Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 16:43

Тожикистонда ёғингарчилик тинмаяпти


9 май куни Душанбеда ёққан дўл кўпчилик пойтахтликларни анча саросимага солиб қўйди.
9 май куни Душанбеда ёққан дўл кўпчилик пойтахтликларни анча саросимага солиб қўйди.

9 май куни Тожикистон пойтахти Душанбеда шиддатли жала ва дўл ёғиб, шаҳар кўчалари сув ичида қолди. Қаттиқ шамолга дош бера олмаган ўнлаб дарахтлар синиб, йўлларни тўсиб қўйди.

Баҳор бошланибдики, Тожикистонда ёмғир тинмайди. Деярли ҳар кун ёмғир, дўл, сув тошқини.

Сурункали ва ўта шиддатли ёғаётган ёмғирдан кўплар юрак олдириб қўйган.

Душанбелик Ойгул холанинг уйи шўролар даврида қурилган. Ёмғир ёға бошлаши билан эски деворлар тагида қолишдан қўрққан аёл катта келинининг уйига қочишини айтади.

- Неча киши ўлибди-ку кечагида, деворлар қулаб кетаяпти. Эски иморатлар. Мана неча уйларни сув ювиб кетди. Подвалларга сув тўлаяпти. Айниқса камбағалларга жабр бўлди, дейди Ойгул ая.

Тожикистон фавқулодда ҳолатлар қўмитаси ходими Дўстмурод Раҳматуллоев сурункали ёмғир натижасида бир неча тожикистонлик нобуд бўлганини айтади.

- Апрелнинг иккинчи ярмида шу кунга қадар республиканинг Хуросон, Турсунзода, Ёвон ва Кўлоб каби бир қатор туманларида рўй берган тошқин оқибатида 15 нафар балоғат ёшига етмаган бола ва яна Миллий университетнинг иккинчи курсида ўқиган йигит нобуд бўлди. Тахминан 60 дан ортиқ уй бутунлай бузилиб, 100 дан ортиқ уй харобага айланиб қолди.

Сув тошқини кўпроқ дарёлар яқинида жойлашган ҳудудларда кўпроқ кузатилаяпти. Ҳозир биз туманлардаги ижроия ҳокимиятлари билан биргаликда қирғоқларни мустаҳкамлаш ишлари олиб бораяпмиз. Аммо иш жуда оғир кечмоқда.Чунки тинимсиз ёғаётган ёмғир ишлашга имкон бермаяпти, деди Фавқулодда ҳолатлар вазирлиги масъули.

Тожикистон Об-ҳавони кузатиш маркази мутахассислари ёмғир мавсуми қачонгача давом этиши мумкинлиги ҳақида аниқ бир гап айтолмаяптилар.

- Биз фақат кейинги ҳафта кузатиладиган об-ҳаво ҳақида айта оламиз. Келгуси ҳафтада ҳам ёмғир ёғиши кузатилади. Лекин шу ой охиригача ёмғир шу зайл ёғадими, йўқми - у Худонинг иши, деди Об-ҳавони кузатиш марказининг ўзини Наргис деб таништирган ходимаси.

Тожик кайвониси Бибинисо момо умри бино бўлиб бундай ёғингарчиликни кўрмаганини айтади.

- 77 га кириб шунча ёмғирни биринчи кўришим. Ҳа, ёмғир ёғарди, лекин бундай эмас эди-да. Тунда ёғса, кундузи қуёш чиқарди, ҳозир фақат ёмғир ёғаяпти-ёғаяпти, билмасам, бу йил нима бўлди, дейди кўпни кўрган момо.

Малика исмли бошқа бир суҳбатдошимиз эса “бу бандаларнинг ношукурлигига жавоб” дея мулоҳаза билдиради.

- Газета ўқисак ҳам, радио эшитсак ҳам, телевизор кўрсак ҳам Ислом Каримов билан Имомали Раҳмон фақат сув устидан тортишади. Менимча, бу Худонинг берган бир офати бўлса керак-да.

Сув талашгандан кейин Худойим ҳам: “ма ол, сувга тўй” дегандай қилди шу ёмғирни бериб. Қўшни бўлгандан кейин муроса қилиб, иш кўриш керак. Қўшнининг ҳаққи Худонинг ҳаққи билан баравар, шу гаплар Китобда ҳам келган, дейди Малика.

Тожикистонлик деҳқонлар бу йил узлуксиз ёғаётган ёмғир экинзорларга жиддий зарар етказаётганини, буғдойдан ҳам яхши ҳосил олишга кўзи етмаслигини айтмоқдалар.

Таҳлилчилар эса бу йил Тожикистон бозорларида буғдой нархи жуда қимматлаб кетишини тахмин қилмоқдалар.
XS
SM
MD
LG