Линклар

Гуруҳ янги, муаммо эски

  • Садриддин Ашур

"Эзгулик" жамияти ва "Ўзбекистон тезкор ҳаракат гуруҳи" асос солган экспертлар гуруҳи 12 кишидан ташкил топган.

"Эзгулик" жамияти ва "Ўзбекистон тезкор ҳаракат гуруҳи" асос солган экспертлар гуруҳи 12 кишидан ташкил топган.

Ўзбекистондаги "Эзгулик" жамияти ва "Ўзбекистон тезкор ҳаракат гуруҳи" инсон ҳуқуқлари борасида халқаро талабларга жавоб берувчи тадқиқотлар олиб бориш мақсадида ҳуқуқ ҳимоячилари, адвокатлар ва журналистлардан иборат махсус ишчи гуруҳи ташкил этди.

Бу янги экспертлар ишчи гуруҳи Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари ҳимояси билан шуғулланадиган икки ташкилот - "Эзгулик" жамияти ва "Ўзбекистон тезкор ҳаракат гуруҳи" аъзоларидан таркиб топган.

Шунингдек¸ унинг таркибида адвокатлар ва мустақил журналистлар ҳам бор.

Экспертлар гуруҳини ташкил қилишга қандай эҳтиёж бор эди?

Биз бу савол билан гуруҳнинг жамоатчилик билан алоқалар мутасаддиси, “Эзгулик” жамияти фаоли Абдураҳмон Ташановга мурожаат қилдик:

- Кейинги пайтларда ҳуқуқ ҳимоячилари¸ мухолифатчилар ичида бирлашиш¸ кучни бир жойга жамлаш бўйича чақириқлар пайдо бўлди. Шунинг баҳонасида жуда кўп коалициялар тузилди. Бу ҳам ишимизнинг унумдорлигини янада ошириш¸ воқеаларга тезкор муносабатда бўлиш. Бундан ташқари¸ халқаро талабларга жавоб берадиган таҳлилий хулосалар тайëрлашга эҳтиëж туғилди¸ - дейди Абдураҳмон Ташанов.

Абдураҳмон Ташанов фикрича бу ташкилотларда халқаро талабларга жавоб бера оладиган таҳлилий хулосалар йўқ эди.
Шу пайтгача Ўзбекистондаги воқеалар ва инсон ҳуқуқлари вазияти юзасидан тадқиқотларни халқаро "Сорос" фонди, Москвадаги “Мемориал” сингари ташкилотлар тақдим этиб келар эди.

- Шу ишни ўзимиз бажармоқчимиз. Бунинг истиқболи олдимизга қўйган вазифани қанчалик амалга оширишимизга боғлиқ¸ - дейди Абдураҳмон Ташанов.

Экспертлар ишчи гуруҳи (ЭИГ) ўтказилган ҳар бир мустақил тадқиқот натижаларини аҳолига етказишни ўз олдига мақсад қилиб қўйган. Лекин Ўзбекистон мабуоти қаттиқ цензурада бўлган, ҳукуматга ёқмайдиган интернет сайтлари қамал қилинган бир пайтда¸ бу ишни қандай амалга ошириш мумкин?

- Имконият даражасида етказамиз. Сайтлар блок қилингани билан уни айланиб ўтиш йўллари орқали¸ Озодлик¸ Би-Би-Си каби хорижда фаолият юритаëтган радиолар орқали ëки, масалан, Ўзбекистон адвокатлар ассоциациясига ўхшаган ташкилотлар орқали етказишга ҳаракат қиламиз. Бу имконият даражасида қилинадиган иш¸ - дейди Абдураҳмон Ташанов.

Лекин инсон ҳуқуқларига оид ҳар қандай холис ахборот ва уларнинг манбалари қаттиқ таъқиб қилинадиган Ўзбекистондай бир мамлакатда бу янги экспертлар гуруҳининг ишлаб кетишига айрим кузатувчилар шубҳа билан қарамоқда.

Абдураҳмон Ташановнинг айтишича, шубҳаларда асос бор:

- Бу шубҳада жон бор. Чунки шу пайтгача ҳеч бир коалицион гуруҳ ишлаб кетмаган. Бунинг ўзига хос сабаблари бор.

Биринчидан, бу бирлашишдан ҳукумат манфаатдор эмас.

Иккинчидан, бирлашаëтган шахслаернинг манфаатдорлик даражалари ҳар хил.

Иложи борича демократик бўлишга ҳаракат қилинди. Аввалдан низомлар¸ қоидалар ишлаб чиқилмаса¸ ҳар қандай гуруҳлар ичида уни суиистеъмол қиладиган шахслар пайдо бўлади¸ - дейди Абдураҳмон Ташанов.

Абдураҳмон Ташанов фикрича, бу янги гуруҳнинг иши юришиб кетса, кейинчалик уни бир нодавлат ташкилот сифатида рўйхатдан ўтказишга ҳаракат қилинади. Ҳозирча эса, буни фақат лойиҳа деб аташ тўғрироқ бўларди.

Зеро, бу янги гуруҳ инсон ҳуқуқи ҳимоячилари ва халқаро ташкилотлар ўртасида кўприк бўлиши керак.

- Доимо “Мемориал”га ўхшаган ташкилотлар “Ўзбеклар бирлашмайди. Буларнинг фикри бир жойдан чиқмайди”, деб ерга уриб келди. Биз ўша кўприкни ясамоқчимиз. Бу гуруҳ халқаро ташкилотлар учун кўприк бўлиши керак¸ - дейди Абдураҳмон Ташанов.

ЭИГ вазиятни мониторинг қилиб, ҳужжатлаштириш ҳамда ойлик ахборот бюллетенларини эълон қилиб боришни, мунтазам равишда таҳлилий материаллар ва тадқиқотлар тайёрлаб боришни мақсад қилиб қўйган.
XS
SM
MD
LG