Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 05:37

Киммо Килюнен: "Ҳисоботни 3 майда очиқлаймиз"


Ўш қирғинини ўрганиш бўйича халқаро комиссия раҳбари Киммо Килюнен.
Ўш қирғинини ўрганиш бўйича халқаро комиссия раҳбари Киммо Килюнен.
Душанба кунидан бошлаб Бишкекдаги интернет сайтларнинг бирида Ўш қирғинини ўрганиш бўйича халқаро мустақил комиссия хулосаси сифатида тақдим этилиб, нашр қилиниб келинаётган маълумотлар Қирғизистон сиёсатчилари орасида қўққисдан ёрилган бомба таъсирини пайдо қилди.

Мазкур маълумотларда Қирғизистон ҳукумати вакиллари, жумладан, президент Ўтунбаева, Муваққат ҳукуматдаги мудофаа вазири Исмоил Исақов, Ўш мэри Мелис Мирзақматов ва бошқа бир қатор танқили сиёсатчилар Ўш қирғинини тўхтатиб қолиш учун деярли ҳеч қандай ҳаракат қилмаганликлари айтилган эди.

Бироқ 27 апрел куни Ўш қирғинини ўрганиш бўйича халқаро мустақил комиссия раҳбари Киммо Килюнен интернетда нашр қилинган маълумотларни тан олмаслигини билдирди:

- Мен очиқ айтаман. Интернетда комиссия хулосаси сифатида тақдим қилиниб, нашр қилинган бирорта маълумотни тан олмайман. Бу бизнинг ҳисобот эмас. Чунки биз ҳозир ҳисобот устида ишни давом эттирмоқдамиз, -деди Киммо Килюнен.

Ўш қирғинини ўрганиш бўйича халқаро мустақил комиссия раҳбарининг айтишича, комиссия ўз ҳисоботини май ойининг бошларида жамоатчиликка тақдим қилади.

- 3 май, сешанба куни соат 3 да Бишкекдаги Кабар ахборот агентлигида биз бу борада матбуот анжумани ўтказамиз ва ўз хулосамизни жамоатчиликка тақдим этамиз. Биз расман хулосамизни эълон қилмагунимизча пайдо бўлган маълумотларни тан олмаймиз,-деди Киммо Килюнен.

Айни пайтда Ўш қирғинини ўрганиш бўйича халқаро мустақил комиссия хулосаси сифатида тақдим этилган маълумотларни чоп этган 24. kg ахборот агентлиги мазкур хужжат номаълум манбаалар орқали таҳририятга келтирилганини айтмоқдалар.

Қирғизистонлик сиёсатчилар орасида номаълум манбалар орқали тақдим этилган мазкур ҳисоботнинг чоп этилиши катта баҳсларга сабаб бўлди. Масалан, Муваққат ҳукумат томонидан 2010 йилда жанубий ҳудудлар бўйича вакил этиб тайинланган генерал Исмоил Исақов, Жалолобод вилоят коменданти бўлган Қубатбек Байболов каби сиёсатчилар бу маълумотларнинг чоп этилишини қораладилар ҳамда уни нохолис, дея баҳоладилар.

7 апрел инқилобидан сўнг Муваққат ҳукуматда Молия вазири вазифасини бажарган Темир Сариев эса, бу борада мана бундай фикр билдиради.

- 7 апрелдан кейин ҳукуматга ва раҳбарий ўринларга тайёргарлиги йўқ одамлар тайинланиб қолди. Бунга ўша пайтда иқтидорга келган сиёсий партиялар сабаб бўлди. Бундай шароитда ҳукумат ва раҳбарлар заиф бўлиб, Ўш қирғинининг олдини олиб қололмади. Шунинг учун ўш қирғинида ҳаммамизнинг озгина бўлса ҳам айбимиз бор, деб ҳисоблайман, -деди Темир Сариев.

Таркибига турли мамлакатлардан 7 олим кирган халқаро комиссия июн воқеалари сабабларини ўрганишни октябрда бошлаган ва январ охирида тадқиқот учун зарур материалларни йиғиб бўлгани тўғрисида эълон қилган эди.

ЕХҲТ парламент ассамблеясининг Марказий Осиё бўйича вакили, финляндиялик дипломат Киммо Килюнен етакчилигидаги комиссия БМТ, ЕИ ва ЕХҲТ билан маслаҳатлашувлар ўтказиш жараёнида тузилган. Лекин тилга олинган уч ташкилотдан биронтаси ҳам мазкур комиссияга ўз мандатини берган эмас.

Комиссия фаолиятини Скандинавия давлатлари, Европа Иттифоқи, АҚШ ва бошқа айрим давлатлар молиялаштирган.

Мустақил халқаро комиссиянинг Қирғизистон президентига тақдим этилган ҳисоботи мартда эълон қилиниши кутилган эди. Кейинги кунларда, ҳисоботнинг расман эълон қилинмаётгани уни рус тилига таржима қилиш зарурати билан изоҳланаётган эди.

Қирғизистон президенти матбуот котиби Султан Қаназаровнинг Озодлик радиоси қирғиз хизматига 25 апрел куни билдиришича, Комиссия ҳисоботи у билан ҳукумат танишиб чиқиб, ўз жавобини ёзиб бўлганидан кейин эълон қилинади.
XS
SM
MD
LG