Линклар

9 май - Хотира ва қадрлаш куни Ўзбекистондаги уруш фахрийларига алоҳида эътибор кўрсатилди. Олинган мукофотдан кўнгли кўтарилган фахрийлар бу каби шодиёна йилда фақат бир марта келишини таассуф билан қайд этмоқдалар.

Тошкент вилоятининг Қуйи Чирчиқ туманидаги Хўжакент қишлоғида яшовчи 82 ёшли Абдуназар Абдуғаффоров уруш фахрийси. Отахоннинг олти фарзанди, 47 невараси ва ўттизга яқин чевараси бор.

Абдуназар ота шу кунда Тошкентдаги “Нуроний” оромгоҳида дам олаяпти. Собиқ Иттифоқ даврида ҳар йили курорт ва санаторийларда дам олишга ўрганган отахон мустақиллик йилларида илк бор оромгоҳга келганини айтади.

- Мустақил бўлганимиздан бери курортда дам олиш деган гапларни унутиб қўйдик. Курортларга умуман бормадим. Бу йил ариза бергандим, Худога шукур, байрам муносабати билан шу оромгоҳга йўлланма беришди, дейди Абдуназар Абдуғаффоров.

Отахон Иккинчи жаҳон уруши йилларида олти йил жанг қилиб, икки марта ярадор бўлган.

Абдуназар ота ўзи сингари уруш фахрийлари бугунги кунда ҳукумат эътиборидан четда эканлигидан ўкинади.

Абдуназар Абдуғаффаров: Масалан, ҳеч қандай имтиёз йўқ бизга. Фақат пенсия оламан. Пенсия пули 175 минг сўм. Энди вақтида бериб турибди.

Озодлик: Пенсия пули яшашингизга етаяптими?

Абдуназар Абдуғаффаров: Ҳа, энди етмаса, нима қиламиз. Худога шукур, икки ўғлим бор. Ҳол-аҳволимдан хабар олиб туришади. Кийим-бошим, озиқ-овқатим шу икки ўғлим зиммасида.

Озодлик: Маҳалла ёки ҳокимият вакиллари ҳам хабар олишадими ҳолингиздан?

Абдуназар Абдуғаффаров: Ҳа, энди ҳокимиятдан хабар олишади. Энди фақат байрамларда қаергадир чақириб, байрам билан табриклашади. Концерт қўйиб беришади.

Озодлик: Моддий томонданчи? Уруш фахрийларига қўшимча моддий ёрдамлар бериладими?

Абдуназар Абдуғаффаров: Йўқ, унақа нарса йўқ. Қанақа ёрдам бериши мумкин. Фақат шу пенсия пули оламиз. Бошқа ҳеч қанақа ёрдам йўқ.

Жиззах вилояти Жиззах тумани “Тўқчилик” маҳалласида яшовчи 79 ёшли Анвар Турсунов эса Иккинчи жаҳон уруши йиллари фронт ортида меҳнат қилган.

Бугунги кунда Анвар ота меҳнат фахрийси сифатида пенсия пули олади.

- 182 минг сўм пенсия пули оламан. Худога шукур, пенсия етади. Бундан нолимайман, дейди отахон.

Анвар ота уруш йилларида омоч билан ер ҳайдаганини, умуман, уруш йиллари фронт ортида меҳнат қилиш жуда машаққатли бўлганини айтиб, қилган хизматлари учун олган орден ва медалларини санашга ўтади.

- Бешта орденим, иккита медалим бор, дейди отахон.

Суҳбати бошида пенсия пулидан нолимаслиги айтган Анвар ота суҳбат қизигач, яқинда Жиззах туман ижтимоий ҳимоя бўлимига бориб, пенсия пулини оширишни сўраганини айтди.

- Тунов куни туман ижтимоий ҳимоя бўлимига борсам, шу орден ва медалларим учун қўшимча етти минг сўм тўлаймиз, деди. Бундан бошқа ҳеч қандай ёрдам йўқ, дейди Анвар Турсунов.

Анвар ота мустақиллик йилларида уруш ва меҳнат фахрийлари ҳолидан ҳеч ким хабар олмаётганидан нолийди.

- Ҳеч ким мендан хабар олгани йўқ. Илгари хабар оларди… Шу 90-йилдан бошлаб умуман ҳеч ким хабар олмай қўйди, дейди Анвар Турсунов.

Маълум бўлишича, Ўзбекистонда ҳар йили фақат 9 май арафасидагина уруш ва меҳнат фахрийлари эсланади.

Мутасаддилар ҳам бундай тадбирлар йилда атиги бир неча кун давом этишини тан олишади.

Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек туманидаги “Нуроний” жамғармаси ходими ҳам бир муддат аввал Озодлик билан суҳбатда бу ҳолатни тан олганди.

Озодлик: Уруш фахрийларини йилнинг қайси пайтларида йўқлайсизлар?

- Биз биринчи майдан бошлаб йўқлай бошлаймиз. Олтинчи майгача тугатамиз, деган эди “Нуроний” жамғармаси ходими.

Ўзбекистон президенти жорий йил 15 апрелида имзолаган фармонига мувофиқ, 9 май - Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан уруш фахрийларига 120 минг сўм миқдорида пул мукофоти берилди.

Иккинчи жаҳон урушига Ўзбекистондан бир ярим миллионга яқин одам сафарбар қилинган эди. Урушда 400 минг киши ҳалок бўлган. 130 нафари бедарак йўқолган. 338 ўзбекистонлик Совет Иттифоқи қаҳрамони унвонини олган.
XS
SM
MD
LG