Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 06:17

Сурияда юзлаб норозилар ҳибсга олинди


Суриянинг Баниас шаҳридаги ҳукуматга қарши намойиш 22 апрелr 2011 йил
Суриянинг Баниас шаҳридаги ҳукуматга қарши намойиш 22 апрелr 2011 йил

Инсон ҳуқуқлари гуруҳлари Сурияда юзлаб демократия тарафдорлари ҳибсга олинганини айтмоқда. Айни пайтда халқаро ҳамжамият Сурия ҳукуматининг тинч намойишчиларга нисбатан зўравонлик қўллаётганини қораламоқда.


Суриядан олинган хабарларга кўра, ҳукумат кучлари юзлаб “демократияга тарафдорларини ҳибсга олган. Бир кун олдин Дараа шаҳрида хавфсизлик кучлари президент Башар ал-Ассад ҳукуматига қарши намойиш иштирокчиларини ўққа тутди.

Суриядаги “Sawasiah” инсон ҳуқуқлари ташкилоти душанба куни Дараа шаҳрига аскарлар, танклар ва мерганлар киритилгач, 500 киши қўлга олинганини маълум қилди. Дараа шаҳри бир ойдан бери давом этаётган ҳукуматга қарши намойишлар ўчоғи бўлиб қолмоқда.

“Syrian Observatory for Human Rights” инсон ҳуқуқлари ташкилотига кўра, Дамашқ шаҳри атрофидаги ҳудудлар ва Жаблеҳ порт шаҳрида ҳам бир ўнлаб одам қўлга олинган. Ташкилот раҳбари Рами Абдул-Раҳмон ҳибсга олинганлар сонини аниқ айта олмади.

Хабарларга кўра, душанба куни Дараа шаҳрида уюштирилган намойишни тарқатиш пайтида 39 киши ўлдирилган. Сурия ҳукумати чет элик журналистларни мамлакатдан чиқариб юбораётгани ва Дараа шаҳри ва унинг атрофида уяли алоқани узиб қўйгани боис бу маълумотни тасдиқлашнинг имкони бўлмади.

Инсон ҳуқуқлари фаолларига кўра, Сурияда март ойи ўртасида ҳукуматга қарши намойишлар бошланганидан бери хавфсизлик кучлари камида 350 киши ўлдиргани айтилмоқда.

Ҳуқуқ ҳимоячиси Абазид Абдуллоҳнинг Франс пресс ахборот агентлигига айтишича, хавфсизлик кучлари 26 апрел куни ҳам ҳукуматга қарши намойишга чиққан одамларни ўққа тутган.

Сурия расмийлари аскарлар Сурия-Иордания чегараси яқинидаги Дараа шаҳрига маҳаллий аҳолининг таклифига кўра, “экстремист террорчи гуруҳлар”ни таъқиб қилиш учун киритилганини таъкидламоқда. Улар Youtube.com ва бошқа ижтимоий тармоқларида эълон қилинган ва отишмаларни тасвирловчи лавҳалар сохта ёки улар Сурияда олинмаганини иддао қилмоқда.

Бироқ маҳаллий аҳоли ҳукумат иддаоларини инкор қилмоқда. Дараалик аёллардан бири Рейтерс агентлиги билан суҳбатда ўз оила аъзоларидан бир неча киши душанба куни ҳукумат қўшинлари ҳужумида ҳалок бўлганини гапириб берди.

- Улар яқинларимни ўлдиришди. Оиламни ўлдиршмоқда. Жасадлар ҳар ерда ётибди. Мен улар билан бирга эдим. Оилам ўляпти,- дея йиғлайди суриялик аёл.

АҚШ президент Башар ал-Ассаднинг истеъфосини талаб қилаётган намойишчиларга зўравонлик қўллаётган Дамашққа нисбатан кескинроқ позиция тутмоқда.

Оқ Уй матбуот котиби Жей Карней “ўз етакчиларини танлаш имконига эга бўлиши лозим”, дея баён қилди.

- Сурия халқи дунёдаги ҳар бир одамга берилиши лозим бўлган эркинликлар, жумладан, сўз эркинлиги, тинч йиғилиш ўтказиш эркинлиги, мамлакат раҳбарини ўзи танлаш имкони каби эркинликлар берилишини талаб қилиб чиқди, - деди Оқ Уй расмийси.

25 апрел кунги воқеалардан сўнг Вашингтон Суриядаги АҚШ элчихонасининг иккиламчи лавозимлардаги ходимлари ва оила аъзоларига мамлакатни тарк этишни тавсия қилди.

Айни пайтда инсон ҳуқуқлари гуруҳлари ва қатор давлатлар ҳукуматлари Суриянинг маркази Женевада жойлашган БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгашига аъзо этиб сайланишига қарши чиқмоқда.

Франция, Британия, Германия ва Португалия эса БМТ Хавфсизлик кенгашини Сурияда тинч намойишчиларга нисбатан зўравонлик қўлланилганини қораловчи резолюция қабул қилишга чақирмоқда. Дипломатларга кўра, бу ташаббусни АҚШ ҳам қўллаб-қувватламоқда.

Туркия қўшни Суриядаги воқеаларни диққат билан кузатиб бораётганини баён қилди.

АҚШ Президенти Барак Обама 25 апрел куни Туркия Бош вазири Ражаб Тойиб Эрдўғон билан телефон орқали сўзлашди. Мулоқот чоғида икки давлат раҳбарлари Сурия ҳукуматининг ўз халқига нисбатан қўллаган зўравонликлари борасида жиддий ташвиш билдирди.
XS
SM
MD
LG