Линклар

Ургутлик савдогарлар норозилик акцияси ўтказди


Кейинги ойларда Ўзбекистон бўйлаб бозорларни кўчириш ишлари олиб борилмоқда.

Кейинги ойларда Ўзбекистон бўйлаб бозорларни кўчириш ишлари олиб борилмоқда.

Савдогарлар Самарқанднинг Ургут туман бозорининг бошқа жойга кўчирилишига қаршилик билдирди.


25 апрел куни ўтказлиган норозилик намойиши орқали ургутлик минглаб савогарлар Самарқанд вилояти Ургут тумани ҳокимияти талабини бажаришдан бош тортдилар. Ҳокимият туман марказидаги буюм бозорининг бошқа жойга кўчирилиши муносабати билан, савдогарлардан расталарни бўшатишни талаб қилган эди.

Ургут туман ҳокимлиги бунга норозилик билдирган савдогарларнинг талабини инобатга олиб, уларни вақтинча кўчирмасликка рози бўлди.

Бу ҳақда воқеани бевосита кузатаётган “Эзгулик” жамияти фаоли, ургутлик Саидкарим Набиев Озодликка маълум қилди.

- Аëллар норозилик билдириб чиқиш қилганда бозорда. Катта можаро бўлди. Раҳбарлар ўшани кеча кечқурун тинчитди,- деди Саидкарим Набиев.

Озодлик билан микрофонсиз суҳбатга рози бўлган ургутлик савдогарлардан бирининг айтишича, у янги бозор ҳудудидан савдо растаси олиш учун 12 миллион сўм пул берган, бироқ унга ҳали савдо ўрни ҳам беришмаган. Бозордаги савдогарларнинг қарийб ярмига янги бозор ҳудудидан жой етмаяпти, дейди у. Шунинг учун улар 25 апрел куни бозорнинг кўчирилишига норозилик билдиришган.

Саидкарим Набиев бозордаги савдогарлар билан суҳбатда бўлгани ва улар вазиятидан яхши хабардорлигини айтади.

- Ҳар бир тадбиркордан 15 миллиондан пул олиб тўртга учлик жой тайëрланди, лекин кам жой. Тахминан 2000тага яқин жой тайëрланган. Қолган тадбиркорларга жой йўқлиги сабабли пул олингану жой тайëрланмасдан кўчирмоқчи бўлишган. “Жой бўлмаса, қаерга бориб тадбиркорлик билан шуғулланамиз”, деб нотинчлик пайдо бўлган халқнинг ўртасида. Кейин иложи йўқлигидан раҳбарият йиғилиб келиб, босди-босди қилиб “сентябр ойигача жой тайëрлаб берамиз”, деб эски бозорнинг ўзига рухсат берибдилар. Янги бозордаги жойнинг нархи, мисол учун 6-7 миллион билан битадиган жойга 15 миллиондан босиб олишаяпти. Тахминан 20 миллионгача кетганда. Биринчи норозилик бундан. Иккинчи норозилик уч ярим миллиондан олиб бир метрли прилавка берамиз деб шуни ҳам қурмаганда. Қуруқ жойга “Мана шу ер сенинг еринг, марҳамат”, деб элтиб қўйган. Шунга норозилик пайдо бўлиб кўтарилиш бўлган,- дейди Саидкарим Набиев.

Ургут туман ҳокимининг биринчи ўринбосари Абдуғаффор Мадаров 25 апрел куни ургутлик савдогарлар билан шахсан учрашганини ва ортиқча шов-шув кўтаришга арзирли гап-сўз бўлмаганини айтади.

- Бу гап бўйича ҳаммаси жойида. Тўполон бўлгани йўқ. Просто жойдаги одамларга кўчинглар, дедик. Ҳали жойимиз тайëр эмас. “Бизнинг жойимизни тахлаб беринглар. Кейин биз кўчамиз”, дейишди. Бошқа гап-сўз бўлгани йўқ. Мана мен ўзим шу ерда эдим. Ҳеч қандай муаммо бўлгани йўқ. Тадбиркорлар “Тўлиқ қурилсин. Биз ўтамиз”, деяпти. Ўтишимиз керак бозорга. Бозорда қурилмаган жойлар бор ҳозир. Бир ҳафтага кечикиб турибмиз,- деди Абдуғаффор Мадаров.

Бу ишлар мутлақо қонуний бўлаётганини айтган Абдуғаффор Мадаровга кўра, Ургут туман марказидаги буюм бозори бошқа жойга кўчирилиб, катта савдо мажмуасига айлантирилаяпти.

- Мана бу Қинғир маҳалласида янги савдо комплекси ташкил қилинди. Ўша жойга ҳозир Ургут бозорини кўчираяпмиз. Президентимизнинг 10/136 қарорига асосан бозорларни савдо комплексига ўтказаяпмиз. Ҳаммаси қонуний,- деди Абдуғаффор Мадаров.

Туман ҳокимияти расмийси ургутлик савдогарларнинг манфаатларига зиён етказилмаслигини қўшимча қилди.

Озодлик олган сўнгги хабарларга кўра, ўнга яқин ургутлик савдогар ўз ҳақ-ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини сўраш ниятида мутасадди ташкилотлар эшигини қоққани Тошкентга кетишган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG