Линклар

“Урушда миллатчилик йўқ эди”

  • Гулнора Равшан

Тожикистонда ҳам Иккинчи жаҳон урушини кўрган нуроний оқсоқоллар сафи йилдан-йилга сийраклашиб бормоқда.

Тожикистонда ҳам Иккинчи жаҳон урушини кўрган нуроний оқсоқоллар сафи йилдан-йилга сийраклашиб бормоқда.

Ғалабанинг 64 йиллигини нишонлаётган тожикистонлик тўрт минг беш юз нафар уруш фахрийси орасида қарийб бир аср умр кўрган Холмат Ғойипов ҳам бор.

Холмат ота Ғойипов Ваҳдат туманининг Оқжар қишлоғида туғилган. Иккинчи жаҳон уруши бошлангач, кўп қатори чақириқ қоғози олганида у 28 ёшда эди.

- Германия уруши бошланганида биз Дунай дарёсининг ёқасида эдик. Биз у томонни мудофаада тутиб турсак, Германия армияси бу томонга ўтиб, Украина билан Белоруссияни олибди.

Бизнинг йўлимиз беркилиб қолди. Лекин биз Қора денгиздан кемада ўтиб, Москвага етиб олдик.

Москва яқинида бир дарё бор экан, ҳозир эсимда йўқ номи. Сталин шу ердан немисларни бир қадам ҳам бу ёққа ўтказмаслигимизни айтди.

6-7 соатдан кейин тўплар, Катюша ва автоматлар келтирилди. Биз дарёнинг бу ёғидан немисларни ўққа тутдик. Катюша билан урганимизда немис танклари титилиб-титилиб кетди, деб эслайди сал кам бир асрни яшаб қўйган Холмат ота.

Ота Европадаги айрим мамлакатларни озод қилишда ҳам қатнашган.

- Тунда парашютдан тушиб бир ўрмонда тин олдик. Эрталаб тонг отганда уруш бошланди. Жуда қаттиқ уруш бўлди. Иккинчи-учинчи қаватда немислар билан яккама-якка “штик-нож”ларда уришдик. Қўрқиш йўқ эди, хаёлимизга ҳам келмасди. Босқинчи фашистларни таслим қилдириш учун Худо қувват берди.

Сталин “таслим бўлганларни отманглар” деб буйруқ бергани учун уларга ўқ узмай, ҳаммасини ўша ерда таслим қилдирдик. Шундай қилиб Югославия ҳам озод қилинди, дея хотирлайди Холмат ота.

Уруш тугагач, кўкси орденга тўла Холмат Ғойипов 1947 йили ёруғ юз билан ватанига қайтади ва қишлоғидаги қизга уйланади.

- Асли наманганлик қизга уйландим. Икки фарзанд кўрдик. Тақдир тақозоси билан улар ватанига - Наманганга кетишди. Ҳозиргача уларни бориб кўраман, аҳволларидан хабар оламан.

Ўтган йили ҳам боргандим. Конибодом орқали Ўзбекистонга ўтиш постида бир солдат бола қизим Ойнисани ўтказди-ю, мени “у ёққа ўтмайсан”, деди. Кейин мен солдатдан бошлиғини сўрадим.

Бошлиққа уруш қатнашчиси эканим тўғрисидаги ҳужжатни кўрсатдим. Кейин у командир солдатни уришиб берди. “Ахир бу киши уруш қатнашчиси экан, бутун СНГ бўйича юришга ҳақли”, деб.

Кейин Намангангача машинада ўзлари олиб бориб қўйишди, пул берсам олишмади. Шундай қилиб болаларимни кўриб келдим, дейди Холмат ота.

Суҳбатдошимизнинг айтишича, Иккинчи жаҳон урушида барча миллат бир бўлиб, ватан учун курашган, бир-бировига ёвқараш, миллатчилик қилмаган.

- Фронтда ўзбек, тожик, қозоқ, рус елкама-елка бўлиб курашдик, қон кечдик Ватан учун. Ўзбек, тожик деган нарсалар йўқ эди. Ҳозир шундай гаплар, айирмачиликлар чиқиб қолди, дея куйинади ота.

Холмат ота урушдан кейин қишлоғидаги ўрта мактабда узоқ йиллар ёш авлодга таълим бериб келди. Наманганлик аёли билан ажрашишга мажбур бўлганидан кейин у яна уйланди ва кўплаб бола-чақа орттирди.

Айни кунда 97 ёшли Холмат ота турмуш ўртоғи билан фарзандлари ва 50 дан ортиқ невара- чеваралари даврасида кексалик гаштини сурмоқда.

Қилган хизматлари эвазига ота бугун 430 сомоний (тахминан 103 доллар – таҳр.) нафақа олади.

- Кенжа ўғлим: “Россияга бораман”, деди. Мен қўймадим. “Ўлиб-нетиб қолсам, келолмайсан”, деб. “Очликдан ўлмайсан, мана менинг пенсиям бор, шундан тирикчилик қилиб тур”, деб қўймадим. Бечора ёшлар ҳам нима қилсин - иш йўқ ахир, дейди Холмат ота.

Аммо, отанинг айтишича, бугунги кундаги муаммолар аёлларни бева, болаларни етим қиладиган уруш даҳшатларининг олдида ҳеч нарса эмас.

- Шунисига ҳам Худога шукур. Энг асосийси тинчлик, Ер юзида тинчлик бўлса ҳаммаси яхши бўлади. Ишсизлик ҳам бир кун ҳал бўладиган муаммо, дейди ота.

“Илоҳо, урушнинг юзини тескари қилсин” деган дуо анчадан буён Холмат ота ва у каби тожикистонлик кексаларнинг кундалик дуосига айланиб қолган.
XS
SM
MD
LG