Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 11:25

Автоҳалокат айбдорлари топилди


Қашқадарëдаги Шошилинч тез ëрдам бўлими вакиллари автоҳалокатдан жабрланган йўловчиларнинг тузалиб¸ уйларига қайтганини айтмоқдалар.
Қашқадарëдаги Шошилинч тез ëрдам бўлими вакиллари автоҳалокатдан жабрланган йўловчиларнинг тузалиб¸ уйларига қайтганини айтмоқдалар.

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги ҳаракат хавфсизлиги бошқармасининг бир гуруҳ мансабдорлари 2 май куни тунда Қашқадарёнинг Қамаши туманида содир бўлган автоҳалокатдан кейин ишдан олинди.

“Новости”ахборот агентлигининг Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигидаги манбага таянган ҳолда хабар қилишича, Қамашидаги автоҳалокатдан кейин Ўзбекистон ИИВнинг Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси раҳбари Бахтиёр Эрматов ҳамда Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятлари Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси раҳбарлари лавозимидан бўшатилган.

Қашқадарё вилояти Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасининг йўллар мониторингига масъул бўлган бўлинмаси раҳбари қамоққа олиниб, унга нисбатан йўл транспорт ҳодисаси бўйича жиноий иш ҳам қўзғатилган.

Шунингдек, newsuz.com ахборот-таҳлилий сайтининг маълум қилишича, автоҳалокат рўй берган ҳудуд вакиллари ҳам ишдан олиниши мумкин.

Қашқадарё вилояти Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ходими Озодлик билан суҳбатда бошқарма бошлиғининг ишдан олинганини тасдиқлади. Бироқ автоҳалокат билан боғлиқ бошқа тафсилотларга тўхталишни истамади.

Сурхондарё вилоят Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ходими эса бошқарма бошлиғининг ишдан бўшатилгани ҳақдаги маълумотни инкор қилди.

- Бошқарма бошлиғи касал. У киши авария бўлмасдан аввал Тошкентга даволанишга кетган, деди милиция ходими.

Шунингдек, у мазкур автоҳалокатнинг айрим тафсилотларига ҳам тўхталди.

- Автобус Сурхондарëга қарашли, Шўрчиники. Автоҳалокат бўйича иш очилган. Текширув ўтказилаяпти, деди милиция ходими.

Автоҳалокат 1 майдан 2 майга ўтар кечаси тунги соат 01:35 да Қашқадарё вилоятининг Қамаши туманида Ғузор-Чим-Кўкдала автойўлининг 42-километрида содир бўлган эди.

Маълум бўлишича, Тошкентдан Сурхондарёга кетаётган “Мерседес” автобуси йўл четида турган экскаваторга урилган маҳал автобусда 53 нафар йўловчи бўлган.

Автоҳалокат натижасида ҳалок бўлганлар сони турли манбаларда турлича келтирилмоқда.

Регнум, Интерфакс каби ахборот агентликлари Қамашидаги автоҳалокатда 26 одамнинг ҳаётдан кўз юмгани ҳақда хабар қилдилар.

Воқеа содир бўлган куни Қамаши туман марказий шифохонаси ходимаси Озодлик билан суҳбатда автоҳалокатда ҳалок бўлганлар сонининг 30 та экани ва жароҳатланганларнинг барчаси туман шифохонасига олиб келинганини билдирган эди.

- Ҳозир бизларнинг шифохонага ётқизилгани 23 та. Автобусдаги одамлар сони 53 та бўлган, шундан жароҳатланган 23 одам бизга олиб келинди.

Озодлик: Нечта одам ҳалок бўлган?

- Қолгани барчаси ҳалок бўлган. Биздаги маълумотлар бўйича шунақа.

Озодлик: Демак, 53 одамдан 23 киши шифохонада, қолган 30 одам ҳалок бўлганми?

- Ҳа, шунақа, деган эди Қамаши туман марказий шифохонаси ходимаси.

Лекин орадан уч кунга яқин вақт ўтгач¸ 4 май куни соат 21:39 да Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигининг автоҳалокат тўғрисидаги маълумоти пайдо бўлди. Унда айтилишича, “Автоҳалокат натижасида 23 йўловчи ҳалок бўлган, 4 киши турли даражада тан жароҳати олган”.

Биз Қамаши туман марказий касалхонасига ётқизилган фуқаролар аҳволини билиш мақсадида касалхона бош шифокори Ўрол Ғаппоров билан боғландик.

- Бизнинг касалхонага келганларнинг ҳаммаси соғайиб кетди ва уларга жавоб берилди.

Озодлик: Қачон?

- Икки кун бўлди. Тўрт-бештасини вилоят Шошилинч тез ëрдам бўлимига ўтказдик. Қолганини соғлом қилиб, чиқариб юбордик. Ҳозир бизнинг Қамашидаги касалхонада бирортаси ҳам қолгани йўқ. Ҳаммаси яхши. Бирортасининг ҳам аҳволи оғирлашгани йўқ. Ҳеч биттаси ўлгани йўқ, деди Ўрол Ғаппоров.

Республика Шошилинч тиббиёт илмий маркази Қашқадарё филиали бошлиғи Рустам Йўлдошев автоҳалокатдан жароҳатланганлар шифохонага олиб келинганини тасдиқлади.

- Бу ерда етти киши ëтибди. Уларнинг ичида бештасининг аҳволи оғир, деди Рустам Йўлдошев.

ЎзА маълумотига кўра, йўл-транспорт ҳодисаси сабабларини аниқлаш учун махсус ҳукумат комиссияси ташкил этилиб, жабрланганлар ва ҳалок бўлганларнинг қариндошларига тиббий, моддий ва бошқа зарур ёрдамлар кўрсатилаяпти.

Шунингдек, ЎзА “Мазкур факт бўйича жиноят иши қўзғатилиб, тезкор-тергов гуруҳи тузилиб, йўл-транспорт ҳодисаси сабабларини аниқлаш ва айбдорларни жавобгарликка тортиш бўйича тегишли тадбирлар ўтказилмоқда”, дея хабар қилади.

Маълумотларга кўра, Ўзбекистонда 2008 йилда 10823 та йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлиб, оқибатда 2178 киши ҳалок бўлган, 11656 киши жароҳатланган.
XS
SM
MD
LG