Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 10:32

Қозоғистонда қийноқлар қўлланилмоқда


Халқаро кузатувчилар Қозоғистонда қийноқлар мавжуд эканини таъкидлаб келадилар.
Халқаро кузатувчилар Қозоғистонда қийноқлар мавжуд эканини таъкидлаб келадилар.

Расмий Остона халқаро ҳамжамиятдан мамлакатда қийноқлар борлигини яширишга нақадар уринмасин, кузатувчилар Қозоғистонда қийноқлар амалиёти ҳали-ҳануз давом этаётганини таъкидлаб келмоқдалар.

5 май куни Қозоғистонга БМТнинг қийноқлар ва инсонни таҳқирловчи бошқа мудҳиш жазолар қўлланиши ҳолатини ўрганадиган ҳисоботчиси Манфред Новак ташриф буюрди. Қозоқ ҳукумати расмий таклифига биноан мамлакатга келган БМТ ҳисоботчисининг бу ташрифи 14 майга қадар давом этади.

Жаноб Новак Қозоғистонда сафари мобайнида йиққан маълумотлари асосида БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига ўз хулосалари ва тавсиялари акс этган ҳисоботни тақдим этади.

Бу эса қозоғистонлик ҳуқуқ фаолларида мамлакатда мавжуд бўлган қийноқлар ва инсон ҳуқуқлари таҳқирланиши бўйича вазиятнинг ижобий томонга ўзгариши учун туртки бўлишига умид уйғотмоқда:

- Ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан қийноқлар қўлланилаётгани бўйича маълумотларни бизнинг мамлакатда бўлгани каби ўша органларнинг ўзлари ўрганиб чиқишда давом этарканлар, бу вазиятда уларнинг мутлоқ бетараф бўлиши ва ишларни холисона кўриб чиқишига умид қилиб бўлмайди, дейди маҳаллий ҳуқуқ ҳимоячиси Евгений Жовтис.

Маълумки, Қозоғистон БМТнинг қийноқларга қарши конвенциясига 1998 йили аъзо бўлган. Ўша пайтдан бошлаб то ҳозиргача қозоқ расмийлари мамлакатда қийноқлар қўлланилиши қўшни давлатларга нисбатан анча камлиги ва бунинг олдини олиш учун ҳукумат, хусусан, ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари томонидан қаттиқ назорат юритилаётганини айтиб келмоқдалар.

Шунга қарамай, Қозоғистон қамоқхона ва ҳибсхоналарида маҳбусларга нисбатан қийноқ қўллаш амалиёти давом этаётгани ҳақидаги хабарлар мамлакат оммавий ахборот воситалари ва маҳаллий ҳуқуқ фаоллари ҳисоботларида бот-бот қайд этиб турилади.

Айрим кузатувчиларга кўра, сўнгги йилларда Қозоғистонда сиёсий ва диний мотивлар бўйича қўлга олинганларга нисбатан аёвсиз қийноқлар қўллаш авж ола бошлаган. Марказий Осиё инсон ҳуқуқлари ассоциацияси президенти Надежда Отаева бунга Европага келган қозоқ қочқинлари билан суҳбат давомида амин бўлганини айтади:

- Мен сўров ўтказганларнинг аксарияти қочқинлар эди. Мен сўроқ пайтида тергалаётган кишиларга етказилган зарбалар оқибатида улар кўриш қобилиятини йўқотгани ҳақидаги мудҳиш воқеаларни эшитдим, дер экан Надежда Отаева Европадаги қозоқ қочқинларининг ассоциацияга йўллаган айрим хатлари мазмунини Озодлик мухбирига сўзлаб берди.

Ўша хатларнинг бирида шундай ёзилади:

“Мени терговчи Алдиёр Бесбаев чақиртирди. Улар мени тушгача ушлаб туришди. Мен билан сўзлашаётган пайтда улар тепамда дубинка ушлаб туришди. Мени дўппослашларини айтиб, қўрқитишди. Мен уларга адвокат ёллашга ҳаққим борлигини айтдим. Улар қўлимга кишан солиб, батареяга боғлаб қўйишди, сўнг ниқоб таққан киши буйрагимни мўлжаллаб ура бошлади. Терговчи эса чап тарафимга ўтириб олиб, чап юзимга ура бошлади. Шунга ҳозир чап кўзим 80 фоизга кўрмайдиган бўлиб қолган.

Шу тариқа, мен ҳар тарафдан зарба еявердим. Айни пайтда улар мен ва яқинларимга ёмон бўлишини айтиб, таҳдид қилишдан тўхтамасдилар. “Биз сени қамоққа тиқиб ташлаймиз ва сенга ҳеч ким ёрдам беролмайди”, дейишарди. Ўша куни улар мени қўйиб юборишди, эртасига эса мени урган терговчи қўл қўймиш чақириқ қоғози келди. Мен сўроққа боришга чўчидим. Бошқа шаҳарга қочиб бориб, ўша ердан мамлакатдан чиқиб кетиш йўлларини қидира бошладим. Чунки менга на адвокатлар, на ҳуқуқ ҳимоячилари, на таниш-билишларим, хуллас, ҳеч ким ёрдам беролмасди”, деб ёзади ўз мактубида Қозоғистонда диний мотивлар бўйича айбланиб, Европа давлатларидан бирига қочиб келган қозоқ қочқинларидан бири.

Қозоғистонлик айрим кузатувчилар мамлакатда давом этаётган қийноқ амалиётини советча тергов услуби инерцияси сифатида баҳолайдилар. Сиёсатчи Айдос Саримов ҳам ана шундай фикрда:

- Жамиятда қийноқ ва шу каби инсонни азобга солувчи амалиётдан буткул ҳалос бўлиш учун, энг аввало, жамиятнинг ўзи аввалги совет, коммунистик дунёқарашдан ҳоли бўлмоғи керак. Бу, инчунун, ҳуқуқ-тартибот органларига ишга кираётган фуқароларимизга тегишли, дейди сиёсатчи Айдос Саримов.
XS
SM
MD
LG