набукко қувурлар йўналишини барпо этиш режаси ëтибди.

Европа Иттифоқини улкан газ ва нефт заҳираларига эга жануб давлатлари билан боғловчи "Жанубий коридор" лойиҳаси юрагида Набукко қувурлар йўналишини барпо этиш режаси ëтибди.

8 май куни Прагада ўтадиган Европа Иттифоқи саммитида “Янги буюк ипак йўли”ни барпо этиш бўйича декларация қабул қилинади. Марказий Осиё, Кавказ, Яқин Шарқ давлатларини бевосита Европа билан боғловчи "Жанубий коридор” лойиҳаси, Европа Иттифоқининг Россия ëнилғисига қарамлигини камайтиришга қаратилган.

Прагадаги саммитга таклиф этилган Озарбайжон, Миср, Грузия, Ироқ, Туркия, Қозоғистон, Туркманистон ва Ўзбекистон расмийларининг ушбу лойиҳани бир овоздан қўллаб-қувватлашларини эълон қилиши кутилмоқда.

Ўз навбатида Европа Иттифоқи Марказий Осиë ва Кавказ ëнилғисини ўз ҳудудига олиб келувчи мазкур қувурларни қуриш учун лозим барча сиёсий, иқтисодий ва молиявий кўмак берилишини таъкидламоқда.

Шу боис¸ Прагадаги Европа Иттифоқи анжуманининг узоқ муддат ўлик лойиҳалар сифатида қаралган “Набукко” ва “Транскаспий” газ қувурлари лойиҳасини жонлантириши айтилаётир.

“Жанубий коридор” ўзагини янги қувурлар ташкил этса-са, айни пайтда бу лойиҳа баробарида унга қўшилган давлатлар ўртасида савдо алоқалари, тажриба ва илғор технологиялар алмашинувини ривожлантириш кўзда тутилмоқда.

Айни пайтда¸ ҳозирча қоғозда қолаëтган бу лойиҳанинг амалга кўчиши осон бўлмаслиги ҳам айтилаëтир.

Озодликнинг Брюсселдаги мухбири Ахто Лобякас Марказий Осиё минтақасида Европа Иттифоқига рақиблик қилаётган Хитой ва Россиянинг лойиҳага тўсқинлик қилишини тахмин этади.

- Брюссел расмийларининг аниқ-тиниқ билдиришича, агар Европа Иттифоқи Қозоғистон, Туркманистон ва Ўзбекистон билан келишиб олмаса, улар билан бошқалар келишиб олади.

Брюссел расмийлари минтақада Россия ва Хитой уларга рақиблик қилаётганини яширмайди.

Шунинг учун “Жанубий коридор” лойиҳаси олдидаги тўсиқлар ҳақда гапирганимизда, бу борада Россия ва Хитойнинг Европа Иттифоқини чеклашга қаратилган ҳар қандай ҳаракатларини назарда тутамиз¸ дейди Ахто Лобякас.

Энергия етказиб берувчи давлат сифатида унчалик катта аҳамиятга эга бўлмаса ҳам Европа Иттифоқи “Янги буюк ипак йўли” лойиҳасига Ўзбекистонни ҳам қўшиш ниятида.

Аммо¸ бунинг учун Ўзбекистон сиëсий жиҳатдан барқарор қолиши ва бир қатор иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириши керак.

Марказий Осиё бўйича таҳлилчи Сванте Корнел¸ Ўзбекистон ҳукуматининг Европа билан яқинлашиш борасидаги тасаввурларининг бунга тескари эканини айтади.

- Улар Ғарб билан анчадан буён муносабатларни яхшилаш истагида эди. Аммо бунинг эвазига расмий Тошкент ўзи учун қимматга тушиши мумкин бўлган жиддий ислоҳотларни амалга оширмоқчи эмас.

Ўзбекистон ҳамон Афғонистонга қўшни бўлганлиги сабабли Европа Иттифоқи қизиқиши доирасида қолмоқда¸ дейди Сванте Корнел.

“Жанубий коридор” лойиҳаси бир қатор Марказий Осиё, Кавказ ва Яқин Шарқ давлатлари томонидан қўллаб-қувватланаётганига қарамасдан, ҳозирча Россия бу борада пинагини ҳам бузаётгани йўқ¸ дейди Россия стратегик тадқиқотлар институти таҳлилчиси Аждар Куртов.

- Европаликлар йиллар мобайнида давом этаётган бу гаплардан, қоғоздагина қолаëтган бу лойиҳалардан нарига ўтиб¸ амалда Россияга муқобил бўладиган ҳеч нарсани ўртага қўя олгани йўқ.

Хитойнинг минтақага экспансияси давом этмоқда. Европага нефт ва газнинг асосий қисми эса ҳамон Россия орқали ўтмоқда¸ дейди Аждар Куртов.

Европа Иттифоқи расмийларининг эътирофича, “Жанубий коридор” Россияни Европа Иттифоқининг асосий нефт ва газ таъминотчиси сифатида харитадан олиб ташламайди. У фақат иттифоқнинг Россияга бўлган қарамлигини камайтиради¸ холос.

“Янги буюк ипак йўли” лойиҳаси тўлиқ ишга туширилган тақдирда ҳам, 2020 йилга бориб бу йўналиш орқали Европа Иттифоқининг газга бўлган эҳтиёжининг кўпи билан 10-15 фоизигача қопланиши кутилмоқда.
XS
SM
MD
LG