Линклар

logo-print

Янгидан туғилган "Ушшоқ"

  • Абдулла Искандар

1980 йил февралида “Назм ва наво” кўрсатувида "Муножот" ва "Ушшоқ" ашулаларини айтган Муножот Йўлчиева бир кечанинг ўзида халқ оғзига тушди.

1980 йил февралида “Назм ва наво” кўрсатувида "Муножот" ва "Ушшоқ" ашулаларини айтган Муножот Йўлчиева бир кечанинг ўзида халқ оғзига тушди.

Ўзбек мумтоз қўшиқлари султони саналмиш “Қаро кўзим” ëхуд "Ушшоқ"ни асрлар мобайнида забардаст қўшиқчиларнинг кўпи айтиб келган бўлса-да¸ бу ўлмас қўшиқ Муножот Йўлчиева қиëфасида илк аëл ижрочисини топди.

Қаро кўзим¸ келу мардумлиғ эмди фан қилғил¸
Кўзум қаросида мардум киби ватан қилғил.


Бу ашулани мен патефон пластинкасининг ғижирлаган овозида ҳам¸ лентали магнитофонда ҳам¸ “Весна” деб аталган кассетали магнитофонда ҳам эшитганман.

Аммо бу ашулани оз бўлса ҳам тушунишимда доимо яшил бахмал дўппи кийиб юрадиган бақалоққина адабиëт муаллими Юсуф аканинг ҳиссаси кўп.

Кечқурун мактабда қоровуллик қилиб¸ кундузи адабиëтдан дарс берадиган Юсуф ака бу ғазалнинг:

Юзида терни кўруб ўлсам эй рафиқ, мени
Гулоб ила юву¸ гул баргидин кафан қилғил,


деган мисраси билан боғлиқ ривоятни ошиғич ҳаяжон билан айтиб, бизнинг ичимизда Навоий ижодига бўлган иштиëқни алангалантирар эди.

Биздан олдингилар бу қўшиқни Юнус Ражабий ижросида тинглаб, қулоқ қонди бўлишган.

Кунлардан бир кун телевизорнинг оқ-қора экранидан оҳиста, ўктам овозда “Қаро кўзум” тарала бошлади. Атлас кўйлак¸ ироқи дўппи кийган қизча¸ юрагим отлиқиб чиқмасин деган андишадами¸ қўлларини кўксига қўйиб куйлар¸ оҳиста овоз борган сари кучайиб борар эди. Куйлаëтган қиз Муножот Йўлчиева эди.

Қаро кўзум¸ келу мардумлиғ эмди фан қилғил,
Кўзум қаросида мардум киби ватан қилғил...


Бу қўшиқни мен Навоийнинг туғилган кунида куйлаганман¸ дейди Озодлик билан суҳбатда Ўзбекистон халқ артисти Муножот Йўлчиева.

- 1980 йил 9 феврал куни Алишер Навоийнинг туғилганига 539 йил тўлиши муносабати билан телевидениеда “Назм ва наво” деган кўрсатув бўлган.

Устозим Шавкат Мирзаев ўз қўлида таҳсил олаëтган талабаларни тайëрлаб¸ Навоий ғазалларидан ўрганиб, телевидениеда чиқиш қилганмиз. "Қаро кўзим¸ келу мардумлиғ эмди фан қилғил", бу "Ушшоқ"¸ дейди Муножот Йўлчиева.

Навоийнинг бу ғазалини ашула қилиб куйлаган Муножот бир кечада машҳур бўлди қўйди.

Муножот Йўлчиева: Ўша куни шу қўшиқни куйлаганимдан кейин мен бутун республика бўйлаб¸ қўшни Қозоғистон¸ Тожикистон¸ Қирғизистон бўйлаб танилдим.

Озодлик: Томошабин сизни бирдан қабул қилди ва бирдан машҳур бўлдингиз.

- Ҳа¸ бирдан машҳур бўлдим. Ўша куннинг ўзида менинг исм-фамилиям эълон қилинмаган. Шундай ашулалар ижро қилинган¸ ғазаллар ўқилган эди. Шунинг учун ҳамма “ким экан бу” деб билишга қизиққан.

Ундан кейин ҳам кўрсатувлар бўлди ва кейин-кейин одамлар менинг кимлигимни билди¸ дейди Муножот Йўлчиева.

Эртанги ошга сабзи тўғраëтган чоллар “Муножот дегани чиқибди¸ "Қаро кўзим"нинг авжига чиқди” дейишди.

Муножот Йўлчиева “Қаро кўзим”ни айтган пайтида¸ оëқда бўлган шўро ҳукумати ëш ижодкорларни рағбатлантириш ҳақида қарор чиқарди. Ўша даврда Ўзбекистоннинг раҳбари бўлган Шароф Рашидов бу қарорга суяниб, Муножот Йўлчиевани қўллаб-қувватлади.

Муножот Йўлчиева: Биз ўқиëтган пайтда¸ мақом ансамбллари қандайдир талабга жавоб берадиган пайтларга келиб қолган бўлса керак¸ “ëш овозларни таклиф қилинглар” деганида ўша пайтда мен билан бирга саккизта талабани мақом ансамблига ишга таклиф қилишган.

Шароф Рашидов бошчилик қилаëтган раҳбарият томонидан “Мана, ëш овозлар бор экан. Шуларни иш билан таъминланглар” деган гап айтилган.

Бизга ўқиш билан бирга¸ ишлаш учун ҳам шароит яратиб беришди. Ҳам ўқиганмиз¸ ҳам ишлаганмиз.

Озодлик: Муножотхон¸ ўша 1980 йилда ëш ижодкорларни – рассомларни¸ қўшиқчиларни¸ театрни қўллаб-қувватлаш тўғрисида қарор чиққан эди. "Илҳом" театри ҳам ўша пайтда ташкил топган эди. Ҳукуматнинг назари ўз йўлигаю¸ аммо буни ўша пайтда халқ ҳам қабул қилган эди.

- Халқ қабул қилгандан кейин “Ëшларга эътибор беринглар” деб ëшларга яна бир эътибор бўлди. Биз ўша пайтда тайëрлов курсида бўлганлигимизга қарамасдан¸ бизни профессионал санъаткорлар орасига¸ ўша мақом ансамблига қўшиб қўйишди.

У пайтда мақом ансамблига Юнус Ражабий раҳбарлик қиларди. Биз мақом ансамблига Ориф Алимаxсумов раҳбарлик қилаëтган пайтда ишга қабул қилинганмиз.

Профессионал санъаткор сифатида ишга таклиф қилинишимиз биз учун катта нарса эди¸ дейди Муножот Йўлчиева.

Алишер Навоийнинг “Хазойинул-маоний” китобига киритилган “Қаро кўзим” ғазали Оллоҳга орифона севги ҳақида. Бир сўз билан айтганда¸ исломий ғазал.

Фалакнинг гардишини қарангки¸ бу ғазални тарғиб қилиш даҳрий коммунистлар чекига тушди. Ғазал “Ушшоқ” деган куйга солиниб¸ ойнаи жаҳонда¸ радиода айлантирилди. Пластинка қилиб чиқарилди¸ кино олинди.

Навойнинг бу ғазалини билгичлар уни “уст-устига юкланган маънолар қатламаси” дейишади.

Муножот Йўлчиева бу ашулани оддий чўпонлар¸ пахтакорлар даврасида куйлар эди. Бу орифона мисраларни улар қалб кўзи билан тушунишар эди¸ деб эслайди суҳбатдош.

Муножот Йўлчиева: Биласизми¸ ҳамма ҳар хил талқин қилади. Ҳар бир тингловчига ҳар хил таъсир қилади. Биринчи навбатда овоз ўзига жалб қиладиган бўлса¸ кейинги ўринларда сўз ва мусиқа келади. Қўшиқ мукаммал даражада ижро қилинса¸ ҳаммани ўзига жалб қилиб олади.

Тингловчилар ичида ҳам ғазалиëтни тушунадиган¸ таҳлил қила оладиган мухлисларимиз бор. Баъзи бирлари бунинг фалсафий чуқур маъносини англай олмаса ҳам¸ баъзи бирлари буни Оллоҳга бўлган севги деб¸ бошқа баъзилари инсоннинг инсонга бўлган севгиси деб талқин қилишади.

Озодлик: Бошқа туркий халқлар¸ Озарбайжонлар¸ Туркиядаги турклар қандай қабул қилди буни?

- Озарбайжонда мен ҳали бўлмаганман. 2005 йил Туркиянинг Кўнë (Konya) шаҳрида концертда қатнашиб келдим. Айнан сўфий фестивалида қатнашдим.

Ўша ерда ҳам классик ашулаларимизни ижро қилдим. Жуда ҳам яхши қабул қилишди. Биз қўлдан келганча уларга бу ашуланинг маъносини тушунтиришга ҳаракат қилдик.

Қаро кўзим¸ келу мардумлиғ эмди фан қилғил¸
Кўзум қаросида мардум киби ватан қилғил.


Мана шу икки байтнинг ўзида чуқур фалсафий маъно бор. Бу байтларда мардум сўзининг ўзи икки маънода келаяпти. Ўхшатиш бўлаяпти.

Мардумнинг биринчи маъноси¸ халқ¸ инсонийлик маъносида бўлса¸ иккинчиси инсонийликни кўзнинг қорачиғида¸ яъни кўзнинг қорачиғи мардум деб нима қилинади. Кўзнинг қорачиғида инсонийликни ўзингга ватан қилиб қолгин тарзида таърифланади.

Халқимизда¸ айниқса ëшлар орасида миллий мусиқамизга¸ классикага қизиқувчилар жуда кўп. Менинг ижод қилаëтганимга¸ Худо хоҳласа¸ 30 йил бўлаяпти. Мен концертларда ҳар доим жонли ижро қиламан.

Айниқса¸ вилоятларда¸ чекка-чекка қишлоқларда концертлар бераман. Мана Наврўз олдидан Андижон вилоятига бориб концертлар бериб келдик.

Миллий эстрада йўналишида ҳам ашулаларим бор. Лекин¸ биласизми¸ классик ашулаларни қанча мукаммал ижро қилсам¸ шунча эшитишади. Шуни талаб қилишади¸ дейди Муножот Йўлчиева.

Мактабдаги адабиëт ўқитувчимиз бир куни синфга дутор олиб кирди ва

Хазон сипоҳига¸ эй боғбон эмас монеъ¸
Бу боғ томида гар игнадин тикан қилғил – эй-эй, ёрей¸ вой воей


дея тинғир-тинғир қилиб куйлар экан ўқитувчимиз бирдан тўхтаб¸ бизни дераза олдига чорлади.

Мактаб деразасидан қўшни чолнинг шафтолизор боғи кўриниб турар эди. Боғ атрофидаги девор устига тикан жангаллар ва қиррали шиша синиқлари тикилган эди.

Қаранг¸ деди ўқитувчимиз¸ бу боғнинг боғбони сизга ўхшаган шумтакалар ўтмасин деб девор устига тиканлар қўйибди¸ аммо эрта-индин хазон сипоҳи келса¸ бу игналар тўсиқ бўла олмайди. Ғазал маъносини тушундингизларми?

Ўқитувчимиз бу гапни айтганида сентябр ой эди. Орадан икки ой ўтиб боғни заъфарон ҳолда кўриб¸ Навоий ғазалини яна бир бор тушундим.

Вақт ўтиб мен бу мисраларни ичимда такрорлаб юрдим. Бу кадар ҳақидаги муҳим фалсафа эди. Мустабидлар ўз сарой деворини қанчалик қалин қилишса ҳам¸ бу девор ўлим элчилари учун чикора.

Яна қўшиққа қайтамиз. Бу қўшиқни Муножот Йўлчиевага қадар кўплар айтди¸ аммо айнан Муножот учун бу қўшиқ ташриф қоғози бўлди.

- Биласизми¸ масалан “Муножот” ашуласини Берта опам ижро этган бўлсалар¸ “Ушшоқ”ни Юнус Ражабий ижро қилганлар. Энди уларгача ҳам санъаткорлар ижро этишган.

Лекин менгача “Ушшоқ” ашуласини аëл хонандаларнинг ҳеч биттаси ижро қилмаган эди. Фақат эркаклар ижро қилишгани учун бу эркаклар ижро қиладиган ашула деб шов-шув бўлиб кетди.

“Бу ўз услубига¸ ўз ижросига эга бўлган хонанда. Ашула ўз эгасини яна топди. Қўшиқ янгидан дунëга келгандай бўлди”¸ деган фикрлар айтилди¸ дейди Муножот Йўлчиева.

1994 йили Берлиндаги бир кутубхонада Муножот Йўлчиеванинг “Қаро кўзим” ашуласини куйлаганига гувоҳ бўлганман. Ўшанда мустаҳкам қурилган немис ойналари овоз зарбидан зириллаб кетган эди.

Озодлик: Ашула нимаси билан бизни жалб қилади? Овоз зарбидан ҳосил бўлган эстетика бизни лол қиладиган омилми?

- Овоз ҳар бир инсонга берилган илоҳий неъмат. Устоз санъаткорларнинг ҳаммасига – Жўрахон Султонов деймизми¸ Юнус Ражабий деймизми¸ Маъмуржон Узоқов деймизми¸ илоҳий овоз берилган.

Бундай овози борлар ижро пайтида ўзлигини унутади. Ижрога берилиб кетади. Мусиқа билан ўзининг овозини тингловчига етказиб беради.

Мана ¸масалан ўзим ижро қилганимда экстазга тушиш ҳолларим бўлади. Яъни қандайдир ўзингиз сезмаган ҳолда берилиб кетасиз.

Бутун вужудингиз ҳаракатга келади. Бутун коинотга ижро қилингандай бўлади¸ дейди Муножот Йўлчиева.

Муножот Йўлчиева Тошкентдаги шифохонада муолажа олаëтиб биз билан суҳбатлашди.

Шунга қарамай¸ "Таниш қўшиқлар" саҳифасидаги анъанага кўра¸ суҳбатдошимиз Муножот Йўлчиева “Қаро кўзим” ашуласининг илк мисраларини Озодлик тингловчилари учун хиргойи қилиб берди.

Қаро кўзим¸ келу мардумлиғ эмди фан қилғил¸
Кўзум қаросида мардум киби ватан қилғил.

Юзинг гулига кўнгул равзасин яса гулшан¸
Қаддинг ниҳолиға жон гулшанин чаман қилғил.

Таковарингға бағир қонидан хино боғла¸
Итингга ғамзада жон риштасин расан қилғил.

Фироқ тоғида топилса туфроғим¸ эй чарх¸
Хамир этиб яна ул тоғда кўҳкан қилғил.

Юзунг висолига етсин¸ десанг кўнгулларни¸
Сочингни боштин-аëғ чин ила шикан қилғил.

Хазон сипоҳиға¸ эй боғбон¸ эмас монеъ¸
Бу боғ томида гар игнадин тикан қилғил.

Юзида терни кўруб ўлсам¸ эй рафиқ мени¸
Гулоб ила юву¸ гул баргидан кафан қилғил.

Навоий анжумани шавқ жон аро тузсанг¸
Анинг бошоқлиғ ўқин шамъи анжуман қилғил.
XS
SM
MD
LG