Линклар

Аёли ўзига ўт қўйган тўрткўллик ўқувчиларни гаровга олди


Хотини ўзига ўт қўйганидан кейин мактабни гаровга олган тўрткўллик ҳибсга олинганини ички ишлар ходими тасдиқлади.

Хотини ўзига ўт қўйганидан кейин мактабни гаровга олган тўрткўллик ҳибсга олинганини ички ишлар ходими тасдиқлади.

Ўтган ҳафта Қорақалпоғистоннинг Тўрткўл шаҳар ҳокимияти биноси олдида тўрткўллик бир аёл маошини вақтида ололмаётганига норозилик ўлароқ, ўзига ўт қўйиб ҳалок бўлди. Марҳуманинг Россияда ишлаётган эри воқеадан хабар топгач, қайтиб келди ва хотини ишлаган мактабнинг бўлим мудирини ов милтиғидан отиб, ярадор қилди.


Воқеага гувоҳ бўлган тўрткўлликлардан бирининг Озодликка айтишича, Тўрткўлдаги мактаблардан бирида фаррош бўлиб ишлаган аёл ойлик маошлари пластик карточкага ўтказилганидан шикоят қилиб ва уй қургани ер сўраб, Тўрткўл туман ҳокимлигига борган.

Воқеа гувоҳининг айтишича, ҳоким томонидан қувиб-солинган аёл кўчага чиқиб, ўзига ўт қўйган.

- Қорақалпоғистоннинг Тўрткўл районида битта хотин ҳокимиятга борган ер участкаси сўраб. Ҳоким унга “Менинг ëнимга сенга ўхшаган мингтаси келади. Туғдирган жой сотиб олиб берсин сенга”, деб уни ҳайдаб юборган. “Унда мен ўзимни ўзим ëқиб юбораман. Мактабда ишлайман мен. Иш ҳақимни пластикка ўтказди. Чўнтагимда пулим йўқ”, деган. Ҳоким “Бор арзингни кимга айтсанг айт”, деган. “Сиз ҳокимсизку. Мен сизга айтиб турибман”, деса, “Бор тошингни тер”, деган ҳоким. “Унда ўзимни ўзим ëқиб юбораман”, деган ҳалиги аëл. Шундай қилиб ҳалиги аëл кўчага чиқиб устига бир литр бензин қуйиб ўзини ўзи ëқиб юборган,- дейди воқеа гувоҳи.

Тўрткўл туман Ички ишлар бўлими ходими бу воқеа содир бўлганини тасдиқлади.

- Аёл ўзига ўт қўйган, бироқ сабаблари ҳозирча маълум эмас. Суриштурув давомида ўрганаяпмиз. Бу аёл воқеа жойида ўлди,- деди Тўрткўл ИИБ ходими.

Ўзига ўт қўйиб ўлган аёлнинг исми-шарифи Озодликка ҳозирча маълум эмас.

Тўрткўлдаги манбага кўра, марҳуманинг Россияда мардикорлик қилаётган эри воқеадан хабар топгач, Тўрткўлга қайтиб келган ва хотини ишлаётган мактабга бориб, илмий бўлим мудири ва 20 нафар ўқувчини гаровга олган.

Фахриддин Қутлиев ўзи билан олиб келган ов милтиғидан “мактабнинг илмий бўлим мудири ва ўзининг синглисини отиб ярадор қилди”, дея гапириб берди воқеа гувоҳи.

- Эри Россияда бўлган. Эри келиб мактабдаги завучни гаровга олиб, завучни милтиқ билан отган. Уни тўхтатиб қолишга ҳаракат қилган ўзининг синглисини ҳам отган милтиқ билан. Кейин Тошкентдан ОМОНлар келиб оëғидан отиб ушлаб олиб кетган. 300тами 400тами милиция келиб одамларни чиқармай шундай мактабни босиб олиб, саккиз соат деганда уни ушлаб олганлар. Иккинчи этаждан милтиқ чиқариб “яқинлашсанглар отаман”, деб милтиқдан беш-олти марта ўқ узган. У кишини синглиси “Мен тўхтатаман”, деб мактабининг дарвозасидан кириб боришда “қайт изингга”, деган. У қайтмаган. Уни ҳам қайтмагандан кейин елкасидан отган,- дейди ушбу воқеага гувоҳ бўлган тўрткўллик суҳбатдошимиз.

Тўрткўл туман ИИБдан олинган маълумотга кўра, марҳуманинг эри ва гаровгир Фахриддин Қутлиевга нисбатан Ўзбекистон жиноят кодексининг 97-моддаси яъни “Қасддан одам ўлдириш” бўйича жиноий иш очилган.

- Фахриддин Қутлиев ҳозир ҳибсда, у мактаб бўлим мудирини ов милтиғидан отиб, ярадор қилган. Бўлим мудирининг ҳозир аҳволи яхши. Фахриддин Қутлиевга нисбатан 97-модда бўйича иш олиб борилаяпти,- деди Тўрткўл туман ИИБ ходими.

Озодлик воқеа тафсилотларини ўрганишда давом этади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG