Линклар

Пошшонинг амри вожиб?

  • Садриддин Ашур

"Президентимиз қарорларини сўзсиз бажаришни таъминлаш менинг мақсадим", дейди ёзёвонлик хожи ака.

"Президентимиз қарорларини сўзсиз бажаришни таъминлаш менинг мақсадим", дейди ёзёвонлик хожи ака.

"Эркин микрофон"нинг бугунги сонида ҳам мухлисларимиз Интерентда эълон қилинган "ҳукуматга бўйсинмаслик ташаббуси"га ўз муносабатини билдирди.


“Пахта бизнинг бойлигимиз, ғўзапоя ойлигимиз”

дейди Сурхондарё вилоятидан қўнғироқ қилган Ангор бобо. Суҳбатдош Озодликда эфирга узатилган Қурултой эшиттиришига муносабат билдирар экан, вилоятнинг кундалик муаммолари ҳақида фикр юритади:

- Кеча Қурултой ўтказдингизларку, мана бу қонунга бўйсунмаслик нималарингиз гапирдику.

Озодлик: Президентга бўйсунмаслик ҳақида.

- Агар энди улар президентга бўйсунмаса, президентнинг айтганини қилмаса, қонунга бўйсунмаса, улар эртага қандай давлат тузар экан, дейманда. Қандай давлат тузмакчи булар энди Муҳаммад Солиҳлар, Абдулла ака Тожибоевлар, яна бир-икки опа гапирди. Ўзи ҳозир Ўзбекистоннинг ўзида турмада ўтиргандай гап. Улар ҳам яна қолганини ҳам зиндонга ташлайдимикан. Қолган одамлар бари ўзи Москавга, Қозоғистонга кетиб бўлди. Менга ўхшаган ëши 80-90дан ошган чол билан момойлар қолган. Шундоғам Россия боқиб ëтибди. Агар Россия бўлмаганда, Ўзбекистон очдан ўлиши ҳам мумкин эди.

Озодлик: Мана қишлоқда чоллар ва кампирлар қолган деяпсиз. Кўпчилик кетганми сизлардан?

- Энди ҳамма уйдан битта-иккита-учтадан кетганда. Хотин-қизлар ҳам кетган, келинлар ҳам кетган, қизлар ҳам кетган. Нон топадигани бўлса, Маскавга кетганда.

Озодлик: Тобут кўтарадиган одам қолганми?

- Тобут кўтарадиган одам ҳам саноқли бўлмаса, йўқ ҳисоби.

Озодлик: Сизнинг фикрингизча, нима қилиш керак? Мана 90га кирган бобосиз.

- Олдинги нимасига олиб келиб қўшиб юбориш керакда. Нима кераги бор энди бунинг? Сарсон қилиб бўлдику 20 йилдан бери одамларни. Пахта бизнинг бойлигимиз, ғўзапоя ойлигимиз деб фақат ғўзапоя беради. Бошқа нарса бермаса фермерларга борган билан. Мана 7 миллион буғдой тайëрладик, деди. Агар 30 миллион одам бўладиган бўлса, ҳар битта бешикда ëтган чақадан тортиб, масалан уйингизда 5 киши яшасангиз, сизнинг бешикда ëтган чақангиздан бошлаб сизнинг ўзингизга қадар бир тонна буғдой бериш мумкин. Бир тонна буғдойингиз бир йилга ҳам ўзингизга, ҳам ўзингизнинг товуқ-повуғингизга дон-пони билан етадиган ғалла бўлиши керак. Бу Қозоғистоннинг унини олиб келади 80-90 минг. Ана Алпомишнинг уни ҳозир 67 минг бўлди. Чорвани тайëрлаган бўлса, чорванинг ҳам думидан мой оқиб қоладиган бўлиши керак эдику агар чораванинг озуқасини, буғдойини тайëрлаган бўлса. Бундан ташқари Абдулла Тожибой акалар, Муҳаммад Солиҳ акаларимиз бўйсунма дейди. Улар бундайга урушиб кетадиган бўлса, ҳамма қирилиб ўлиб кетади қолгани ҳам,- дейди Ангор бобо.

“Осмондаги гапларни гапирманг, Очил ака!”

дейди Фарғона шаҳридан қўнғироқ қилган тингловчи. У Эркин микрофонда эфирга узатилган жиззахлик Очил Мирзаевнинг гапларига муносабат билдиради:

- Анави Очил бобонинг гапларига эътирозим бор эди. Жиззахлик чиқаяптию Бахмалдан. У одамнинг мақсади нима экан мен тушунмай қолдим. Бир президентни мақтайди, бир Ўзбекистонни мақтайди. Бизга бунақа мустақилликнинг кераги йўқ эдида. Мустақил бўлганимиздан бери газ проблема, сув проблема. Шаҳарнинг марказида ўтираман. 80 фоиз аҳоли бекорчи. Аëллар кўчада ҳаммаси. Эркак киши кўчада тирикчилик қилмайди. Ҳаммаси мардикорчиликка чиқиб кетган Россияга. Подшонинг амри вожиб, дейди. Подшо одил бўлса, халқига енгиллик бўлса, кейин амри вожиб бўлади. Бу ерда билмайман мен қандай, аëллар ҳалол билан ҳаромнинг фарқига бормай қолган. Қанақа қилиб тирикчилик қилаяпти, нима қилаяпти. Озгина бепарво қолсангиз, билмайман нима қилишади. Бу одам чиқиб олиб ҳар хил гапларни гапираяпти. Битта марғилонлик чиқиб гапирди ҳожи ака. Билмайман булар президентнинг одамими ëки шунга қарашли нимами. Бу ерда мисол учун ҳақиқатни гапирадиган одам йўқ. Ҳаммаси ўзидан қўрқади. Йўлини тўсиб қўйган. Шаҳарда тем более. Бир боғ кўкатни ҳам бозордан сотиб олади. У одам чиқиб олиб “Мол боқсин, қўй боқсин”. Қаерда боқади у молни? Молни ҳам пулга берадими? Мол, қўйни пул бўлса оладими. Давлат томонидан қандай ëрдам? 100 фоиз ҳеч қанақа ëрдам йўқ давлат томонидан. Учта болам бор. Учта боламга ҳам бир сўм пул олмайман. У одамнинг гапирган гаплари умуман Ўзбекистоннинг шароитига тўғри келмайди, дейди фарғоналик суҳбатдош.

“Президент атрофига бирлашайлик”

Фарғона вилоятининг Ёзёвон туманидан қўнғироқ қилган Холмурод ҳожи бўйсунмаслик ҳаракатига қўшилмаслигини айтар экан, аксинча президент атрофига бирлашиб, уни муаммолардан бохабар қилишга ҳаракат қилмоқлик керак, дейди.

- Президентимиз қарорларини сўзсиз бажаришни таъминлаш менинг мақсадим. Президент маърузаларини қатъий дастури амал сифатида фойдаланиш, конституцияга сўзсиз бўйсуниш, қонун ва кодексларнинг доирасидан четга чиққан ҳар қандай амалдор, маъмурларга жавобгарликка тортишга таъминлашни қилиш керакда. Порахўрликнинг олдини олиш учун ҳар қандай давлат идораларига ва бошқа ҳар қандай жойларга овоз ëзиш ëки яширин камералар, мобил телефон аппаратлари билан ўз ҳуқуқини ҳимоя қилиш мақсадида ëки содир бўлиши мумкин бўлган қонун бузилишини исботлаб бериш мақсадида олиб кириш қонун йўли билан белгилаб қўйилишини таъминлашимиз керак. Қайси идора ушбу буюмлар билан киришни тақиқласа, шу идорага порахўрлик ва қонун бузилиши учун имтиëз яратилган деб ҳисоблаш керак, деб ўйлайман.

Озодлик: Қайси идорага мобил телефонлар киритилмайди?

- Прокуратурага киритилмайди, кичкина район прокуратурасига ҳам, каттасига ҳам. Йўлда олиб қўйишади эшикнинг тагида. Судларга ҳам киритилмайди. Ҳеч қаерга киритилмайди. Мана масалан, конституциямизнинг 44-моддаси, 58-моддаси, 67-моддаларига умуман аҳамиятсиз қаралади. Масалан, 44-моддасида ҳар ким судда ўзини судга бериши мумкин дейилган. Лекин суд тўғридан тўғри қабул қилмайди. Прокурор ëки милициянинг нимаси билан қабул қилади. 58-моддасида жамоат бирлашмалари устидан назорат қилиш мумкин эмас дейилган. Жамоат бирлашмалари ҳар доим назоратда туради. 67-модда энди ўзингиз биласиз цензура. Мана шунақаларни биз чиқиб, тўғридан тўғри чиқиб президентга сизлар орқалими, ўзимизми чиқиб шуларни йўлга қўйсак, президентимизга ҳаммамиз бирга бирлашсак, ҳайда қилиб уруш-жанжал қилишнинг ҳожати қолмай қолади, дейди ëзёвонлик Холмурод ҳожи.


“Чегарадан ўтиш-келиш оғирлашмоқда”

дейди Тожикистон-Ўзбекистон чегара ҳудудида яшовчи, тожикистонлик. Тингловчи ўзбек чегарачиларининг ғайриинсоний муомаласидан одамлар кўнгли ранжиётгани ҳақида гапиради:

- Ўзбекистон билан Тожикистон чегара районларида яшаймиз. Чегарадан ўтишга бизга баъзи бир ҳолатларда тўғри келадида. Қариндош-уруғчилик. Менинг хотиним Ўзбекистондан.

Озодлик: Қайси чегара ҳудудидан?

- Бекобод. Ўзбекистонга ўтишда, келишда жуда катта муаммолар пайдо бўлади. Умуман солдатлар туришади. Биринчидан, навбат жуда кўпайиб кетадида. Ëш болалилар, қариялар, ҳаво иссиқ. Бир кунда нечта одам юраги нима бўлиб ўзини ташлаб юборади. Солдатлар тарафидан умуман бир эътибор йўқда. Улар ўзининг иши билан овора. Хоҳласа ўтказади, хоҳламаса йўқ. Агар иккита компютер ишлаб турса, шунақа очеред пайдо бўлмайди.

Озодлик: Қайси солдатларни назарда тутаяпсиз? Тожик солдатларими ўзбек солдатларими?

- Ўзбекистон пости. Тожикистон постида умуман муаммо йўқ. Шундай борасиз, паспортингизни кўрсатиб ўтиб кетаверасиз. Мана энди қўни-қўшничилик, ўзбекчилик, одам боради, бир нарса кўтариб боради, у ëқдан бир нарса олиб келади. Ҳозирги пайтда айниқса охирги кунлари умуман сумакдаги нарсаларни тортиб олаяпти. Телефон қилади. Бошқа ëқдан автомашинада бир тўда солдат келиб, шу ерда турган одамлардан ҳеч нарса сўрамайди, шартта қўлидаги сумкасини олади, кетади. Сумкасида нима бор денг. Бодринг, помидор бор данний моментда. Бир сетка помидор, бир сетка бодринг бўлади. Нормалний муомала эмасда. Инсон қаторида нима қилмайди. Қўлида автомат. Бир нарса деб бўлмайди, дейди тожикистонлик суҳбатдош.

**********************

Муҳтарам муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз, бизга қўнғироқ қилинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 773 267 230 рақамига йўлланг.

“Эркин микрофон” сизга мунтазир!

“Эркин микрофон” рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас!

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG