Линклар

logo-print

Сид Янишев: Ўзбекистонда фақат русларга қийин эмас

  • Абдулла Искандар

Урлаеванинг уйига бостириб келган "норози аёллар" ҳуқуқ фаолининг "ёқасидан олишди".

Урлаеванинг уйига бостириб келган "норози аёллар" ҳуқуқ фаолининг "ёқасидан олишди".

"Россия" телеканалида намойиш қилинган "Махсус мухбир" кўрсатувида Ўзбекистонда "руслар ёмон яшаяпти", қабилидаги "танқид"дан кейин расмийлар бу кўрсатувда қатнашган респондентларга "чора кўриш"ни бошлади.


Ўзбекистонлик инсон ҳуқуқлари фаоли Елена Урлаеванинг уйига 25 апрел куни бостириб кирган бир гуруҳ аëл “Бор, Россиянгга кет”, деб таҳдид қилишган.

Бу ҳақда Озодликка айтган Елена Урлаевга кўра, тажовуз сабаби "Россия" телеканали прайм таймида (ҳамма кўрадиган пайтда) 24 апрел куни намойиш қилинган "Махсус мухбир" (Специальный корреспондент) кўрсатувига берилган интервью сабаб бўлган:

- Ғазабнок кайфиятдаги уч аëл эшикни дўмбира қилиб, чала бошлади. Очишим ҳамоно менга ташланишди. "Сен нега бизни ëмонлаб интервью бердинг, Ўзбекистон ëқмаса, Россияга йўқол", дейишди. Кўзи олайган биттаси эса ëқамга чанг солди. Уларни менга қарши гижгижлаган эркаклар гуруҳи эса уй олдида туришар эди.

Урлаева уларни суратга ола бошлагандан кейингина аëллар гуруҳи орқага чекинган. Милицияга телефон қилсам, бир соатда етиб келишди, дейди Урлаева.

"Урлаевани ўлдиршяпти" деган гапларга "кўникиб қолганини" айтган милиция капитани воқеа жойига бир соат кечикиб келди.
- "Урлаевани ўлдиришмоқчи деган иддаони бир йилдан бери юз марта эшитганмиз, ҳеч қиси йўқ", дейишди телефондагилар. Бир соатдан кейин келган милиционерлар тажовузкор ва ичиб олганга ўҳшаган аëллар гуруҳига қарши ҳеч нарса қилишмади,- дейди тошкентлик ҳуқуқ фаоли.

Елена Урлаева Россия телевидениясига берган интервьюсида бутун ўзбек жамиятига хос бўлган умумий муаммолар ҳақида гапирганини, аммо кўрсатувда бу гаплар фақат русларга оид бўлиб кўринганини айтади.

- Бундай кўрсатувни ўзбекистондаги барча ҳақида, тожиклар, қозоқлар ва албатта ўзбеклар ҳақида қилиш мумкин. Чунки муаммолар барчанинг елкасини эзаëтган юк. Айниқса, ўзбеклар. Мен кўрсатув мобайнида бор ҳақиқатни айтдим ва бу гапим учун таҳдид ҳам кечиккани йўқ, дейди Урлаева.

Ўша куннинг ўзида инсон ҳуқуқлари фаоллари Виктория Баженова ва Татьяна Давлатоваларнинг уйини ҳам “норози аëллар” босишган.
Бу ҳуқуқ ҳимоячилари ҳам "Махсус мухбир" телекўрсатувига интервю беришган эди.

24 апрел куни "Россия" телеканали прайм таймида намойиш қилинган "Махсус мухбир" (Специальный корреспондент) дастурида Марказий Осиë, ҳусусан Ўзбекистондаги руслар ëмон яшаяпти, деган танқид эфирга берилди.

Тошкентлик журналист Сергей Ежков 25 апрел куни ўзи нашр қиладиган сайтда бу кўрсатувга салбий муносабат билдириб, Ўзбекистонда руслар яхши яшаëтганини писанда қилди.

Тошкентлик журналист Сид Янишевга кўра, Ежков воқеликни бир оз бўрттирган.

- Ежков ўз мақоласида Россияга кетган ўғли ўз фарзандларига "киндерсюрпиз" деган қандолатни совға қилишга қурби етмаслигини мисол келтириб, Ўзбекистондаги руслар яхши яшайди деб таъкидлаган. Россияда яшаëтган ўзбекистонлик русларнинг мен билган барчаси ўз фарзандига ҳар куни қандолат олиб бера олади ва Ўзбекистонда яшовчи мен билган русларнинг ҳаммаси ҳам бундай совғани болаларига олиб беришга қурби етмайди. Гап шундаки Ўзбекистонда руслар эл қатори яшаяпти. Уларни рус бўлгани учун биров камситаëтгани йўқ. Қайтангга таëқ ўзбекларнинг бошида синяпти,- дейди журналист.

Сид Янишев Россия телевидениесида намойиш қилинган филмга муносабат билдирар экан Ўзбекистондаги муаммолар унда яшаëтган барча этник гуруҳлар учун муштарак эканлигини таъкидлади.

- Кўрсатувда бир ўзбекнинг бир рус қизини калтаклагани, исломий экстремистларнинг русларга қарши тажовузи сифатида талқин қилинди. Мен бу ҳолат кўрилган судда иштирок этганим боис бу нарсага ойдинлик киритмоқчиман. Рус қизни калтаклаган бола нашаванд бир тошкентлик эди. У ҳудди шу тарзда русга ҳам, ўзбекка ҳам, корейсга ҳам ташланиши мумкин эди. Боз устига унинг ўзи рус мактабини тугатган ва кучли диний тақвоси билан ажралмайди. Бу воқеани мусулмон насроний қизни урди деб талқин қилиш анчайин жўн талқиндир.

Сид Янишев назарида Ўзбекистонда русийзабонлар билан боғлиқ катта муаммо йўқ. Бу фикрни "Махсус мухбир" кўрсатувида қатнашган Марказий Осиё диаспораси вакили Гавҳар Жўраева ҳам қўллаб-қувватлади. Жўраева хоним Озодлик билан суҳбатда кўрсатувнинг Ўзбекистонга оид қисми ўта нохолис ва бир тарафлама эканини таъкидлади.

Ўзбекистонда русийзабонлар ва айниқса рус проваславлари ҳукуматнинг алоҳида ғамҳўрликларидан баҳраманд бўлишаëтгани ҳақида Тошкентдаги Янги Апостол черкови рухонийси Александр ота Пасха байрами куни Озодликка билдирган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG