Линклар

Норвегия ҳарбийлари Термизга келмоқчи

  • Ҳасанжон

Афғонистондаги НАТО кучлари сафига аскар йўллаган Норвегия ҳукумати ҳам¸ ўз ҳарбийлари таъминоти хавфсизлигини кафолатлаш мақсадида Ўзбекистон билан музокара бошлашга мажбур қолган давлатлардан бири.

Афғонистондаги НАТО кучлари сафига аскар йўллаган Норвегия ҳукумати ҳам¸ ўз ҳарбийлари таъминоти хавфсизлигини кафолатлаш мақсадида Ўзбекистон билан музокара бошлашга мажбур қолган давлатлардан бири.

Норвегия ҳукуматининг Афғонистондаги ҳарбийлари таъминоти учун Ўзбекистондаги Термиз базасидан фойдаланиш борасида Тошкент билан ўтказаëтган музокаралари мамлакат зиëлилари танқидига учрамоқда.

Норвегия Ташқи ишлар вазирлиги расмийси Анеш Эриктер Осло расмийлари НАТО етакчилигидаги халқаро кучлар таркибида бўлган Афғонистон шимолидаги Норвегия ҳарбийларига зарур юкларни Термиз базаси орқали етказиш бўйича Ўзбекистон билан сўзлашувлар олиб борилаётгани ҳақидаги маълумотни тасдиқлади.

- Ҳа, бу тўғри. Менимча, Ўзбекистон расмийлари билан сўзлашувлар давом этмоқда. Музокаралар тугагани йўқ, деди Анеш Эриктер.

Ташқи ишлар вазирлиги вакилига кўра, Норвегия ҳарбийлари Афғонистоннинг шимолий минтақасига жойлаштирилган. Термиз базаси Афғонистон шимолида жойлашгани учун Осло ҳукумати бу базадан фойдаланишга қизиқмоқда.

- Шу боис биз Термиз базасидан фойдаланиш имкониятини ўрганяпмиз, деди Норвегия Ташқи ишлар вазирлиги расмийси Анеш Эриктер.

Норвегия Мудофаа вазирлиги вакили ҳам Афғонистон шимолига жойлаштирилган 650 нафар норвегиялик ҳарбийга таъминот моллари етказиш учун Ўзбекистондаги Термиз базасидан фойдаланиш борасида Тошкент билан музокара олиб борилаётгани ҳақдаги маълумотни тасдиқлади.

Бу жараëн Норвегия матбуоти ва жамоатчилиги томонидан танқид билан қарши олинди¸

Хусусан, “The Norway Post” ва “Klassekampen” газеталарида 8 май куни эълон қилинган мақолаларда¸ 2005 йил май ойида Андижонда намойишчиларнинг ҳукумат кучлари томонидан ўққа тутилгани оқибатида юзлаб фуқаро нобуд бўлгани эслатилиб¸ Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари аҳволи аянчли бўлгани учун Норвегия ҳукуматининг бу сўзлашувлардан воз кечиши лозимлиги айтилган.

“The Norway Post” газетаси мухбири суҳбатлашган Норвегиядаги Ташқи сиёсат институти профессори Даниэл Херадствейт Ўзбекистондаги режимни толибларга тенглаштириб, Тошкентни “давлат терроризмини амалга ошираëтган ҳукумат" дея баҳолаган.

“Klassekampen” газетаси мухбири Алф Скеясет Осло ҳукуматининг Термиз базасидан фойдаланиш режасига қаршиликнинг асосий сабаби Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқларининг аянчли аҳволдалиги эканини айтади.

- Биз Норвегия бир йилдан ортиқ вақтдан бери Ўзбекистон билан Термиз базасидан транзит сифатида фойдаланиш борасида музокаралар ўтказилаётгани тўғрисида хабар бериб келаяпмиз. Ўзбекистондаги сиёсий вазият ва инсон ҳуқуқлари аҳволи ёмонлиги сабабли мутахассислар бу ҳаракатни йўққа чиқараяпти, деди Алф Скеясет.

8 май куни эрталаб “The Norway Post” интернет сайтида Ўзбекистондаги базадан фойдаланиш борасида сўзлашувлар давом этаётгани хабар қилинган эди. Орадан бир неча соат ўтиб¸ “The Norway Post” Норвегия Мудофаа вазирлигининг юқори лавозимли расмийсига таянган ҳолда¸ бу режадан воз кечилганини хабар қилди.

Шундан сўнг Норвегия Мудофаа вазирлигига қайта қўнғироқ қилганимизда¸ вазирлик матбуот вакили бу хабарнинг нотўғри эканини айтди.

- Бугун эрталаб айтган гапларим тўғри Ҳозирда Норвегия самолётлари Афғонистоннинг Мозори Шариф шаҳрига тўғри учиб бораяпти. Агар хавфсизлик билан боғлиқ вазият ўзгарса, биз Афғонистонга тўғри уча олмаймиз. Биз муқобил йўлга эга бўлишни хоҳлаймиз. Шу боис¸ биз Термиз базасиан фойдаланиш бўйича музокара олиб бораяпмиз, деди Норвегия Мудофаа вазирлиги расмийси.

Норвегия ҳукумати жиддий қарорлар қабул қилишда жамоатчилик фикрини ҳисобга олади.

Термиз базасидан фойдаланиш режаси ҳақида ҳукумат якуний қарор қабул қилишида жамоатчилик фикри қандай рол ўйнаши мумкин?
Норвегия¸ қолаверса¸ Европа давлатларининг инсон ҳуқуқлари аҳволи аянчли бўлган Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилиши ҳақида жамоатчилик қандай фикрда?

- Норвегия ҳукумати Каримов билан мулоқот қилиб тўғри қилаяпти. Европанинг баъзи бир давлатлари ҳам Каримовнинг анча-мунча камчиликларига кўз юмиб¸ у билан мулоқот қилишаяпти. Умуман олганда¸ мен бунга қўшиламан.

Аксинча¸ тазйиқлар бўлган сайин бу ориятсиз¸ шарафсиз бўлган президент мамлакатни сотади. Россиянинг бағрига сингиб кетади¸ ўзини Хитойнинг қучоғига отади. Шу тариқа демократиянинг кейинчалик келиши ҳам кечикади.

Алоқани бутунлай узиб ташлаб¸ Каримовнинг Хитой ëки Россия қучоғига ўзини отганини кузатиб тургандан кўра¸ бу вариантни қўллаган яхшироқ деб ўйлайман¸ дейди Норвегиядан сиёсий бошпана олган ўзбекистонлик олим Абдулла Абдураззоқов.
XS
SM
MD
LG