Линклар

26 апрел куни Европа Парламенти аъзолари ўзбек расмийлар ва фуқаровий жамият вакиллари билан учрашди.


Европа Парламентининг Ташқи алоқалар қўмитаси делегацияси Марказий Осиёнинг энг авторитар давлатлари сифатида кўриладиган Ўзбекистон ва Туркманистонга сафарини давом эттиряпти.

Европарламент аъзоси, италиялик сиёсатчи Паоло Бартолоззи бошчилигидаги делегация ташрифидан асосий мақсад бу мамлакатлар билан алоқаларни ривожлантириш имкониятларини ўрганиш ва инсон ҳуқуқлари аҳволига баҳо беришдан иборатдир.

26 апрел куни делегация аъзолари Тошкентда Ўзбекистон фуқаролик жамияти фаоллари билан учрашди. Тошкентдаги Эксперт ишчи гуруҳи раҳбари Суҳроб Исмоилов ҳам учрашувда қатнашди.

- Европа Иттифоқи ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорлик, уни муҳокама қилиш, фикр алмашиш жараëни бўйича одатий, диоимий бўлиб турадиган учрашувларнинг яна бир қисми бу. Шу бўйича келишган ва бугун биз билан, фуқаролик жамияти вакиллари билан учрашувнинг бошида ўзлари таъкидлаб ўтишганидек ҳукумат вакиллари билан кўпроқ улар муҳокама қилган масалалар Андижон воқеалари бўйича жабр чекканларга адолатли муносабатда бўлиш, шу воқеаларнинг мустақил текширувини ўтказиш масалаларини муҳокама қилишган. Бундан ташқари Ўзбекистонда мажбурий болалар меҳнати масалаларини, яна ундан ташқари қийноқлар масалаларини, қамоқхоналардаги аҳвол, ОАВларни эркинлаштириш, мана шунга ўхшаган масалаларни делегация вакилларининг сўзларига қараганда улар расмий учрашувларда кўтаришга ҳаракат қилишган.

Озодлик: Конкрет кимлар билан учрашишган?

- Бир гуруҳ Ўзбекистон парламенти қонунчилик палатаси депутатлари билан учрашдик дейишди. Бундан ташқари Ўзбекистон Омбудсмани Сайëра Рашидова билан учрашувда бўлишганини айтишди ва Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигида ким билан учрашганликлари маълум эмас. Лекин у ëқда ҳам учрашув бўлган.

Озодлик: Бугун сизлар билан бўлган учрашувда қанақанги масалаларни муҳокама қилдингизлар?

- Асосий уларни қизиқтирган масала ўзлари учрашув бошида айтиб ўтган расмий учрашувлар пайтида кўтарилган масалалар бўйича бизнинг фикримиз билан қизиқишди. Бу Андижон воқеалари, мустақил текширув ўтказиш имкониятлари мумкин ëки мумкин эмаслиги тўғрисида фикр, болалар меҳнати, ОАВларнинг аҳволи ва қамоқхоналардаги аҳвол. Бу бўйича фикрлар билан қизиқишди ва ундан ташқари умумий мазмундаги тавсияларимизга ҳам қизиқишди. Айнан Европа Иттифоқи Ўзбекистон билан ҳамкорликда нималарга эътибор бериши керак ва қайси соҳаларни қўллаб-қувватлаши мумкин бўлади,- дейди Суҳроб Исмоилов.

Делегация таркибида Европарламентнинг олти аъзоси, жумладан ташқи алоқалар қўмитасининг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили португалиялик депутат Анна Гомес ҳам бор.

Ташриф арафасида Анна Гомес хоним музокаралар чоғида асосий эътибор инсон ҳуқуқлари ва қонун устуворлиги масалаларига қаратилишини айтган эди.

- Ҳар қандай давлат, жумладан инсон ҳуқуқлари ва қонун устиворлиги билан боғлиқ вазиятни яхшилашга хоҳиши йўқ мустабид режимлар тарафидан бошқариладиган давлатлар билан ҳам ёпиқ эшиклар ёки изоляция сиёсати самара беришига кўпчилик ишонмайди. Асосий эътибор инсон ҳуқуқлари ахволига қаратилган бугунги музокаралар натижа беришига умид қиляпмиз, деган эди депутат Гомес .

Ўзбекистонлик ҳуқуқ ҳимоячи, Тошкентдаги Мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромов ҳам ЕИ–Ўзбекистон ўртасидаги мулоқот самарасига ишонади.

Туркманистонлик ҳуқуқ фаоли, ҳозирда Австрияда бошпана топган Фарид Тухбатуллин эса Европа Иттифоқи Марказий Осиё бўйича тутган мавқеини ўзгартириши керак деган фикрда.

- ЕИ у ердаги вазиятни яхши билади, лекин Марказий Осиё бўйича стратегиясини ўзгартирмайди. Фақат, мулоқот, мулоқот, мулоқот, 20 йилдан буён мулоқот. Лекин натижачи. Йигирма йил бу катта муддат, - дейди Тухбатуллин.

Европа парламентининг ташқи алоқалар қўмитаси Туркманистон билан шериклик ва ҳамкорлик шартномасини январ ойида маъқуллаган ва бу ҳужжатнинг тўлиқ ратификация этилиши учун йўл очган эди.

Лекин, мамлакатда инсон ҳуқуқлари борасида ўсиш бўлмаса ЕИ ҳужжатни ратификация қилмаслиги ҳам мумкин.

ЕИ Марказий Осиёнинг қолган тўрт давлати, жумладан Ўзбекистон билан аллақачон шундай шартномага эга.
XS
SM
MD
LG