Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 15:20

Чек можароси давом этмоқда


Чек қишлоғида ўзбек расмийлари ўз тартибларини жорий қилишлари Қирғизистон фуқаролари бўлган чекликлар норозилигига сабаб бўлмоқда.
Чек қишлоғида ўзбек расмийлари ўз тартибларини жорий қилишлари Қирғизистон фуқаролари бўлган чекликлар норозилигига сабаб бўлмоқда.

Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизматининг Давлат чегарасини қўриқлаш қўмитаси Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги нотасига раддия билдирди, аммо қирғиз дипломатлари бу раддияни тан олмаяптилар.

30 апрел куни Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан Чек қишлоғида яшовчи Қирғизистон фуқаролари уйида ўтказилган текширувни ноқонуний ҳисоблаб, Ўзбекистоннинг Қирғизистондаги элчисига норозилик нотаси топширди.

12.uz ахборот портали тарқатган маълумотга кўра, Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати давлат чегарасини қўриқлаш қўмитаси томонидан тарқатилган баёнотда 19 апрел куни Чек қишлоғида яшовчи қирғизистонликлар уйида ўтказилган текширувнинг қонуний эканлиги айтилган.

Баёнотда ўзбек расмийлари томонидан ўтказилган текширув паспорт назорати бўйича профилактик тадбир экани, тадбир давомида қишлоқ аҳолисига нисбатан ҳеч қандай таҳдид бўлмагани ва ҳеч ким ҳақорат қилинмагани ёзилади.

Шунингдек баëнотда, “Ўзбек чегарачилари ва ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларининг барча ҳаракатлари қонун доирасида” бўлгани айтилиб, Қирғизистон томонининг “бирёқлама баёноти ўзбек-қирғиз чегарасидаги вазиятни мураккаблаштириши ва издан чиқариши мумкин” дейилади ўзбек чегарачилари баёнотида.

Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги ходими Артур Матиев Ўзбекистон Давлат чегарасини қўриқлаш қўмитасининг баёноти Қирғизистон норозилик нотасига расмий жавоб сифатида қабул қилинмаслигини айтади.

- Ўзбекистон чегара хизмати дипломатик идора ҳисобланмайди. Биз ҳозирча расмий ҳужжат олмадик. Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги бизга ўз ҳаракатларини изоҳлаб, жавоб нотаси йўллаши лозим, дейди Артур Матиев.

Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги Ўзбекистоннинг Қирғизистондаги элчиси Зиёдулла Пўлатхўжаевга топширилган норозилик нотасида Чек қишлоғида яшовчи Қирғизистон фуқаролари уйида ўтказилган текширувни ноқонуний ҳисоблаб, ўзбек расмийларидан бу борада тегишли ҳуқуқий жавоб талаб қилган.

Нотада ўзбек расмийларининг Чек қишлоғидаги ҳаракати “очиқ провакацион характерга эга” экани айтилиб, “Ўзбекистон томонининг ҳаракатлари Қирғизистонга нисбатан дўстона характерга эга эмас”лиги ва ўзбек расмийлари бу ҳаракатлари билан “барча халқаро ҳуқуқий шартномалар доирасидан чиққан”лиги айтилганди.

Эслатиб ўтамиз, 19 апрел куни Новкен туманидаги Соқолди қишлоқ ҳукуматига қарашли Чек қишлоғида Ўзбекистоннинг Пахтаобод туман расмийлари ва ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари текширув ўтказди.

- Эрта билан Ўзбекистон аскарлари, МХХ ходимлари келди. Постдан ўтди. 30 тача аскар, бундан ташқари, фуқаро кийимидаги одамлар постдан ўтиб, бизнинг маҳалланинг уйларини бир чеккадан текшириб чиқди, деган эди воқеа эртасига Чек қишлоғида яшовчи Қирғизистон фуқароси Алёрбек Мусаев.

Андижон вилоят Пахтаобод туман ҳокимининг биринчи ўринбосари Мирзаолим Аҳмаджонов бир неча кун аввал мазкур текширувлар ҳақда Озодликка изоҳ берган эди.

- Бу тадбир ноқонуний товарларнинг чиқиб кетишини, кириб келишини олдини олиш бўйича ўтказилди. Юкларни назорат қилиш бўйича, бошқа ҳеч нарса эмас. Биров қишлоқ фуқароларига кўчасан ҳам деган эмас, деди Мирзаолим Аҳмаджонов.

Шунингдек, у суҳбат давомида Чек қишлоғининг Ўзбекистонга қарашли эканлигини тилга олган эди.

Жалолобод вилоят ҳокимияти ҳам Чек қишлоғи 1955 йилги харитага мувофиқ ҳақиқатан Ўзбекистонга қарашли эканлигини тан олади.

Бироқ, Жалолобод вилоят губернатори Қўшбой Масировга кўра, икки давлат чегарасидаги баҳсли ҳудудлар муаммоси қонуний ечимини топмагунича бу масала очиқлигича қолиши лозим.

- Чегара бўйича делимитация масалалари икки мамлакат парламентида ратификация қилинмагунича бу ер бировга қарашли эканлигини айтишга дипломатик жиҳатдан бизнинг ҳаққимиз йўқ, дейди Қўшбой Масиров.

Жалолобод губернаторига кўра, Чек қишлоғида қирғизистонликлардан иборат 24 та оила яшайди. Айни пайтда бу қишлоқда ўзбекистонликлардан иборат 41 оила ҳам истиқомат қилади.

Маълумотларга кўра, Ўзбекистоннинг Қирғизистон билан чегара узунлиги 1375 километрни ташкил қилади.

Айни пайтда ўзбек-қирғиз чегарасида 70 га яқин ҳудуд, жумладан, анклавлар ҳам баҳсли ҳудудлар ҳисобланади.
XS
SM
MD
LG