Линклар

“13 май Хотира ва мотам кунига айлансин”


Ўзбекистонлик ҳуқуқ ҳимоячилари ҳукуматни 2005 йилнинг 13 май кунги Андижондаги қонли воқеа қурбонлари хотирасини эътироф этиш ва ушбу кунга Хотира ва мотам куни расмий мақомини беришга чақирмоқда.

Uznews.net Интернет нашри хабарига кўра, Андижон воқеаларининг тўрт йиллиги муносабати билан ҳуқуқ ҳимоячилари 13 май куни Тошкентдаги Жасорат ҳайкали олдида 2005 йилги қирғин қурбонлари хотирасига гул қўйиш, бегуноҳ ҳалок бўлган эркак ва аёллар, қариялар ва болалар хотирасини бир дақиқалик сукут билан эслаш тадбирини ўтказишни режалаганлар ва бундай маросимни ўтказишга рухсат сўраб шаҳар хокимлигига мурожаат қилганлар.

Ҳуқуқ фаоллари Андижон қатлиоми қурбонларини хотирлаш акциясини 2005 йилдан бошлаб ўтказишга ҳаракат қилиб келадилар, бироқ ҳар сафар уларнинг тинч йиғилишлари милиция кучлари томонидан тарқатиб юборилади.

Ўзбекистон ҳукумати Андижонда аксари террорчилардан иборат 187 киши ҳалок этилганини айтади.

Воқеа гувоҳлари ва журналистлар эса аёллар ҳамда болалар дохил мингга яқин қуролсиз намойишчи Ўзбекистон ҳукумати отган ўққа учиб, қурбон бўлган, деб биладилар.

Ҳукумат тўрт йил аввалги Андижондаги қатлиом юзасидан халқаро ҳамжамиятнинг мустақил тергов ўтказиш чақириқларини рад этиб келмоқда.
XS
SM
MD
LG