Линклар

"Шарқий ҳамкорлик" дастури старт олди


Кеча Европа Иттифоқининг Прагада ўтган саммитида Иттифоқнинг шарқдаги қўшнилари билан алоқаларни мустаҳкамлашни кўзловчи "Шарқий ҳамкорлик" дастурига старт берилди.

Собиқ Совет Иттифоқининг олти давлати – Озарбайжон, Арманистон, Беларус, Грузия, Молдова ва Украина билан сиёсий, савдо ҳамда энергетика соҳасида муносабатларни жипслаштиришни мақсад қилган дастурнинг амалга оширишга киришилганини Европа Комиссияси раҳбари Жозе Мануэл Баррозо “тарихий воқеа” деб атади.

- Шарқий ҳамкорлик – шарқдаги қўшниларимиз, ҳамкорларимиз билан алоқаларни мустаҳкамлаш борасидаги муҳим ташаббусдир. Бу, шунингдек, минтақавий ҳамкорликни рағбатлантирувчи муҳим восита ҳамдир, деди Жозе Мануэл Баррозо.

"Шарқий ҳамкорлик" дастури доирасида Европа Иттифоқи шарқдаги кўшнилари билан эркин савдо, иқтисодий ёрдам, хавфсизлик масаласида мунтазам маслаҳатлашувлар ўтказиш, келажакда иқтисодий интеграцияга киришиш имконияти ҳамда визасиз борди-келди каби таклифларни илгари сурган.

Шунингдек, бундай ҳамкорлик режалари бу мамлакатлар елкасига айрим мажбуриятларни ҳам юклайди. Хусусан, демократия тамойилларига содиқлик, қонун устиворлигини таъминлаш ҳамда инсон ҳуқуқларини ҳурмат этиш шартлари ана шулар жумласидан.

Москва эса ўзининг анъанавий таъсир доирасида бўлиб келган ушбу мамлакатларга нисбатан Европа Иттифоқи бошлаган ҳатти-ҳаракатларга ишончсизлик ва шубҳа билдирган.
XS
SM
MD
LG