Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 04:12

Пъер Морел: "Мақсадимиз Ўзбекистонга қарши эмас"


Тажрибали француз дипломати Пъер Морел¸ Ўзбекистон билан Европа Иттифоқи ўртасидаги яқинлашув сиëсати меъморларидан биридир.
Тажрибали француз дипломати Пъер Морел¸ Ўзбекистон билан Европа Иттифоқи ўртасидаги яқинлашув сиëсати меъморларидан биридир.

Европа Иттифоқининг "Жанубий коридор-Янги буюк ипак йўли" лойиҳаси юзасидан ўтган Прага саммитида Тошкент расмийлари ҳам иштирок этди. Иттифоқ расмийсига кўра¸ бу каби лойиҳалар Ўзбекистон мавқеини оширишга хизмат қилмоқда.

Ўзбекистон, Қозоғистон ва Туркманистон ҳукумат аъзолари Прагада бўлиб ўтган Европа Иттифоқи саммитида иштирок этди

Марказий Осиёнинг мазкур уч давлати Европа Иттифоқи таклиф этаётган "Жанубий коридор-Янги буюк ипак йўли" лойиҳасига қўшилсалар, бир неча йилдан сўнг ўз нефт, газ ва уранини Россияни четлаб ўтиб бевосита европаликларга сотиш имкониятини қўлга киритишлари мумкин.

Европа Иттифоқи саммитига Қозоғистон ва Ўзбекистондан вазир ўринбосарлари даражасида расмийлар келган бўлса, Туркманистон делегациясига Вазирлар маҳкамаси раисининг ўринбосари Тажберди Тагиев раҳбарлик қилди.

Делегация мақомини эса¸ Европа Иттифоқининг Россияни четлаб ўтувчи коридорни барпо этишга нисбатан давлатлар қизиқишининг қай даражада эканини кўрсатувчи омиллардан бири¸ дейиш мумкин.

Грузия, Туркия ва Озарбайжон президентлари Европа Иттифоқининг энг юқори мартабали мутасаддилари билан юзма-юз кўришиш имкониятини қўлдан бой бергани йўқ.

Шундай бўлса-да¸ Европа Иттифоқининг Марказий Осиё ва Кавказ давлатлари бўйича махсус вакили Пьер Морел Озодлик билан суҳбатда¸ делегациялар мақомига қарамай¸ уларнинг Прага йиғинида қатнашганларининг ўзи муҳим эканини айтади.

Пьер Морел: Бу учрашув ҳақитан ҳам олға ташланган муҳим қадамдир. Айтишим жоизки, Европа Иттифоқининг бу лойиҳани амалга ошириш борасидаги қатъияти кучаймоқда.

90-йиллар бошларини эсланг. Ўшанда Марказий Осиё бизга олис бир минтақа бўлиб кўринган эди. Ҳозир эса у борган сайин яқинлашмоқда.

Бироқ шуни ҳам эътироф этиш керакки¸ бу давлатлар ҳозирча Европа Иттифоқининг иш жараёни ва шартлари билан яхши таниш эмас.

Озодлик: “Жанубий коридор” лойиҳаси истиқболига кўпчилик ишончсизлик билан қарамоқда. Айримлар фикрича, Европа Иттифоқи ҳеч қачон “Транскаспий” ёки “Набукко” қувурларини қуришга пул бермайди. Бу борада нима дея оласиз?

Пьер Морел: Авваламбор¸ “Набукко” борасида билдирилаётган ишончсизликдан яхши хабардормиз. Лекин бизда “Набукко”дан бошқа лойиҳалар ҳам бор.

“Жанубий коридор” ҳозирнинг ўзида мавжуд. Қозоғистон нефти бевосита Бокуга¸ ундан кейин Каспий денгизи орқали танкерларда Европага етказиб берилмоқда.

Қувур қуриш кўплаб компаниялар иштирокида 10 йилга чўзиладиган жараёндир. “Транскаспий” қувурини қуришга тўсқинлик қилувчи яна бир омил сифатида Каспий денгизи қонуний статусининг ҳамон аниқланмаганини қўшишингиз мумкин.

Бу лойиҳаларга ишончсизлик борлигини инкор қилмайман. Лекин йил бошида бўлиб ўтган “Набукко” саммитини эсланг. Ўшанда Европа тикланиш ва тараққиёт банки бу лойиҳага маблағ ажратишга розилик бермадими?!

Кейин Софияда бўлиб ўтган учрашувда ушбу газ лойиҳаларига барча давлатлар қизиқиш билдирди. Ундан аввал Ашхободда муваффақиятли якунланган анжуманни эсланг.

Ҳозир эса айни масалани Прагада муҳокама этмоқдамиз. Буларнинг барчаси ярим йилдан оз муддат давомида содир бўлмоқда. Бу сиёсий ироданинг кучайиб бораётганидан дарак эмасми?

Озодлик: Сиз Ўзбекистонни ҳозирча тилга олмадингиз. Ўзбекистон бу энергетик лойиҳадан шунчалик йироқми?

Пьер Морел: Аксинча, Европа Иттифоқи Ўзбекистоннинг энергетик имкониятларини тўлиқ эътироф этади. Биз кўпинча нефт ва газ ҳақида гапирамиз¸ лекин уран ҳақида ҳам унутмайлик.

Қозоғистон уран ишлаб чиқарувчи йирик давлат эканлигини кўпчилик билади¸ аммо ўз навбатида Ўзбекистон ҳам уран қазиб олувчи етакчи давлатлар ўнлигига киради. Ўзбекистонни эътиборимиздан четда қолдираётганимиз йўқ.

Озодлик: Ўзбекистон билан жорий муносабатларга қандай баҳо берган бўлардингиз?

Пьер Морел: Бу жуда жадал ҳамкорликдир. Албатта¸ ечими қийин бўлган масалалар ҳам бўлган. Бироқ муайян қадамлар қилингани сабабли оғир вазиятлардан чиқа олдик.

Мулоқот ва барча соҳаларда¸ айниқса¸ хавфсизлик масалаларида маслаҳатлашувларни давом эттирмоқдамиз.

Озодлик: Марказий Осиёга бирдан пайдо бўлган бу қизиқиш нима билан изоҳланади? Бу минтақада Россиянинг заифлашаётгани билан боғлиқ эмасми?

Пьер Морел: Мен Марказий Осиёга биржадаги сотувга олиб чиқилган минтақа ўлароқ қарамаган бўлардим. Инқироз сабабли пайдо бўлаётган имкониятлар сабабли¸ Россиянинг таъсири эҳтимол кучайиб кетаётгандир. Яна ким билади дейсиз.

Европа Иттифоқининг сиёсати жуда аниқ. Биз Россиянинг минтақадаги ўрни мустаҳкам эканини инобатга оламиз. Ҳатто Европа Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича стратегиясини ишлаб чиқиш давомида биз Россия билан маслаҳатлашганмиз. Марказий Осиёда бизнинг Россиядан бекитадиган мақсадларимиз йўқ.

Озодлик: Аммо иттифоқнинг “Жанубий коридори” Россиянинг жиғига тегмаяптими?

Пьер Морел: Йўқ, “Жанубий коридор” Россияга қарши йўналтирилмаган. Бундай қилиш бемаънилик бўларди. Геологиядан биз яхши хабардормиз ахир.

Россия келаси 10 йилликлар давомида Европа Иттифоқининг асосий энергия таъминотчиси бўлиб қолаверади. Шунинг учун бу коридор Россияга қарши йўналтирилган¸ деб ўйлаш ахмоқликдир.

Озодлик: Марказий Осиё давлатлари “Жанубий коридор” ёки “Янги буюк ипак йўли”нинг асосий иштирокчиларидир. Бироқ уларнинг анча жиддий ўзаро келишмовчиликлари бор ва улар бутун минтақа хавфсизлигига таҳдид сифатида кўрилади. Марказий Осиё давлатлари ўртасида сув тақсимоти борасида Европа Иттифоқи воситачи ролини бажариши ва эҳтимолий можароларнинг олдини олиши мумкинми?

Пьер Морел: Бу борада биз жуда ҳам эҳтиёткор сиёсат юргизмоқдамиз. Ҳар доим бир нарсани такрорлаб келамиз - биз воситачилик ролини зиммамизга олиш ниятида эмасмиз.

Биз бир ғояни бериб “мана шу сизларнинг муаммоларингизни ҳал қилади” дейишдан ва кимгадир тарафкашлик қилишдан йироқмиз.

Биз муаммонинг узоқ муддатли ечими топилишини истаймиз ва шу сабабли¸ Марказий Осиë раҳбарларининг ўзаро мулоқотларини рағбатлантирамиз.

Озодлик: Лекин улар охирги марта учрашганда бир-бирлари билан жанжаллашиб кетдилар-ку?!

Пьер Морел: Улар жанжалдан кўра кўпроқ ишни қилдилар. Бу жуда ҳам нозик масала. Лекин ўтган йил октябр ойида улара Бишкекда учрашиб муросага келмаганмидилар?!

Ўшанда 2009 йил учун бир ечим топилган эди. Ўз навбатида Европа Иттифоқи бу борада ҳар қандай ёрдамни беришга тайёрдир.

Озодлик: Ўзингиз Марказий Осиёда энг қийин ҳамкор деб таърифлаган Ўзбекистон билан яқинлаша олдингиз. Кейинги қадамларингиз қандай бўлади? Ўзбекистонга қарши жорий этилган санкцияларнинг қолган қисмини ҳам бекор қилмоқчимисиз?

Пьер Морел: Биласизки, санкцияларнинг бир қисми ҳамон сақланиб қолмоқда. Бу масала кузда муҳокама этилади. Ўтган йили биз Ўзбекистонга бу борада жуда кўп ён босдик. Мулоқотларимиз давомида ўзимизнинг ўзаро танқидларга қизиқишимиз йўқлигини кўрсатдик. Аксинча¸ биз амалий ишлар қилинишини хоҳлаймиз.

Озодлик: Яқиндан бошлаб Ўзбекистон орқали НАТО ва АҚШ нинг ноҳарбий юклари Афғонистонга ўта бошлади. Ўзбекистонга берилаётган аҳамият шу билан изоҳланмайдими?

Пьер Морел: Албатта¸ бу жуда ҳам муҳим омилдир. Бундай қадамларни ҳатто кутмаган эдик. Ўзбекистон яна бирдан жиддий аҳамият касб этган давлатга айланди. Ўзбекистон билан хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик қилиш биз учун доимо устувор масала бўлиб келган.

Озодлик: Ва ниҳоят Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари вазиятини хориж инсон ҳуқуқлари ташкилотлари аянчи деб баҳоламоқда. Сизлар эса, бу борада кўп ҳам хавотир билдирмайсизлар¸ шундайми?

Пьер Морел: Йўғ-э, биз албатта вазиятдан хавотир билдириб келамиз. Ўзбекистон расмийлари билан ўтказилган ҳар қандай учрашувда инсон ҳуқуқлари масаласини кўрамиз. Бу осон эмас¸ бироқ буни четлаб бўлмайди.

Биз бу борада полемика қилишдан манфаатдор эмасмиз. Бунинг ўрнига кучли баёнотлар қиламиз. Айрим ҳолларда алоҳида ишларга аралашишимиз мумкин.

Бироқ¸ бизнинг мақсадимиз бу давлатга қарши бўлмаган натижаларга эришишдир. Биз инсон ҳуқуқларига риоя этиш уларнинг ўзлари учун муҳимлигини кўрсатишга ҳаракат қилмоқдамиз.
XS
SM
MD
LG