Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 01:51

“Олаётган нафақам рўзғорга етмаяпти”


Тожикистонда яшовчи уруш фахрийларининг кўпчилиги Иккинчи Жаҳон урушидаги жанг даҳшатларини эслашни унча хушламайди.
Тожикистонда яшовчи уруш фахрийларининг кўпчилиги Иккинчи Жаҳон урушидаги жанг даҳшатларини эслашни унча хушламайди.

Сўғдлик уруш фахрийларининг айримлари давлат томонидан мунтазам равишда ёрдам бўлиб турганини қайд этсалар, айримлари бундай ғамхўрлик бўлмаётганини айтиб нолимоқдалар.

Хўжандлик Мамадхон Эшонов Ғалаба байрами арафасида 88 ёшга кирди. Ҳали ҳам анча бардам, қаддини ғоз кўтариб юради.

Мамадхон Эшонов уруш йилларида олти йил разведкачи бўлиб хизмат қилган. Ҳаёт-мамот жанглари чоғида 60 та “тил”ни асирга олган.

- Ўтган асрнинг 40-йилларида хизматга чақиришди. Шу билан қўшиқда айтилганидек, СССРнинг ярмини, Европанинг ҳам шунча қисмини яёв юриб, халқларга тинчлик олиб келиш ишига ўзимнинг, кўп бўлмаса-да, ҳиссамни қўшдим, дейди Мамадхон бобо.

Мамадхон бобо камтарлик қилиб, “оз бўлса-да” деди-қўйди. Ўша мудҳиш кунларда фашистларга қарши жанг қилиш ва эсон-омон қайтишнинг ўзиёқ қаҳрамонлик эди. Суҳбатдошимиз эса жанглар давомида немисларга таслим бўлган генерал Власовни асирга олган марди майдонлардан.

- Генерал Власовни ҳибсга олганмиз. Карловар ўрмонзорларида ушладик. Қизиғи шундаки, Власовни менинг взводимда энди бир ой хизмат қилган андижонлик Раҳмонов деган оддий аскар ушлаган. Мана шу операция учун Раҳмонов Совет Иттифоқи қаҳрамони унвонига сазовор бўлди, менга биринчи даражали Ватан уруши ордени беришди, дейди Мамадхон бобо.

У 1945 йилда Берлиндаги Рейхстагга байроқни ўрнатмоқчи бўлганлар хавфсизлигини таъминлаган. Бунинг учун разведкачилар байроқ ўрнатилиши керак бўлган жойгача байроқчиларга йўл очиб боришган. Бугун Мамадхон бобо кексалик гаштини сурмоқда.

- Вилоят ва шаҳар ҳукумати доимо бизга ғамхўрлик кўрсатаяпти. Бирор ёрдам сўраб борсак, айтганимизни бажаришаяпти, дейди Мамадхон бобо.

Бироқ вилоятда истиқомат қилаётган ҳамма ветеранлар ҳам Мамадхон бободек давлат ғамхўрлигидан баҳраманд бўлаяпти, деб бўлмайди.

Абдураҳим бобо Воҳидов маҳаллий ҳукуматнинг эътиборсизлигидан анча койинди. Ёши 90 дан ошган Абдураҳим бобо урушнинг бошида жангга кирган. Ғалабани Прагада қарши олган. У уруш воқеаларини эслашни ёқтирмайди. Асосан бугунги ночор аҳволидан нолийди.

- Олаётган нафақам рўзғорга етмаяпти. Оиламда олти киши яшайди. Икки фарзандим ногирон. Бу ҳам бўлса ўша уруш асорати.

Ҳукуматга ҳам бордим, военкоматга ҳам. “Қўлимиздан келганича ёрдам бераяпмиз, давлат ҳам бой эмас”, дейишади.

Бир йилда бир марта 200 сомоний (тақрибан 47 доллар – таҳр.) миқдоридаги ёрдам пули неча кунга етарди? Дори-дармон, озиқ-овқатгачи, дейди Абдураҳим бобо.

Паллос посёлкасида истиқомат қилувчи Василий Тройнин иккинчи Жаҳон урушига 17 ёшида кетган. Берлин штурмида иштирок этган. Японияга қарши курашда қатнашган. Умумий ҳисобда 7 йил жангларда бўлган.

Василий Тройниннинг уйига киришдан хавфсирайди киши. Уй деворлари нураб, қийшайиб қолган. Уруш фахрийсининг айтишича, икки йил олдин ёзги ошхонаси ва омборхонаси қулаб тушган. Уйини таъмир қилиб бериш илтимоси билан туман ҳукуматига бир неча бор мурожаат қилган. Бироқ ҳанузгача ёрдам йўқ.

- Ҳозир менга тўлаётган нафақа пулига аранг тирикчиликни ўтказаяпман. Шўролар давридаги нафақамга биласизми, неча қоп ун олардим - 17 қоп. Ҳозирчи, тўрт танга пенсияга яшаш жуда қийин бўлаяпти, дейди хўрсиниб Василий Тройнин.

Айни кунда Тожикистоннинг Сўғд вилоятида 1024 нафар уруш фахрийси истиқомат қилади.
XS
SM
MD
LG