Линклар

logo-print

Тошкент зилзиласи сабоқлари

  • Абдулла Искандар

Тошкентда 1966 йилда рўй берган зилзила шаҳар марказининг каттагина қисмини вайрон қилган эди.

Тошкентда 1966 йилда рўй берган зилзила шаҳар марказининг каттагина қисмини вайрон қилган эди.

"Чархпалак" рукни остида ўз вақтида Сиз тингловчи қизиқишини уйғотган ва радиомиз файллар токчасида сақланаётган баъзи эшиттиришларни такрор эълон қилишда давом этамиз. Бугун Тошкентда 1966 йилда рўй берган зилзилага 47 йил тўлиши муносабати билан қуйидаги мақолани эътиборингизга ҳавола қиламиз.

Собиқ иттифоқни ларзага солган Тошкент зизлиаси Ўзбекистон пойтахтининг катта қисмини вайрон қилган эди.


Бундан 45 йил олдин - 1966 йил 26 апрель куни Тошкентда тонгги соат 5дан 22 дақиқа 53 сония ўтганда Рихтер ўлчови бўйича 8 баллик, магнитудаси 5,3 га тенг зилзила рўй берган эди.

Зилзила тонгги соат 5:22да рўй берган эди.
1966 йилда Тошкент сейсмик марказида раҳбар бўлиб ишлаган Валентин Уломовга кўра, зилзиланинг вайрон этиш кучи ўта қудратли бўлган.

- Шаҳарни тўла вайрон этилишдан фақат зилзила ўчоғи 8 километр ер остида бўлгани сақлаб қолган. Шунга қарамай, ўша пайтдаги Ўзбекистон ССР пойтахти марказининг 10 квадрат километри вайрон бўлган, дейди Валентин Уломов.

Зилзилани бошдан кечирган тошкентлик Қаҳрамон ака ўша куни қаттиқ тасир-тусурдан уйғониб кетганлигини айтади.

- 1966 йили мен 25-26 ëшларда эдим. Уйда ухлаб ëтилган вақт эди. Бирдан ниҳоятда қаттиқ ер силкиниши юз бериб уйнинг ҳаммаси чангга тўлиб кетди. Умуман айтганда даҳшатли, қўрқинчли воқеа эди. Чунки лампочка, люстралар осилган жойга гипсдан лепка қилинарди. Бурчак жойларига ҳам алебастрлардан лепка қилинган бўларди. Биринчи навбатда ана ўша лепкалар учиб кета бошлади. Албатта улар одамларнинг устларига, бошларига тушган. Томлар олдин нима билан ëпилган, қора том дейдими. Тўсинларнинг устидан майда ëғочлар, кўпинча шох-шабба ташланган бўлади. Унинг устига лўмбоз урилган бўлади. Ўша ер қимирлашда шох-шаббаларнинг ҳаммаси сина бошлади. Уйда шкафларда турган чинни нималар, шишалар ҳаммаси чил-чил синган. Баъзир бир енгилроқ деворлар сурилиб кетган, дейди Қаҳрамон ака.

Ўша давр расмий маълумотига кўра, 2 миллион квадрат метр уй-жой, 236 маъмурий бино, 700га яқин савдо ва жамоат овқатланиш шaҳобчалари, 26 коммунал хўжалик, 181 таълим муассасаси, 36 маданият ташкилоти, 185 тиббий ва 245 саноат бинолари вайрон бўлган. 78 минг оила ёки ўша пайтда Тошкентда яшаётган бир ярим миллион аҳолидан 300 мингдан ортиқроғи уйсиз қолди.

Ўзбекистон сейсмология институти раҳбари, зилзилашунос олим, академик Қаҳҳорбой Абдуллабековнинг эслашича, 1966дан кейин 3 йил йил мобайнида зилзила 1100 марта такрорланган.

- 1966 йилда ўша вақтдаги соат бўйича 5.23. Ҳозир бир соат сурилганку. Қоп-қоронғи бўлган. Гринвич бўйича 25 апрел 23.23 бўлади. Магнитудаси, ҳозир Рихтерда айтилаяптию 5,3 бўлган. 12 балли шкала бўйича 8-8,5 балл куч билан сезилган. Чуқурлиги 8 километр. Магнитудаси паст бўлгани билан чуқурлиги чуқур бўлгани учун кучли сезилган. Бор-йўғи тўртта одам вафот қилган дейишади. Нимагаки зилзиланинг ўчоғи Тошкентнинг тагида бўлган. Силкиниши вертикал бўлган. Кўтариб-кўтариб ташлаганда. Ëнбошдан урмаган. Шунинг учун иморатлар қулаб тушмаган. Иморатлар талофат кўрган, бошқа қилган. Уйларнинг деворлари қулаган, деразалар тушиб кетган. Анча-мунча зарар кўрган. Иморатлар босиб қолмаган. Шунинг учун қурбонлар сони кам. Лекин биринчи кучли зилзиладан кейин 3 йил давомида aftershock деймиз, 3 йил давомида 1000дан ортиқ қўшимча силкинишлар бўлган.

Озодлик: Ашхободда бўлган зилзиладан кейин Ашхободга ëрдам бўлмаган ва сир тутилган экан. Тошкент зилзиласига эътибор катта бўлган. Брежнев келган, Косигин келган. Қурилишлар яхши бўлган Тошкентда дейишади.

- Мен бу фикрга қўшилмайман. Ҳамманинг ўзининг ҳар хил фикри бор, дейди Қаҳҳорбек Абдуллабеков.

СССР ҳукумати ва иттифоқдош давлатлар мадади билан Тошкент 1968 йилга келиб тўла тикланди. Тошкент тубдан янгидан қурилган мегаполисга айланиб, аҳолиси сони 1,5 баробарга кўпайди.

Академик Қаҳҳорбек Абдуллабеков шу пайтгача масаланинг матбуот тилга олмай келган жиҳатига тўхталди.

- Тўғри, Тошкентда жуда кўп иморатлар қурилди. Лекин бутун собиқ СССРдан ҳар хил одамлар келдида. Шуларнинг 70-80 фоизи Тошкентда қолиб кетди. Ерли халққа жуда кам иморат қуриб берилди. Тошкентдаги шароитлар, бошқалар ҳар хил ўзгарди. Бир томондан яхши иморатлар қурилди, бошқа бўлди, кўчалар очилди. Лекин маънавий томондан анча ëмон бўлди.

Озодлик: Қаҳҳор ака, мана бу ерда маълумотлар бор. 1968 йилга келиб Тошкент аҳолиси кўпайган экан.

- Саломат бўлинг. Ниманинг ҳисобига кўпайди?

Озодлик: Ўзбеклар серфарзанд бўлиб кетдими ëки келганлар қолиб кетдими?

- Кечирасизу, ахлоқи унча яхши бўлмаган, беиш, сто восмой дердикку, шунақа одамларни йиғиб олиб келишган бутун СССРдан. Шулар ҳаммаси қолиб кетди Тошкентда. Кейин Тошкентда анча-мунча маънавият бузилди. Эски Тошкент бошқача эди. Кейингиси бошқачароқ бўлди. Одам кўпайди, аммо асосан четдан келиб қолиб кетганларнинг ҳисобига. Ерли халқнинг жуда кўпи шаҳардан ташқарига чиқиб кетишди. Яхши томони ҳам бор, ëмон томони ҳам бор.

Озодлик: Тошкентнинг ўша пайтдаги этник состави 51 фоиздан кўпроқ русийзабон бўлиб қолган. Ўзбеклар 49 фоиз бўлиб қолибдида.

- Тўғри. Олдинги фикримнинг давоми. Бутун СССРдан йиғиб олиб келинган одамларнинг 80 фоизи шу ерда қолиб кетдида. Қурган иморатларига ўзлари кўчиб чиқишди, дейди Қаҳҳорбек Абдуллабеков.

Академикнинг бу фикрларига тошкентлик Қаҳрамон ака ҳам қўшилади

- Қурилаëтган районлар асосан Мокванинг пули, марказий бюджет ҳисобига қурилган. Бошқа республикалардан қурувчилар келган. Москваликлар қурадиган, ленинградликлар қурадиган, грузинлар қурадиган, арманлар қурадиган алоҳида микорайонлар бўлган. Ўша вақтда давлат сиëсати шундай эдики, совет халқи аралаш халқ бўлиши керак. Кўпроқ миллий республикада руслар бўлиши керак. Уй қураëтганларнинг ўзларига уй берилган. Ўзбеклар Бешқайрағоч, Октябр массиви томонга ҳайдалган, дейди Қаҳрамон ака.

26 апрел куни Тошкент радиоси ҳам зарар кўрди, аммо радио ўз эшиттиришларини кўчма станциялардан туриб олиб борди. “Тошкентдан гапирамиз. Зилзила бўйича сўнгги ахборотни эшиттирамиз” дейилган заҳоти шаҳарликлар радиопримниклар ëнига тўпланишгани эсланади. Ўша пайтдаги расмий маълумотга кўра 26 апрелдаги Тошкент зилзиласидан сўнг шаҳарда 1000дан ортиқ чодир тикилган. 600дан ортиқ вақтли савдо шаҳобчалари ва кафелар ишга туширилди. 15 мингдан ортиқ оила ўз ихтиёри билан бошқа шаҳарларга ва бошқа республикаларга кўчирилди. Тошкентлик болалар СССРнинг 94 вилоятидаги пионер лагерларида дам олдилар. 1966 йил қишига - 300 мингдан ортиқроқ одам уйли бўлди. Уч ярим йил мобайнида зилзила оқибатлари бартараф этилди.

Тошкентда 1 млн. 200 минг кв. метр уй-жой қурилди. Унинг 1 млн. 100 минг кв. метри иттифоқдош республика қурувчилари ва ҳарбийлар томонидан қурилди. Жумладан, Россия Тошкентга 334, 8 минг кв. м., Москва 230 минг, Ленинград 100 минг, Украина 53 минг кв. метр уй-жой совға қилди.

Тошкентга ўша пайтда Югославия таркибига кирган Македония Республикаси ҳам кўмак кўрсатди.

Зилзила бўлган кунлари Тошкентга учиб келган СССР раҳбарлари Леонид Брежнев, Косигинлар ўша пайтдаги Ўзбекистон раҳбари Шароф Рашидов билан бирга зилзила оқибатларини тугатиш тадбирлари умумхалқ ишига айланишини таъминлашди.

Тошкентда метро қурилиши масаласи ҳам ўшанда ҳал қилинди.

Зилзилага кўчган шеърлар парчаси

Ўша даврнинг энг урф бўлган шоирларидан Андрей Вознесенскийнинг Тошкентга ëрдам қил деган шеърий хитоби миллионлар юрагида садо берди.

Помогите Ташкенту!

Если лес - помоги,
если хлеб - помоги,
если есть - помоги,
если нет - помоги!

Айни пайтда Шоир Эркин Воҳидов ўзининг палаткада ëзилган достонини эълон қилди.

Йўқ, бу достон эмас,
Булар барчаси —
Зилзилада кўчган
Шеърлар парчаси.
26 апрел
Тонг саҳар
Қаттиқ силкинишдан
Уйғонди шаҳар.
Кварталлар гўё
Катта эшелон —
Силтаниб кўзғалди,
Юра бошлади,
Алланечук бўлиб
Еришди осмон,
Қайдадир гумбурлаб
Девор ташлади.
Бола қичқириғи,
Аёлнинг доди,
Итлар вовиллаши
Қўшилди бир он.
Бирдан кўтарилиб
Муаллақ қолди
Қашқар маҳалланинг
Устида тўзон.
Бир зум ўтмай, барча
Товушни босиб,
Сирена овози
Таралиб кетди.
Прожектор каби
Шаҳарни кесиб,
«Тез ёрдам» ҳар ёнга
Таркалиб кетди.

...Бир аёл чақалоқ боласини бешиги билан кўтариб ўзини эшикка отди. Қўрқув, саросимада тошойнага урилиб беҳуш йиқилди...

...Студент бола иккинчи қаватдаги ётоқхона деразасидан ўзини пастга ташлади. Ётоқхона ҳовлисига тахлаб қўйилган матраслар устига тушиб омон қолди. Чап кураги чиқиб, тирсаги бир оз лат еди...

Сўнгра жимлик чўкди,
Тонг отди аста.
Қуёш юпатгандай
Қаради пастга.
Одамлар эгнидан
Чангларни қокиб,
Ишга шошилади
Соатга боқиб.
Яна давом этар
Одатий ҳаёт.
Одамлар,
Одамлар —
Мужассам сабот!

1966 йил 19 ëшда бўлган талаба йигит Шерали Жўраев шаҳарни тиклаëтганларга қарата “Ҳормангиз” деган қўшиқни телевидение орқали айтиб чиқди. Бу ëш ҳофизнинг ойнаи жаҳондаги илк чиқиши эди. Орадан 45 йил ўтиб бу воқеани эслар экан Шерали Жўраев мийиғида кулиб қўйди.

- Ўзим ëзган эдим уни. Биринчи телевизорга чиқишим эди ўзи ўшанда.

Пойтахтим кўксига тушган яранинг малҳами,
Студентлар, ишчилар, мард қаҳрамонлар ҳормангиз.

Битта сўзи шу. Шу эсимда қолган. Чунки мен ўзим ўша куни зилзилада Хадрада Ҳамза театрининг рўпарасида пастда чуқурликда икки хонали ҳужрада ëтган эдим. Ўшанда шунақа зилзила бўлган. Саҳар бўлган 6ларда. Мен ўйладим энди уруш бошланди деб ўйлабман. Танклар ўтаëтганга ўхшадида. Йўлнинг бўйида эдида. Мен ўзим Тошкентда ўша зилзила пайтида қорним оч ëтган эдим. Унда пулим йўқ эди. 66 йилда қимирлаганку. Хуллас шу билан бошланган ишимиз. Кейин телевизорга олиб боришган бизни. Ўшанда биринчи ашуламиз

Пойтахтим кўксига тушган яранинг малҳами,
Студентлар, ишчилар, мард қаҳрамонлар ҳормангиз,- деб мен ашула айтганман. Шу эсимда ҳақиқатан.

Озодлик: Шу ашулани қандай ëзгансиз? Йиқилган уйларни кўрибми ëки одамларнинг бир нимасини кўрибми?

- Ўша пайтда уйни кўриб, бари одам ишлайди, студентлар ҳам ишлайди, ишчилар ҳам, ҳамма ишлайди. Ўзимизнинг театралний институтда мен келгандан кейин мени кўриб, ҳалиги Лабаш деган домла бўларди раҳматли, ўтиб кетди улар, мени кўриб “Сен шуларга бошлиқ бўлгин” деди. Ҳамма одамни мен ўзим ишлатардим студентларни. Мени Бригад ака деб чақиришарди улар. Катта кўринардимда. Озғин одам катта кўринадида. Новча, озғин одам жуда катта одамга ўхшаб кўринади.

Озодлик: Ўша мисраларни мана айтдингиз. Оҳанги ҳам ëдингизда борми? Хиргойи қилиб берасизми. Ўша йилларни бир эсласак.

- Оҳанги ҳам оддий оҳангда.

Озодлик: Руҳни кўтарадиган, руҳга қувват бағишлайдиган ашула бўлган эканда.

- Ҳа, шунақа бўлган, дея эслайди Тошкент зилзиласи куни илк қўшиғи билан эл дардига дармон бўлган ҳофиз Шерали Жўраев.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG