Линклар

Жиззахда сувни исроф қилган жазога тортилади

  • Садриддин Ашур

Ўзбекистонда ерни суғоришда замонавий технологиялар қўлланилмагани боис, аксар ҳоларда сув исроф бўлишини айтади фермерлар.

Ўзбекистонда ерни суғоришда замонавий технологиялар қўлланилмагани боис, аксар ҳоларда сув исроф бўлишини айтади фермерлар.

Жиззах вилоятида сувни исроф қилган фермерлар жарима ва жиноий жавобгарликка тортилади. Вилоят расмийлари буни сув танқислигининг олдини олиш мақсадида кўрилган зарурий чоралардан бири, дея изоҳламоқда.


Жиззах вилояти ҳокими Сайфиддин Исмоилов Зарбдор туманида ўтказган йиғилишда жорий йилда сув танқислиги вужудга келиши мумкинлиги ҳақида гапириб, сувни мақсадсиз сарфлаганлар жазоланишидан огоҳлантирди, дейди зарбдорлик ҳуқуқ фаоли Зиёдилло Раззоқов:

- Ҳақиқатан ҳам ўша йиғилишда шундай масала қўйилибди. Бу йил сувни исроф қилган ҳар бир фермер хўжалиги раҳбарига энг камида еттита минимал иш ҳақидан бошлаб, охири жиноий жавобгарликкача жазоланади экан. Бу тўғри гап,- дейди жиззахлик ҳуқуқ фаоли Зиёдилло Раззоқов.

Бироқ, айни мажлисда қатнашган ва исми ошкор этилмаслигини илтимос қилган зарбдорлик фермерлардан бири деҳқоннинг сувни исроф қилмасдан ишлатишга имкони ҳам, иложи ҳам йўқ, дейди. Фермерга кўра, айни пайтда қишлоқ хўжалигига сарф этилаётган сувнинг камида 15-20 фоизи исроф бўлмоқда:

- Бўлмайди иложи йўқ. Германияда фермерлар сувни исроф қилмайди-да, тракторга ëки насосга улаб қўйганда кўчма қилиб суғориб юради, худди ғўзанинг тагига ташлагандай. Бизни сувимиз эса ариқдан бўлгандан кейин ариқ тошади, бошқа бўлади. Экиннинг боши сув ичадида, охири сувга тўймайди, у тўйгунча бошини захлатиб суғораверасиз. Кейин оқова тушиб кетади. Ўша оқовани ҳам улар исрофга санашяпти. Охири тўйиши учун оқова чиқиши керак. Биттаси олдин чиқади, биттаси кейин чиқади. Бунинг учун энди ерни 50 метр, 50 метр қилиб далани қирқиш керак. Унда энди култивацияга қийналади,- дейди зарбдорлик фермерлардан бири.

Жиззах туманидаги собиқ фермерлардан бири Мамиржон Азимовнинг айтишича, айни пайтда ўзбекистонлик деҳқонлар қишлоқ хўжалиги экинларини суғориш ишларида ўрта асрлардан қолган усулларни қўллаб келмоқда:

- Энди иложи йўқ. Ҳар суғорилгандан кейин культивация кириши учун ўша ариқлар кўмиб чиқилади. Кейин қайтадан шу ариқ яна олинаверади. Бу роса кўп ишда. Мутахассислар томонидан ўрганилган. Агар пахта эгати қанча узун бўладиган бўлса, пахтанинг боши сувга тўйиб бўлади, охиригача етиб бормайди. Натижада бошини сув уриб қўяди, охирига бориб пахта сувга қониқмай қолади. Шунинг учун фермерлар ўқариқларни калта-калта олишади,- дейди собиқ фермер.

Мамиржон Азимов сувни исроф қилишга қарши қаттиқ чоралар қўллаётган маҳаллий ҳокимиятдан хафа бўлмаслик керак, дер экан, сув танқислиги йилида бундай жарималарга эҳтиёж борлигини таъкидлайди:

- Лекин шундай қилмаса ҳам аҳвол оғир. Масалан, иккита фермер ўз ерини суғориб туриб, пахтадан чиққан сувни ташлаб қўйган бўлишлари мумкин. Шундай ҳолатда қолган фермерлар сувсиз қолиб кетади,- дейди Мамиржон Азимов.

Жиззах вилояти ҳокимининг қишлоқ хўжалиги ишлари бўйича биринчи ўринбосари Зайниддин Эшонқулов Озодлик билан суҳбатда сувни исроф қилган фермерлар қонун доирасида жазоланишини айтар экан, айни пайтда Ўзбекистон Вазирлар маҳкамасининг махсус қарори асосида сув танқислигининг олдини олиш бўйича зарурий чора-тадбирлар кўрилаётганини айтди:

- Сув танқислигининг олдини олиш учун пахтани сифатли текислаган ерга экдик бу йил. Бу 30-35 фоизга сув танқислигининг олдини олиб камайтиради. Кейин плëнка ташлаб экиш масаласи. Шунақанги чора-тадбирлар бор. Суғорилган майдонларнинг устига сомон ташлаб сув танқислигининг олдини олиш чора-тадбирлари бор. Қўшимча 37та янги насослар ўрнатиб ички зовурлардан сув олиш расчëтларимиз бор,- дейди Жиззах вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари Зайниддин Эшонқулов.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG