Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 06:08

“Оила халқ демакдир”


Олмаотадаги Панфиловчилар боғи 9 май куни уруш ва фахрийлари билан гавжум бўлди.
Олмаотадаги Панфиловчилар боғи 9 май куни уруш ва фахрийлари билан гавжум бўлди.

Қозоғистонда 9 май - Ғалаба куни кенг нишонланди. Аммо, кузатувчиларга кўра, байрам арафасида бу сананинг асосий қаҳрамонлари бўлмиш уруш фахрийларини рағбатлантириш қозоқ расмийларининг хаёлига келмади.

Бу йилги 9 май - Ғалаба байрами мамлакат пойтахтидан тортиб Қозоғистоннинг кичик шаҳарларигача катта тантана билан нишонланди. Чунончи Остонада давлат раҳбари Нурсултон Назарбоев фашизм устидан қозонилган ғалабанинг 64 йиллиги муносабати билан ватан ҳимоячилари ёдгорлигига гул қўйди.

Олмаотадаги Панфиловчилар боғида театрлаштирилган томошалар ва концерт дастури қўйилди. Қозоқ эстрадаси юлдузлари уруш йиллари қўшиқларини ижро этдилар. Зобитлар уйи олдидаги майдонда эса аскарларнинг дала ошхоналари ишлаб турди.

Байрам намойишида қатнашган уруш фахрийси - 91 ёшли Жапек Мўлдабаев ўз қишлоғидан совет армияси сафига кетиб, урушдан омон қайтган оз сонли кишилардан бири:

- Оллоҳ буюрса, яна яшаб юрайлик. 1940 йили овулдаги 5 йигит армияга кетдик, сўнг 41-йили уруш бошланди. Аммо урушдан ўша 5 йигитнинг ҳаммаси ҳам қайтиб келгани йўқ, дейди Жапек Мўлдабаев.

83 ёшли фахрий Анатолий Володин эса уруш йилларини эсларкан, жанг чоғида қаттиқ жароҳатланиб, вафот этган дўстининг айтганларини ёдга олади:

- Дўстим узоқ яшамаслигини билганди. Хайрлаша туриб у: “Толя, урушдан кейин ҳаёт шундай бўладики, одамлар уруш ва ўлим керак эмаслигини тушуниб етадилар, ҳамма тотувликда яшай бошлайди”, деганди.

Ҳозир давлат тепасига келган расмийлар эса ҳашаматни қувиб эмас, балки оила фаровонлиги учун яшашлари керак. Оила эса бу халқ демакдир, дейди уруш фахрийси.

Айни пайтда мамлакат пойтахтининг ўзида 534 нафар Иккинчи жаҳон уруши фахрийси яшамоқда.

Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев жорий йилда уруш фахрийларига катта эътибор қаратилаётгани ва улар олаётган нафақа фахрийларнинг ўзларигагина эмас, балки оила аъзоларига ҳам етиб ортаётганини таъкидлаган бўлса-да, аввалда бўлгани каби бу йил ҳам Қозоғистондаги уруш фахрийлари ҳукумат томонидан ҳеч қандай моддий мукофот билан тақдирланмаганлари маълум бўлди.

Қозоғистонлик таҳлилчи Дўсим Сатпаев бугунги кунда мамлакат расмийларининг уруш фаҳрийларига етарли даражада эътибор қаратмаётганини қайд этади:

- Қозоғистонда иккинчи жаҳон уруш фахрийларининг кўпи шахсий уйларига ҳам эга эмаслар, яъни улар доимий яшаб турган жойларидан кўчирилиш хавфи остида яшаб келмоқдалар. Қозоғистонда бу муаммо юзасидан муттасил жанжаллар бўлиб туради. На маҳаллий ҳокимият идоралари, на марказий ҳокимият бунга эътибор қаратмайди.

Мен 9 майдан кейин сиёсат ўзгаради, деб ўйламайман, чунки қозоқ ҳукумати аҳолининг ижтимоий ҳимояланмаган қатлами, шу жумладан, фахрийларни қўллаб-қувватлашдан кўра, кўпроқ ўзининг йирик иқтисодий лойиҳаларини амалга ошириш билан овора, дейди Дўсим Сатпаев.

Сиёсатшуноснинг фикрлари Иккинчи жаҳон уруши фахрийси бўлмиш 87 ёшли Тулеш Кунакаевнинг сўзлари ҳам тасдиқлайди. Мамлакат оммавий ахборот воситаларига йўллаган мактубида уруш фахрийси давлат амалдорлари бедодлигидан шикоят қилади.

“Улар мени бир минг олти юз тўқсон бешинчи қилиб навбатга киритиб қўйибдилар. Мен ҳозир 87 ёшдаман, навбатим етиб келгунича эса узоқ йиллар ўтади. Амалдорлар бюрократияси туфайли уй-жой олишга бўлган навбат йилларга чўзилади. Бу уйни олгунимча мен яна 100 йил яшашим керак”, деб ёзади ўз хатида уруш фахрийси Тулеш Кунакаев.

МДҲнинг кўпгина давлатларида расмийлар Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларига совға ва пул мукофотлари бергани ҳақида гапирган сиёсатшунос Дўсим Сатпаев Қозоғистонда уруш фахрийлари бармоқ билан санарли оз даражада қолган бўлса-да, қозоқ расмийлари ҳаттоки байрам куни ҳам фахрийларга ҳеч қандай ёрдам кўрсатмаганини таъкидлайди.

- Ваҳоланки, қўшни республикаларга қараганда иқтисодиёти анча илгарилаб кетган Қозоғистонда мамлакат фахрийларига маълум миқдорда моддий ёрдам кўрсатиш имконини топиш мумкин эди, дейди Дўсим Сатпаев.
XS
SM
MD
LG