Линклар

logo-print

“Ўзбекистон декларация имзолашга тайёр эмас”

  • Ҳасанжон

ЕИ расмийлари фикрича, Қозоғистон, Туркманистон ва Ўзбекистон "Жанубий коридор" ташаббусини олқишлайди, аммо бу давлатлар ҳозирда ўзларини ҳужжатни имзолашга тайёр эмасликларини ҳис қилганлар.

ЕИ расмийлари фикрича, Қозоғистон, Туркманистон ва Ўзбекистон "Жанубий коридор" ташаббусини олқишлайди, аммо бу давлатлар ҳозирда ўзларини ҳужжатни имзолашга тайёр эмасликларини ҳис қилганлар.

8 май куни Прага шаҳрида Европа Иттифоқининг "Жанубий коридор - Янги Буюк ипак йўли" лойиҳаси юзасидан саммит бўлиб ўтди. Йиғилишда Ўзбекистон, Қозоғистон ва Туркманистон вакиллари ҳам иштирок этди.

Европа Иттифоқи мезбонлик қилган бир кунлик саммитда Ўзбекистон ва Қозоғистондан вазир ўринбосарлари даражасида расмийлар қатнашди. Туркманистон делегациясига эса Вазирлар маҳкамаси раиси ўринбосари Тажберди Тагиев раҳбарлик қилди.

Учрашув охирида сўзлаган Европа Иттифоқи Комиссияси президенти Хосе Мануэл Бароззо мазкур саммитнинг аҳамиятига тўхталди.

- “Жанубий коридор” ташаббуси Европа Иттифоқи учун муҳим, устивор лойиҳа ҳисобланади. Мақсадимиз мазкур стратегик ташаббусни амалга оширишда унга сиёсий туртки беришдан иборат. Ушбу жуда муҳим саммитда биз кўзланган мақсадга эришдик, дея баёнот берди Европа комиссияси президенти.

Йиғилиш ниҳоясида Европа Иттифоқи Марказий Осиё газини Европага етказишда транзит йўли ҳисобланган давлатлар, яъни, Грузия, Озарбайжон, Туркия ва Миср вакиллари билан келишув имзолади.

Бироқ саммитда қатнашган Ўзбекистон, Қозоғистон ва Туркманистон вакиллари ҳужжатни имзоламади.

Европа Комиссияси матбуот котиби Деннис Абботт Озодлик радиосига берган интервьюсида бунинг сабаблари ҳақида гапирди.

- Қозоғистон, Туркманистон ва Ўзбекистон Жанубий коридор ташаббусини қутлайди ва саммит декларациясига моҳиятан қарши эмас. Бироқ Марказий Осиёнинг уч давлати бу босқичда ўзларини ҳужжатни имзолашга тайёр эмас, деб ҳис қилдилар, деди Европа Комиссияси матбуот котиби Деннис Абботт.

Прага саммитини бевосита кузатган Озодлик радиосининг Марказий Осиё бўйича таҳлилчиси Брюс Панниер йиғилишда асосан транзит йўли масаласи кўрилганини айтди.

- Кечаги учрашувда газ етказиб бериш масаласи муҳокама қилингани йўқ. Учрашувда Марказий Осиё ва Яқин шарқ минтақаси газини Европага етказиш йўллари масаласи муҳокама қилинди. Шу боис Ўзбекистоннинг ҳужжатни имзоламагани ҳеч кимга кутилмаган воқеа бўлгани йўқ. Эришилган келишув газ етказиб бериш масаласини ўз ичига олмаган, дейди Брюс Паниер.

Саммитда “Набукко” лойиҳасини амалга оширишни қўллаб-қувватловчи муҳим ҳужжат имзоланди. Марказий Осиё газини Европага етказишда Туркия ва Грузия транзит давлат сифатида “аниқ, очиқ, нархга асосланиб иш юритувчи, барқарор ва бошқаларни камситмайдиган” ҳамкор бўлиш масъулиятини ўз зиммасига олиб ҳужжатни имзолади.

Брюс Панниерга кўра, Европа Иттифоқи мезбонлик қилган Прага саммитида нафақат газ, балки нефт масаласи ҳам муҳокама қилинган.

- Кечаги саммитда нафақат газ, балки нефт ҳақида ҳам гап борди. Бу “Жанубий коридор” лойиҳалари учун янгилик. Аввал фақат газ қувурлари қуриш масаласи муҳокама қилинган. Бироқ ҳозирда газ билан бирга нефт қувурлари қурилиши эҳтимоли ҳақида ҳам гап боряпти.

Бунда Ўзбекистон қандай рол ўйнаши мумкин? Масалан, Қозоғистон нефт ва газ лойиҳаларида иштирок этиши шубҳасиз. Саммитда Ўзбекистон расмийларининг қатнашгани ижобий. Аммо бу лойиҳалар амалга ошишида Ўзбекистоннинг қандай рол ўйнаши ҳозирча номаълум, дейди Озодлик радиоси таҳлилчиси.

Европа Комиссияси президенти Хосе Мануэл Бароззо энергетика таъминоти бўйича Туркманистон ва Европа Иттифоқи ўртасидаги сўзлашувлар яхши бораётганини айтди. Бароззо энергетика масаласида Туркманистон Ташқи ишлар вазирлиги расмийлари билан навбатдаги учрашув 4 июнь куни Брюсселда бўлишини маълум қилди.

Брюс Паниер фикрича, Ғарб давлатлари шу пайтгача ҳарбий-геосиёсий ҳамкор сифатида қараб келган Ўзбекистон расмийларининг иқтисодий саммитда ҳам иштирок этгани ижобий қадамдир.

- Европа Иттифоқи Ўзбекистоннинг муҳим аҳамиятга эгалигини тан олиб, саммитга таклиф қилган. Айни пайтда Ўзбекистон катта имкониятга эга бўлган энергия таъминотчисидир. Ўзбекистон Марказий Осиёда муҳим ҳарбий ва геосиёсий ҳамкор экани ҳақида жуда кўп гапирилган.

Аммо Прага саммити ҳарбий ёки геосиёсий масалаларга эмас, балки иқтисодий масалага бағишланган эди. Шу боис Ўзбекистон вакилларининг иқтисодий учрашувда қатнашаётганини кўриш кишини қувонтиради, дейди Озодлик радиосининг Марказий Осиё бўйича таҳлилчиси Брюс Панниер.

Таҳлилчилар фикрича, Марказий Осиёнинг уч давлати, яъни, Қозоғистон, Туркманистон ва Ўзбекистон Европа Иттифоқи таклиф этаётган "Жанубий коридор" лойиҳасига қўшилса, бир неча йилдан сўнг ўз нефти, гази ва уранини Россияни четлаб, бевосита европаликларга сотиш имкониятини қўлга киритиши мумкин.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG