Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 18:46

Машина ўғрилари қўлга олинди


Ўш милициясига кўра¸ қўлга олинган уюшган тўда асосан Тико русумидаги машиналарни ўғирлаш билан шуғулланган.
Ўш милициясига кўра¸ қўлга олинган уюшган тўда асосан Тико русумидаги машиналарни ўғирлаш билан шуғулланган.

Ўшда Қирғизистондан ўғирланган машиналарни Ўзбекистонда сотиш билан шуғулланганликда айбланаëтган уюшган жиноий тўда қўлга олинди. Тўдабошининг марғилонлик Рустам Ҳошимов экани айтилмоқда.

Қирғизистон жанубида “Тико” русумидаги автомашиналарни ўғирлаб кетиш ҳоллари кўпайганини эътироф этган Ўш милицияси бу автомашиналарнинг Ўзбекистонга олиб кетилаётганлиги аниқлангани ҳақда ўтганда баëнот тарқатган эди.

Куни-кеча Ўш шаҳар Ички ишлар бошқармаси матбуот хизмати ушбу ҳолат юзасидан жиноий гуруҳ қўлга олинганини маълум қилди.

Маълумотда айтилишича, Ўш вилоятининг Новқат туманида қўлга олинган беш айбланувчининг икки нафари Қирғизистон ва уч нафари Ўзбекистон фуқароларидир.

- Ўш шаҳар Ички ишлар бошқармаси жиноят қидирув бўлими тарафидан уюшган жиноий гуруҳ қўлга олинди. Бу гуруҳ автомашина ўғирлаш билан шуғулланган. Бу гуруҳ ўшлик, марғилонлик ва фарғоналик одамлардан иборат бўлган.

Бу гуруҳга “Ҳожи ака”, деб танилган, 1961 йилда туғилган марғилонлик Рустам Ҳошимов раҳбарлик қилган. Гуруҳ аъзолари 1990 йилда таваллуд топган ўшлик Ёрқин, 1974 йилда туғилган марғилонлик Фахриддин, 1987 йили туғилган Ғолиб, 1985 йили туғилган Шавкат исимли йигитлардир.

Айни пайтда улар Ўш шаҳар Ички ишлар бошқармасининг изоляторида сақланмоқда, деди Ўш шаҳар Ички ишлар бошқармаси матбуот котиби Замир Сидиқов.

Унинг айтишича, Қирғизистон фуқаролари машиналарни ўғирлаб чегарагача олиб борган. Қолган ишларни эса Ўзбекистон фуқаролари амалга оширганлар.

Ўш шаҳар Ички ишлар бошқармаси матбуот хизмати қўлга олинган шахслардан бири тергов пайтида Ўшдан ўндан ортиқ машина ўғирлаганига иқрор бўлганини айта туриб¸ бу шахс кўрсатмасидан айрим парчани мухбирларга тақдим қилди.

Ички ишлар ходими: - Қандай машиналарни ўғирлагансизлар?
Айбланувчилардан бири: - “Тико” ҳамда “Жигули”.
Ички ишлар ходими: - Қандай қўлга тушдинг?
Айбланувчилардан бири: - Автаҳалокатга учраб қўлга тушдим.
Ички ишлар ходими: - Қаерда?
Айбланувчилардан бири: - Новқат туманидан ўтганда.

Ички ишлар ходимларига кўра, агарда гуруҳ аъзоси автоҳалокатга учрамаганида милиция ходимларининг жиноий гуруҳни қўлга олиши ва ўғирланган машиналар эҳтиëт қисм сифатида парчалаб сотилгани боис¸ уларнинг Ўзбекистондан топилиши қийин кечар эди.

Ўш шаҳар йўл хавфсизлик хизмати раҳбари Айжигит Зикиров ўтган йили 46та машина ўғирланганини айтади.

- Ўтган йили Ўшдан 46 та машина ўғирланган. Уларнинг аксариятини Кореяда ишлаб чиқарилган “Тико” автомашиналари ташкил этади.

Олинган оператив маълумотларга қараганда ўғирланган “Тико” автомашиналари Ўзбекистон Республикасига олиб кетилаётгани маълум бўлди. Чунки у ерда автомашиналар нархи қиммат экан, деди Айжигит Зикиров.

Бироқ қирғиз милицияси ҳозирча ўғирланган машиналарни қидириб топишда ҳамкорлик қилинишини сўраб Ўзбекистон томонига мурожаат қилмаган. Айжигит Зикировнинг айтишича, айни пайтда бу оператив маълумотлар асосида тергов олиб борилмоқда. Тергов якунлари чиқарилгач, Ўзбекистон томонига ҳамкорлик қилиш масаласида махсус мурожаат жўнатилади.

Ўшлик таксичилардан бири Қирғизистондан ўғирланган машиналарнинг қўшни давлат ҳудудига олиб ўтилиб¸ парчалаб сотиб юборилишидан хабардор эканини айтади.

- Бир мижозни олиб кетаётганимда йўлда бир одам тўсди. Қўлида машинанинг давлат рақами бор эди. Машинамдаги мижоз уни олишимизни айтди.

У машинага ўтирганидан кейин мижозим ундан “Менинг машинам нима бўлди?” деб сўради. Кейинроқ маълум бўлишича, бизни тўхтатган одам милицияда ишлар экан. Мижозимнинг эса машинаси ўғирлаб кетилган экан.

Ўғрилар Қирғизистон билан Ўзбекистон чегарасига яқин ерда машинани парчалаб Ўзбекистон тарафга сотмоқчи бўлганлар.

Машинани сотиб олган одам эса унинг ўғирланганинини сезиб қолиб, ўзи милицияга бориб бу ҳақда маълум қилибди, деди суҳбатдошим.

Ўш шаҳар Ички ишлар бошқармасидан олинган маълумотларга кўра, сўнги икки ой ичида икки нафар ўшлик таксичи номаълум шахслар тарафидан ўлдириб кетилган. Уларнинг автомашинасини ўғирлаган қотиллар ҳозирча топилмаган. Шу сабабли милиция ходимлари такси бекатларига бориб ўшлик таксичиларга “ёмон ниятли йўловчилар” қўлига тушиб қолганда нима қилиш кераклигини тушунтирмоқдалар:

- Маълумки, такси ҳайдовчилари бекатларда гуруҳ-гуруҳ бўлиб турадилар. Улар бирон бир мижозни манзилига олиб боришдан аввал шерикларига қаерга кетаётганини маълум қилишлари керак.

Шериклар эса дўсти олиб кетаётган мижознинг юз тузилишини эсалаб қолишлари лозим. Бу уларнинг хавфсизлиги учун жуда муҳим.

Бундан ташқари ҳар бир ҳайдовчи машинада доимо бўлувчи учи ўткир бўлган отвёртка каби асбобларни ўзига қулай жойга қўйиб олиши шарт. Агарда жиноятчи уни ортидан бўғмоқчи бўлса, улар отвёртка ёрдамида жиноятчи қўлидан чиқиб қочиши ва ёрдам чақириши мумкин, деди таксичилар орасида тушунтириш ишлари олиб борувчи милиция ходимларидан бири.
XS
SM
MD
LG