Линклар

logo-print

Саргардон ўзбеклар бошпана топиш арафасида

  • Ҳасанжон

Эрон ва Туркия ўртасида копток қилинаëтган ўзбекистонлик қочқинларни бехатар жойга жойлаштириш ва уларни вақтинча бошпана ва емак билан таъминлаш БМТ қочқинлар идораси назоратига ўтган.

Эрон ва Туркия ўртасида копток қилинаëтган ўзбекистонлик қочқинларни бехатар жойга жойлаштириш ва уларни вақтинча бошпана ва емак билан таъминлаш БМТ қочқинлар идораси назоратига ўтган.

2008 йил сентябр ва октябр ойида 20 дан ортиқ ўзбекистонлик қочқин Туркиядан Эронга мажбуран қайтариб юборилган эди. Кейинги маълумотларга кўра¸ БМТ идораси бу қочқинлар тақдирини ўз назоратига олган.

2008 йилнинг 12 октябр куни Туркиянинг Ван шаҳрида 24 нафар ўзбекистонлик қочқин полиция ходимлари томонидан қўлга олиниб¸ Эронга иккинчи марта мажбуран қайтариб юборилган эди.

Қатор инсон ҳуқуқлари ташкилотлари¸ жумладан Халқаро Амнистия ташкилоти¸ Туркия ҳуқуқ-тартибот органи расмийларининг бу ҳатти-ҳаракатини халқаро қонунларга зид дея баҳолаб¸ уни қоралаган эди.

2009 йил 29 январ куни бир гуруҳ инсон ҳуқуқлари фаоллари эълон қилган баёнотда Туркиядан чиқариб юборилган ўзбекистонлик қочқинлар қишнинг қаҳратон совуғида Эроннинг шимол-ғарбий тоғли минтақасида аянчли вазиятда қолгани билдирилган эди.

Халқаро Амнистия ташкилотининг 22 апрел кунги ҳисоботида Теҳрондаги БМТ идораси томонидан қочқин сифасида расман рўйхатга олинган ўзбекистонлик қочқинларнинг Эронга икки марта мажбуран чиқариб юборилгани Туркия ҳукумати ўз зиммасига олган халқаро мажбуриятларга зид экани қайд этилган.

Сўнгги маълумотларга кўра, ҳозирда қочқинлар масалалари бўйича БМТ идораси ушбу қочқинлар ишини кўриб чиқмоқда.

Бу ҳақда батафсил маълумот олиш учун қочқинлар иши бўйича БМТ идорасига қўнғироқ қилдик. Ўзбекистонлик қочқинлар иши БМТнинг тегишли идораси томонидан кўрилаётгани ҳақидаги маълумотни тасдиқлаган БМТ расмийси ҳозирда уларнинг қаерда экани ва улар тақдири билан боғлиқ саволларга жавоб беришдан бош тортди.

- Бу нозик масала бўлгани учун унга алоқадор бўлган шахслар хавфсизлигини кўзлаб, бу масала хусусида оммага шарҳ ёки баёнот беришдан тийилишни лозим топдик, деди БМТ расмийси.

Қароргоҳи Францияда жойлашган Марказий Осиёда Инсон ҳуқуқлари ассосиацияси Туркиядан Эронга мажбуран чиқариб юборилган ўзбекистонлик қочқинлар вазиятини кузатиб келаётган гуруҳлардан бири.

Ташкилот раҳбари Надежда Атаева ораларида 15 нафар бола бўлган ўзбекистонлик қочқинларнинг ҳозир хавфсиз жойда экани айтади.

- Қочқинлар масалалари бўйича БМТ идораси вакиллари уларнинг қаерда экани ҳақида маълумот бермасликка қарор қилишди. Шуни айтишим мумкинки, ҳозир улар тоғли минтақада эмас. Улар ҳозир ҳавфсиз жойда. Уларга гуманитар ёрдам кўрсатилди. Ҳозирда уларни кўчириш бўйича фаол иш олиб борилмоқда, дейди Надежда Атаева.

Бу қочқинларнинг Ўзбекистондан чиқиб кетиши тарихи 90-йиллар ўрталарига бориб тақалади. Ўша пайтда бир гуруҳ ўзбекистонлик диндорлар таъқиблардан қочиб аввал Тожикистон кейин Афғонистон ҳудудига ўтиб яшашган.

2001 йил 11 сентябр воқеаларидан сўнг АҚШ кучлари Афғонистонда толибларни ҳокимиятдан ағдариш учун ҳарбий амалиётлар бошлагач¸ ўзбекистонлик қочқинлар Эрон ҳудудига ўтган. Теҳрондаги БМТ идораси томонидан қочқин сифатида расман рўйхатга олинганига қарамай, Туркия ҳуқуқ-тартибот органлари уларни икки марта мамлакатдан мажбуран чиқариб юборган.

Надежда Атаевага кўра, ҳозирда икки давлат қаердалиги сир сақланаётган ўзбекистонлик қочқинларни қабул қилиш масаласини кўрмоқда.

Шундай бўлса-да¸ Эрон ва Туркия ўртасида саргардон бўлган ушбу ўзбек қочқинлар тақдирининг қачон узил-кесил ҳал бўлиши масаласи очиқ қолмоқда.

- Мен ҳозир аниқ муддатни айта олмайман. Аммо шуни айтишим мумкинки¸ ҳозирда икки давлат бу одамлар тақдири билан қизиқди. Бу Ғарб давлатлари экани одамни қувонтиради.

Уларга ҳар хил ёрлиқ ёпиштириш, уларнинг Ўзбекистон исломий ҳаракати аъзолари экани ва жамият учун хавфли экани ҳақида қўрқитиш уринишларига қарамай, улар БМТ томонидан тан олинган қочқинлардир. Қочқинлар ишлари бўйича БМТ идораси уларга қочқинлик мақомини берган экан¸ демак улар халқаро ҳимояга лойиқ.

Айрим давлатларнинг бундай қочқинларни қабул қилиш имкониятини излаётгани жуда муҳим. Мен ўзбекистонлик бу қочқинларнинг ҳаммаси бир мамлакатдан бошпана топади¸ деб ўйламайман.

Афтидан улар оила-оила бўлиб тақсимланади. Энг муҳими ҳозирда уларнинг иши кўриб чиқилмоқда, деди қароргоҳи Францияда жойлашган Марказий Осиёда Инсон ҳуқуқлари ассосиацияси раҳбари Надежда Атаева.
XS
SM
MD
LG