Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 19:00

Сурия ҳукумати ҳаракатлари қораланмоқда


Суриядаги зўравонликларда 400га яқин тинч фуқаро ҳалок бўлгани айтилмоқда.
Суриядаги зўравонликларда 400га яқин тинч фуқаро ҳалок бўлгани айтилмоқда.

БМТ Бош котиби Бан Ки Мун Сурия ҳукуматининг тинч намойишчиларга қарши ҳарбий куч қўллаганини кескин қоралади. Айни пайтда Суриядаги хунрезлик аксинча ҳукуматга қарши намойишларнинг кучайишига сабаб бўлмоқда холос. Бироқ БМТ Хавфсизлик кенгаши томонидан Сурия ҳукуматини қораловчи баёнотни қабул қилиши учун кенгаш ичида муросага эришилганича йўқ.


Сурияда аксил-ҳукумат намойишларининг куч билан бостирилаётганига оид вазият БМТ Хавфсизлик кенгашида икки кундан бери муҳокама қилинмоқда.

Бир кун аввал БМТ Бош котиби Бан Ки Мун Суриянинг Дараа шаҳрида тинч фуқароларни танк ва жанговар қуроллардан ўққа тутган Дамашқ расмийларини кескин қоралади:

- Сурия масаласида: биз у ердаги воқеаларни яқиндан кузатяпмиз ва хавотирларимиз ошиб бормоқда. Тинч намойишчиларга қарши куч қўлланишини, айниқса юзлаб одамлар танклар ва жанговар қуроллардан ўққа тутилиб ўлдирилганини кескин қоралайман. Сурия расмийлари тинч фуқароларни ҳимоя қилиш ва халқаро инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилиш мажбуриятлари борлигини ёддан чиқарган кўринади. Бу ҳуқуқларга фикр эркинлиги ва тинч намойишлар ўтказиш ҳуқуқи киради,- деди БМТ раҳбари.

Бан Ки Мун ва БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгаши раиси Нави Пилай хоним Сурия бўйлаб давом этаётган намойишларда ҳукумат кучлари юзлаб фуқароларни ўлдиргани юзасидан мустақил текширув ўтказишга чақирмоқда.

Инсон ҳуқуқлари фаоллари олти ҳафта аввал президент Башар Ассад ҳукуматига қарши намойишлар бошланганидан бери мамлакат бўйлаб 400га яқин одам ўлдирилганини айтмоқда. Ўтган жума куннинг ўзида 120 нафар намойишчи ҳукумат қўшинлари томонидан ўлдирилгани хабар қилинди.

Ҳукумат зўравонликлари намойишларнинг тугашига эмас, аксинча норозиликларнинг янги шиддат билан авж олишига ҳисса қўшмоқда. Ислоҳотлар чақируви билан бошланган чиқишлар ҳозирда Ассаднинг ҳокимиятдан кетишини талаб қилаётган норозилкларга айланиб бўлди.

Сурия мухолифати етакчилари чоршанба куни президент Ассад ҳокимият тизимида демократик ўзгаришларни амалга оширмас экан, “оммавий инқилоб ҳаракати” унинг режимини ағдариб ташлайди, дея огоҳлантирди.

Бу баёнот Сурия ичкариси ва ташқарисидаги мухолиф кучларни бирлаштирувчи “Ўзгаришлар учун миллий ташаббус” номли гуруҳ томонидан эълон қилинди. Баёнотда демократик ўзгаришлар “миллатни зўравонлик, бошбошдоқлик ва фуқаролар уришидан сақлаб қолади”, дея таъкидланади.

Сешанба куни Бан Ки Мун Хавфсизлик кенгашининг ёпиқ эшиклар ортида ўтган мажлисида иштирок этди. Бу мажлисда Сурия ҳукуматининг тинч фуқароларга нисбатан куч қўллашини қораловчи баёнот лойиҳасини маъқуллаш бўйича муросага эришилмади. Баёнот лойиҳаси Британия, Франция, Германия ва Португалия томонидан илгари сурилди.

Дипломатларга кўра, вето ҳуқуқига эга Россия ва Хитой вакиллари Сурия ҳукумати ҳаракатларини қораловчи баёнотнинг қабул қилинишига қарши чиққан.

Хитойнинг БМТдаги вакили Ли Баодонг Суриядаги бўҳронга “сиёсий ечим топиш” тарафдори эканини баён қилди. Расмий Пекин баёнот “лойиҳасини батафсил ва жиддий тарзда ўрганади”, деди у.

Британия Мудофаа вазири Лиам Фокс сешанба куни Вашингтонга қилган сафари чоғида Сурия қўшинларининг тинч намойишчиларга қарши ҳарбий куч қўллаши қабул қилиб бўлмайдиган ҳолдир, деди.

- Сурия ҳукуматининг тинч фуқароларни ўлдираётганидан чуқур таассуфдамиз. Биз Сурия ҳукуматини мамлакатда сиёсий ислоҳотларни амалга ошириш ҳамда мамлакат халқига нисбатан куч қўлланмаслиги ва уларга тегишли тарзда муносабат бўлиши учун барча чораларни кўришга чақирамиз. Нафақат бизнинг мамлакатларимиз, балки халқаро ҳамжамиятнинг аъзоси бўлган ҳар қандай мамлакат шундай йўл тутмоғи шарт,- деди Лондон расмийси.

Айни пайтда сешанба куни БМТ Хавфсизлик кенгашининг ёпиқ мажлисдан кейин АҚШнинг ташкилотдаги вакили Сьюзан Райс Сурия режимининг иттифоқчиси бўлган Эрон намойишларни бостиришда Дамашқни қўллаб-қувватлаётганига ишора қилувчи фактлар борилигини баён қилди.

Райс тафслотларга тўхталмади, лекин Сурия режими Эрон расмийлари намойишчиларга қарши қўллаган “шавқатсиз тактика”дан фойдаланаётганини таъкидлади.

- Ўз халқи айтганларига қулоқ солиш ўрнига, президент Ассад сурбетларча ташқи кучларни айбламоқда ва айни пайтда Сурия фуқароларини репрессия қилишда Эрон режими қўллаган шавфқатсиз такникани ишга солиб, Эронннинг ёрдамидан фойдаланмоқда,- деди АҚШ дипломати.

Сурияинг БМТдаги вакили Башар Жаъфарий ҳукумат кучлари бегуноҳ фуқароларни ўлдираётганига оид иддаоларни рад этди.

- Агар тинч намойиш ўтказадиган бўлсангиз, ҳукумат сизни ҳимоя қилади. Аганр зўравонлик йўлини танласангиз, дунёнинг ҳар қандай давлатидаги ҳукумат, тинчлик ва тартибни сақлаш мақсадида бинолар ҳамда тинч фуқароларга нисбатан зўравонлик, бузғунчилик ва ҳужумларни тўхтатиш учун ихтиёридаги барча воситаларни ишга солади,- деди Дамашқ расмийси.

Сурия армияси Дараа шаҳрига фуқаролар илтимосига кўра, “экстремист террорчи гуруҳларни” йўқ қилиш учун бостириб кирганини иддао қилиб келмоқда. Сурия расмийлари шунингдек, youtube.com каби Инернет тармоқларида пайдо бўлган Сурия қўшинлари намойишчиларни ўққа тутуаётгани тасвирланган видео ё қалбаки, ёхуд Сурияга алоқаси йўқлигини таъкидлаб келмоқда.
XS
SM
MD
LG