Линклар

logo-print

Эр - хотин кишининг ярим пири..?

  • Барно Анвар

Мусулмон жамиятида аëлга нисбатан мавжуд ҳақсизликлар сабаби ҳақда баҳс этаëтганлардан бир гуруҳи бу муаммо илдизини бевосита Қуръон билан боғласалар¸ мухолиф томон Қуръонда аëлга мукаммал ҳақ берилгани ва муаммо илмсизликда эканини айтмоқда.

Мусулмон жамиятида аëлга нисбатан мавжуд ҳақсизликлар сабаби ҳақда баҳс этаëтганлардан бир гуруҳи бу муаммо илдизини бевосита Қуръон билан боғласалар¸ мухолиф томон Қуръонда аëлга мукаммал ҳақ берилгани ва муаммо илмсизликда эканини айтмоқда.

Аксар мусулмон ўлкаларининг тараққиëтдан ортда қолаëтгани сабабини излаëтган таҳлилчилар¸ муаммо ўзагида мусулмон жамиятидаги аëлга муносабат¸ аëл ҳақлари¸ унинг эрки ва ҳурриятининг эркаклар томонидан поймол этилаëтгани ëтганини қайд этадилар.

“Ислом ва мусулмонлар” эшиттиришининг аввалги сонида мусулмон жамиятларида аёлларнинг ҳақ-ҳуқуқлари масаласи, хусусан, аёлнинг эрга итоати ҳақида гап бошлаган эдик.

Марказий Осиё республикаларида яшаётган баъзи аёллар ва эркакларнинг бу борада муносабатларини тинглаган эдик.

Суҳбатларимиздан ойдинлашган ҳол шу бўлган эдики, мусулмон ўзбек оилаларида аёллар ҳамма-ҳамма масалаларда, одатан, эрига итоат қилади.

Итоатига кўра эса аёллар икки тоифага ажралади.

Биринчи тоифа аёллар ўз эътиқодидан келиб чиқиб, яъни у дунёни ўйлаб, эрига итоат қилади.

- Бизнинг тил билан айтганда эр хотин кишининг ярим пири бўлади¸ деган эди ўтган эшиттиришимиздаги суҳбатдошлардан бири.

Иккинчи тоифа аёллар эса турмушида қийинчилик, азоб бўлишидан қўрқиб, яъни бу дунёлигини ўйлаб, эрига итоат қилади.

- Эркак кишининг феъли тез бўлади. Амал қилишга мажбурсиз. Эркак киши уриши мумкин¸ рўзғорингиз аччиқ бўлиши мумкин¸ деган эди ўтган эшиттиришимизда иштирок этган суҳбатдошлардан яна бири.

Охир-оқибатда, ҳар икки тоифа ҳам эрига итоат қилади ёки итоат қилиш шарт, деб ҳисоблайди.

Эҳтимол, шу боис, мусулмон оилаларда эрнинг ҳукмронлиги, аёлнинг эса эрига қарамлилигига ўзбек аёлларининг эътирозини деярли эшитмаймиз.

Эътироз ёки норозиликни эшитмаганимиз мусулмон ўзбек оилаларида аёлларга нисбатан ҳақсизлик, адолатсизлик, зулм-зўравонлик йўқ, дегани эмаслиги ҳам ҳаммага аён гап.

Аммо бу борада сукунатнинг бузилмагани, яъни бу муаммолар кўп ҳолларда мусулмон жамиятлари муҳокамасидан четда қолаётгани ва бунинг оқибатида юзага келаётган ижтимоий-иқтисодий муаммоларнинг кўпчилиги ҳануз тахи бузилмай турганидир.

“Қуръон”и Каримнинг Нисо сураси, 34 оятида “Эркаклар хотинлари устидан раҳбардурлар. Бунга сабаб Оллоҳ уларнинг бировларини бировларидан ортиқ қилганидир”, дейилади.

“Қуръон”да бу мазмун ифодаланган ва аёлларнинг барча-барча масалаларда эрга итоат қилиши буюрилган яна бошқа оятлар ҳам бор.

Шунингдек, ҳадислар ҳам талай. Буюк муҳаддислардан бири Термизий ривоят қилган биргина ҳадисни мисол келтирамиз: “Эркак киши аёлини ҳожати учун чорлаганида¸ гарчи у тандир устида бўлса-да, етиб келсин”.

Ислом динининг муқаддас китобларида ўзини мусулмон санаган аёллар шу каби тартиб-қоидаларга бўйсунмас экан, унга жаннат эшиклари очилмаслиги қатъий белгиланган.

Мусулмон ўзбек аёллари, айниқса, турмуш қурган, бир неча фарзандни тарбия қилаётган аёлларнинг асосий қисми бунга ҳеч бир эътирозсиз амал қилади.

Биз бу борада дастлаб, ўзбекистонлик икки аёлни суҳбатга тортдик. Улардан бири зиёли аёл, фан номзоди Шоҳиста Каримова. Яна бири эса уй бекаси, Жамила исмли муслима аёл.

Ҳар икки аёл ҳам мусулмон аёлларнинг эрга сўзсиз итоати ортида ҳал қилиб олиниши зарур бўлган муаммолар занжирини кўради.

Дастлаб, зиёли аёл, филология фанлари номзоди Шохиста Каримовага қулоқ тутамиз.

Унинг фикрича, ўзбек мусулмонлари оиласида аёлларнинг итоати, одатан, англанган ва эрининг аёлига нисбатан ҳурмати эвазига пайдо бўлган итоат эмас, балки, эрнинг зулмидан ёxуд жамиятдаги ижтимоий муаммолардан ўсиб чиққан қўрқув туфайли туғилган итоатдир.

- Ислом динига эътиқод қиладиган мамлакатларда гендер муаммоси бу абадий масала. Чунки¸ бунинг ҳаммасининг илдизи муқаддас Қуръони Каримга бориб тақалади.

Аëл ўз эрини рози қилмагунча¸ жаннатга тушмайди деган маънода оятларда айтилган нарса аëлни эрга итоатда маҳкам тутиб турган нарсадир.

Аëлларнинг аксарияти, гарчи ўзида хоҳиш йўқ бўлса-да¸ бунга итоат қилади. Ичида инкор бўлса ҳам айта олмайди. Чунки бу тоифа аëлларга эридан ажраш ҳамма нарсадан ажралишдай бир кулфат бўлиб туюлади.

Сабаби, у ўз вақтида ҳақ-ҳуқуқсизлиги боис¸ “қиз бола ўқиб нима қилади” деб ўқимаган. Ҳунар ўрганай деб ҳунар ўрганган¸ аммо атрофда ҳамманинг ҳунари бор. Масалан, чеварлик билан шуғулланаман деса¸ маҳаллада ҳамма чевар.

"Нажот¸ қандай бўлишидан қатъий назар¸ мана шу эрнинг этагини тутиш" дейдида¸ эри нимаики буйруқ қилмасин, бажаришга мажбур бўлади¸ дейди Шоҳиста Каримова.

Бу кўр-кўрона итоатнинг оқибатлари эса яққол аён, дея сўзларини давом эттиради бу суҳбатдошимиз. Мусулмон аёл оила остонасидан ичкарида, ўз муаммолари билан ёлғиз қолиб кетгани боис¸ мусулмон жамиятларида илм даражаси ҳануз пастлаб бормоқда.

- Масалан, шайх бошлиқ ҳамма “Мусулмон мамлакатларида илм қадрланмайди. Нима учун барча мусулмон давлатлари тараққиëтдан орқада”, деб нолийди. Мен ҳозирги ëшимга келиб бунинг биттаю битта сабабини кашф қилдим.

Мусулмон дунëсида аëлга эътиборнинг йўқлиги¸ унинг ҳақ-ҳуқуқларининг топталиши¸ аëлга эътиборнинг¸ ишончнинг йўқлиги¸ охир-оқибатда давлатларнинг тараққиëт томонга силжимаслигига¸ қолоқлик ботқоғидан чиқа олмаслигига сабаб бўлмоқда.

Бунинг ижтимоий оқибатлари жуда ҳам кўп. Маърифатсиз она тарбиялаган бола¸ маърифатсиз бўлади¸ жоҳил она тарбияласа¸ жоҳил бўлади.

Тўғри гендер муаммоси ва бошқа масалалар қўзғалиб, аëлларда фикр уйғотишга ҳаракат қилинади. Лекин бу деворга тош отсангиз¸ ўзингизга қайтиб келадигандек туюлаверадида менга¸ дейди Шоҳиста Каримова.

Суҳбатдошимиз баъзи мусулмон жамиятларида бу жараён асрлардан буён давом этиб келаётганини урғулаб, бир мана бу сатрларни тилга олди.

- Умар Ҳайëмда “Зангори гумбазли осмон остида¸ На чин мусулмонмиз¸ на кофир тамом” деган сатрлари бор. Ҳайëм¸ Ислом дини кириб келганидан бир неча аср ўтиб¸ ижод этган.

Мана орадан қанча йиллар ўтган бўлса ҳам¸ мусулмонлардаги маҳдудлик йўқолгани йўқ. Шунча асрлардан бери Қуръоннинг асл моҳиятига етиб борганлар жуда ҳам кам.

Агар Қуръоннинг асл моҳиятига етиб борилганида эди¸ мусулмон жамиятлари ҳозирги ачинарли аҳволга тушиб қолмаган бўларди.

Қуръонни ўрганса тамом¸ у ўз-ўзидан дунëвий илмга йўл очиб беради. Биз бўлса на диний илмни охиригача биламиз¸ на дунëвий илмни қойиллатамиз. Шунинг учун ҳам ҳаëтимиз аросатда.

Бунинг касри ҳаммага уради. Энг жабрдийдалар ўз-ўзидан аëллар бўлади. Чунки аëл киши ҳам ўз қизини шундай мутаассибликда тарбия қилади.

Ўша қобиқнинг ичида яна неча-неча авлодлар айланиб кетишини ўйласангиз¸ бу даҳшат¸ дейди Шоҳиста Каримова.

Ўзбекистонлик зиёли аёл, филология фанлари номзоди Шоҳиста Каримованинг сўзлари эди.

Яна бир суҳбатдошимиз ўзбекистонлик муслима аёл, уй бекаси Жамила. У мусулмон оилада, аммо, ҳаёт тарзи исломий бўлмаган оилада улғайган. Лекин исломий оилага келин бўлиб тушган ва ҳозир уч фарзанднинг онаси.

У¸ аёл киши ўз эрига итоат қилиши шарт, деган тартибга амал қилади ва агар мусулмон оилалар шариатнинг бу тартибига тўлиқ ва тўғри амал қилса, аёлнинг ҳаққи поймол бўлмайди, деб ишонади.

Аммо исломий оилаларнинг илмсизлиги ёхуд илмига тўлиқ амал қилмаслиги боис аёлларнинг кўп ҳолларда ҳақсизликка учраши бор гап, дейди бу аёл ҳам.

Бунга мисол тариқасида аксар мусулмон оилаларда аёлларга қўйиладиган ва одатан, муслима аёлларни қийин аҳволга соладиган, дея бир талабни тилга олади бу суҳбатдошимиз.

-Ўзбек урф-одатига қарасангиз¸ биринчи навбатда эрингнинг онасига қарашинг шарт. Агар қайнона рози бўлмайдиган бўлса¸ келин икки кунда йўқ бўлади. Келинлар тинимсиз қайнонанинг хизматини қиламан¸ дейди.

Ўзбеклар шундоқ ҳам хизмат қилади барибир. Кейин келин чарчайди¸ эрига яхши қарай олмайди. Эри эртага бирпасда бошқасига нима бўлиб¸ яна уйланишига тўғри келиб қолади. Шунақа адолатсизликлар юз беради.

Илмсизлик¸ Исломни ҳақиқий тушунмасликнинг оқибати бу. Агар ҳар бир мусулмон ўз ўрнини¸ ўз ишини билса¸ ҳар ким тўғри кўрсатма берса¸ ҳаммаси чиройли бўлади.

Бизларнинг раҳматли бувижонимиз ҳатто кирларини ўзлари ювсалар ҳам бирор марта бизга гапирмасдилар. Менга ҳар доим “Сизнинг биринчи вазифангиз эрингизни рози қилиш. Менга қараш¸ иккинчи даражали вазифангиз” дердилар.

Ўзбекларнинг оғзидан¸ қанақа исломий оила бўлишидан қатъий назар¸ мана шунақа гап деярли чиқмайди. Мана шу билимсизликнинг оқибати¸ дейди ўзбекистонлик муслима аёл, уй бекаси Жамила.

Ўзбекистонлик муслима аёл, уй бекаси Жамила ҳам мусулмон жамиятларда аёлларнинг ҳақлари поймол этилишидаги асосий сабабни илмсизлик ва илмига амал қилмаслик билан боғлайди.

Аслида, мусулмон жамиятлари учун аёлнинг сўзсиз итоати мақбул ҳол, дейди ҳозир муҳожиратда бўлган ўзбекистонлик дин уламоларидан бири.

Аммо, жамиятнинг муҳим бўлаги бўлган оилада бугунга келиб адолат мувозанати бузилган ва бу мувозанатни тиклайдиган тизимлар йўқ, деб ҳисоблайди бу уламо.

- “Олсангиз Исломни тўлиқ олинг¸ бўлмаса қўйиб қўйинг” деган гап бор. Исломда аëл киши асосан уйда ўтиради¸ уй бекаси бўлади. У фақат эрининг хизматини қилиш ва уй ишларини қилиш билан овора бўлади. Шунинг учун унда эри хоҳлаган пайтда чақирганда келишга имконият бўлади.

Ҳозирги кунга келиб эркак ўзининг эркаклигини қилмай қўяяпти¸ бу ëқда яна ҳукмини ўтказмоқчи бўлаяпти. Дейлик¸ эри аëлига ҳукмини ўтказиш учун ўша аëлни ҳамма жиҳатдан таъминлаб қўйиши керак.

Эр ҳар қанча камбағал бўлса ҳам¸ хотин қанча бой бўлса ҳам ўзининг пулини ўзига ишлатади¸ хоҳласа қариндошига бериб юборади. У аëл кишининг ҳаққи.

Ҳатто болани эмизмайман¸ дейдиган бўлса¸ бошқа эмизувчи аëл топиш керак ëки ўша “бола эмизмайман” деган аëлнинг ўзига эмизгани учун ҳақ тўлаш керак.

Аëл кишининг ўзига яраша ҳуқуқлари бор. Эркак киши аввал аëл кишининг ўша ҳуқуқларини қойиллатиб қўйиб¸ кейин ўзининг ҳукмини ўтказса бўлади.

Аммо¸ афсуски¸ ҳозирги кунда ҳар иккала тараф ҳам ўз мажбуриятини яхши бажармаяпти.

Озодлик: Қуръон бўйича оятлар билан¸ ҳадислар билан гапиришса¸ аëлларнинг ҳаққи жуда мукаммал. Ҳатто аëллар бир поғона тепада. Лекин мусулмон оиласига кирсангиз¸ аëллар бир неча поғона пастда. Ғарб давлатлари¸ инсон ҳуқуқлари ташкилотлари исломий жамиятларда аëллар ҳақ-ҳуқуқлари ҳар доим зўравонликка учрайди¸ бунга қарши исëн қилишдан аëлларни қўрқув ушлаб туради¸ дейишади.

- Тўппа тўғри. Бу нарса бор. Қайсидир даражада кўп жойларини ошириб юборишади. Масалан¸ аëл кишининг ишлаш масаласини¸ ўқиш масаласини олайлик. Аëлнинг саводига¸ бошқасига эътибор қилмайди. Қолоқлашиб қолаëтган ҳолатлари кўп. Бунақа ҳолатлар қайсидир даражада бор.

Бунинг ечими шундаки¸ дунëвий илм билан диний илмни бир хилда эгаллаш керак. Мен биринчидан¸ диний илмни эгаллаш қанчалик зарур бўлса¸ дунëвий илмни эгаллаш ҳам шунчалик зарур деб биламан.

Иккинчидан¸ муносабат масаласи. Ғайридинлар бир-бирига чиройли муносабатда бўлиб турганида¸ биз улардан кўра яхшироқ муносабат қилишимизга тўғри келади.

Яъни мусулмонман деб керилаяпсанми¸ ҳамма томондан ўзингни ўрнак қилиб кўрсатишга ҳаракат қилишинг керак.

Аëллар эркин фикрлаши керак¸ ўзининг ҳуқуқидан фойдалана олиши керак. Эрга хизмат деган нарсани эрдан қўрқиб эмас¸ динини¸ эрини ҳурмат қилиб¸ ҳам у дунë¸ ҳам бу дунëси учун фойдали деб билиб қилиши керак. Шунда чиройли итоат бўлади. Зўраки итоатлар яхши натижага олиб келмайди.

Агар эркак киши аëлнинг уйини¸ жойини¸ овқатини¸ кийимини – ҳамма ëғини чиройли қилиб берса¸ аëл кишининг эрига итоат қилиши шунақа осон нарсага айланади ва бу шунақа табиий¸ шунақа чиройли бўлади¸ натижада ўртада ҳеч қанақа муаммо қолмайди.

Муаммо шундаки¸ эркак аëл кишидан ўзининг вазифасини бажаришни талаб қилаверади¸ ўзининг устидаги вазифасини эса¸ ўзи бажармайди. Муаммо шундан келиб чиқаяпти¸ холос¸ дейди ҳозир муҳожиратда бўлган ўзбекистонлик дин уламоларидан бири.

***********************************

Азиз муштарий¸ мусулмон жамиятида аëлга нисбатан камситиш ва хўрлашни тўхтатиш учун Сиз нима қилмоқ керак¸ деб ўйлайсиз?

Матн остидаги шарҳ учун белгиланган катакка ўз мулоҳазаларингизни ëзиб¸ бизга йўлланг. Фикрларингиз учун Сизга олдиндан ташаккур билдирамиз.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG