Линклар

Ўзбек журналистлари қайда?


Қозоғистонда сўз эркинлиги мавзусида ўтган танлов ташкилотчиларига кўра, Ўзбекистонлик журналистларни танловга таклиф қилишнинг имкони бўлмаган.

Қозоғистонда сўз эркинлиги мавзусида ўтган танлов ташкилотчиларига кўра, Ўзбекистонлик журналистларни танловга таклиф қилишнинг имкони бўлмаган.

Марказий Осиё журналистларининг Қозоғистонда ўтказилган “Сўз эркинлиги ҳақида эркин сўзлаш” танловида Ўзбекистон ва Туркманистон журналистлари иштирок этмадилар.

Ўтган ҳафта Олмаотада бўлиб ўтган ушбу танлов ташкилотчиларининг айтишларича, танловда Қозоғистон, Тожикистон ва Қирғизистондан 73 нафар журналист иштирок этган.

Freedom House - Озодлик уйи ташкилоти ушбу танловда биринчи ўринни эгаллаган журналистга 1000 АҚШ доллари, иккинчи ўринга 650 ва учинчи ўринни олган журналистга 500 доллар миқдорида пул мукофоти ажратган.

Қозоғистонда Марказий Осиё журналистлари иштирокидаги бу каби танлов илк бора ўтказилаётганини айтган Қозоғистон Журналистлари иттифоқи раиси Саитқози Матаев, бу танловга Ўзбекистон ва Туркманистон журналистларини жалб қилишга умуман имконият бўлмаганини билдирди.

- Туркманистон ва Ўзбекистон ҳақида гапириш жуда қийин. Чунки бу давлатларда эркин ва мустақил журналистика деярли йўқ. Бу давлат журналистлари билан боғланиб, уларни танловда иштирок этишга таклиф қилиш жуда қийин кечди, дейди Саитқози Матаев.

Айни пайтда Қозоғистонда яшаётган ўзбекистонлик журналист Саитқози Матаев мулоҳазасига фикр билдираркан, бундай танловда ўзбекистонлик журналистларининг иштирок этиши чиндан ҳам қийинлиги, аммо хавфга қарамай, бир-икки журналист ўз мақоласини танловга юбориши мумкин бўлганини гапиради:

- Марказий Осиё журналистларининг мана шундай тадбирига ўзбекистонлик журналистларнинг таклиф қилинмагани, ўзбек журналистлар эътибордан четда қолдирилганлигини англатади, дейди ўзбекистонлик журналист.

"Журналистлар хавф остида" ташкилоти раҳбари Розлана Таукина ҳам Марказий Осиё журналистлари танловининг Ўзбекистон ва Туркманистон журналистлари иштирокисиз ўтказилишини ўринсиз деб билади.

Унинг айтишича, ҳозир минтақанинг айнан мана шу икки давлатида журналистларнинг фаолият юритиши ўта хавфлидир:

- Ўзбекистон ва туркманистонлик журналистлар жуда қийин вазиятда ишлашади, аммо шунга қарамай, барибир бу давлатлардан маълумот келиб тушмоқда.

Бизнинг ташкилот ушбу икки давлат ҳукуматларига мухолиф бўлган журналист ва ҳуқуқ ҳимоячиларининг мамлакат ичида яшаши нечоғли қийин эканини яхши билади.

Марказий Осиё бўйича айнан ўзбек ва туркман журналистлари профессионаллик жиҳатидан бошқа журналистларга нисбатан анча юқори туриши ҳам сир эмас.

Уларнинг танловда иштирок этмагани, бу танлов ташкилотчиларининг айби деб биламан, улар журналистлар билан алоқага чиқиб, уларни таклиф этмоқлари зарур эди, уларнинг деярли барчаси тахаллус билан ëзади, шу боис бу уларнинг хавфсизлигини таъминлаши мумкин эди, дейди Розлана Таукина.
XS
SM
MD
LG